Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фориш туманида яна бир янги корхона фаолиятини бошлади
30 август 2021 г 973 Комментарии: 0
Фориш туман 3-сектор ҳудудидаги “Ўзбекистон” маҳалласида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “DONA TEXTILE” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди.
Янги корхонанинг очилиш маросимида Жиззах вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдивали Мустанов, меҳнат фахрийси, тадбиркор Турғун хожи Кўчкинов сўзга чиқди. Тадбирда туман ҳокими Икром Матиев иштирок этди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик қутлуғ тўйи нишонланаётган кунларда туман ҳудудида кўплаб ижтимоий ҳамда ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилаётганига эътибор қаратишди. Бугунги синовли кунларда тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш орқали иш ўринларини яратиш алоҳида аҳамият касб этади. Бунинг замирида аҳолимизни, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи мужассам эканлиги таъкидланди.
Тадбир жараёнида кенг жамоатчилик вакиллари корхонада ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Қишлоқлардан қатнаб ишловчи ишчилар учун автобус ажратилган. Бепул тушлик берилиши йўлга қўйилган. Тадбиркор Жасур Ражабов томонидан мазкур корхонани бунёд этиш ва жиҳозлашга 10 миллиард 890 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Замонавий тикув корхонасида 205 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва ошириш ҳисобига корхонада яна қўшимча иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!