Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахдаги “Ишга марҳамат” мономаркази аҳоли хизматида
21 август 2021 г 2 132 Комментарии: 0
Қуввати бир вақтнинг ўзида 490 ўринли бўлган Жиззах шаҳридаги “Ишга мархамат” мономаркази собиқ Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилиб, мономарказ фаолият юритаётган бинони таъмирлаш ва жиҳозлашда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 14 миллиард 400 миллион сўм ва Жаҳон банкининг 1 миллиард 145 миллион сўмдан ортиқ маблағлари жалб этилди. Марказ бугунги кунда қайта реконструкция қилиниб, “WORLD SKILLS” талаблари асосида тўлалигича қайта жиҳозлаш ишлари якунига етказилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибий тизимига кирувчи банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида 5 та хизмат тури, 22 турдаги касбга ўқитиш ва 5 та тил ўргатиш курслари фаолият юритмоқда.
Мономарказда “Ёшлар дафтари”га киритилган бандлиги вақтинча таъминланмаган жиззахлик йигит-қизлар учун сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 8 та, техник соҳа бўйича 7 та, қурилиш соҳаси бўйича 5 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 та касб турлари ташкил этилган.
Шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш курсида рус, инглиз, корейс, хитой ва япон тиллари, рақамли технологияларни ўргатиш курсида эса компьютер саводхонлиги, дастурчи 1С бухгалтерия мутахассисликлари ўргатилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик асослари бўйича қисқа муддатли ўқув курси ва миграция хизматлари мавжудлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Айни пайтда мономарказда 24 та касб-ҳунар ва 3 турдаги тил ўқув курсларида 317 нафар банд бўлмаган ёшлар ўқитилиб, касб-ҳунарга ўргатилаётир.
– Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги тантаналари Жиззахда аллақачон бошлаб юборилди, – дейди тадбирда иштироок этган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокими ўринбосари Н.Мухторова. – Бугун Жиззах шаҳрида расман очилган “Ишга марҳамат” мономаркази Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги байрамига ёшларимиз учун ажойиб совға бўлди. Бундай марказларни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад – нафақат ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиб, сертификат бериш, балки уларни меҳнат бозорида рақобатбардош касбни ўзлаштирган, юқори малакали мутахассис сифатида етиштиришдан ҳам иборатдир.
Келгусида ҳудудда мавжуд корхона ва ташкилотлар билан касбга тайёрлаш бўйича шартномалар тузиш, иш берувчи талабига асосан мутахассис тайёрлаш ва малакани баҳолаш маркази фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!