» » Байрам кунлари Жиззахдаги 10 та маҳалла янги бинога кўчиб ўтди

Байрам кунлари Жиззахдаги 10 та маҳалла янги бинога кўчиб ўтди

02 сентябрь 2021 г 889 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллик тантаналари кенг нишонланаётган айни дамларда Жиззах вилоятида бир куннинг ўзида 10 та маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари учун янгидан барпо этилган бинолар фойдаланишга топширилди.

Мамлакатимизда маҳалла атамаси давлат шаклланишидан ҳам аввалроқ пайдо бўлган бўлса ажаб эмас. Маҳалла – азал-азалдан миллий қадриятларимиз, эзгу амалларимиз, яхши қўшничилик муносабатлари маскани бўлиб келган. Меҳр-оқибат кўрсатиш, эҳтиёжмандларга ёрдам, муҳтожларга кўмак, бемор бўлиб ётиб қолган ва ёлғиз нуроний маҳалладошлар ҳолидан хабар олиш, тўй-маърака, ҳашару ҳосил йиғимларини кўпчилик билан бамаслаҳат, биргаликда ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бир-бирига ҳамдард, ҳамфикир бўлиш каби халқимизга хос урф-одат ҳамда анъаналаримиз ҳам айнан маҳаллаларимизда сақланиб, янада сайқалланиб келаётир.

Президентимизнинг маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларига бераётган эътибори натижасида ушбу тизимда жуда катта янгиликлар, ўзгаришлар ва энг муҳими ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган ишлашнинг янгича – “маҳаллабай” тизими ҳам аҳоли муаммолари ечимининг асосий калити экинлиги амалда ўз исботини топди.

Президентимиз ва ҳукумат томонидан қаратилган мана шундай эътибор самарасида бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Жиззах вилоятида 10 та маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари янги ва замоний кўринишда қуриб битказилди.

Жиззах шаҳридаги 4 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрам тантаналарини янгидан барпо этилган биноларида нишонлади.

Шу муносабат билан “Ўратепалик”, “Бунёдкор”, “Боғишамол” ва “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган байрам тадбирларида Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг ўринбосари Н.Мухторова, Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, маҳалла фуқаролари ва ёшлар иштирок этди.

Жиззах шаҳрида бугунги кунда 34 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, шундан 13 таси ўз биносига эга эмас эди. 4 та маҳалла бугун фойдаланишга топширилган бўлса, қолган маҳаллаларда ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда.

Мазкур маҳаллаларнинг барчаси давлат хусусий шерикчилик асосида бунёд этилган.

Ғаллаорол туманида эса 6 та маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари янги бинода иш бошлади.

Бугунги кунда туманда 29 та МФЙ ва ҚФЙ бўлиб, шундан 15 таси ўз биносига эга. Қолган маҳаллаларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Туман марказдан 100 километр олисликда жойлашган Ғаллаоролнинг энг чекка ҳудуди – “Жийдали” қишлоқ фуқаролар йиғини биносининг фойдаланишга топширилиши – қўшалоқ байрам сифатида кенг нишонланди.

ҚФЙ биносининг тантанали очилиш маросимига бош-қош бўлган нуроний отахону онахонлар маҳаллий тадбиркорлар ёрдамида барпо этилган бинода яратилган шарт-шароитлардан мамнун бўлдилар ва бино қурувчи-муҳандисларию ҳомийлари ҳаққига дуолар ўқилди.

Тумандаги янгидан қурилиб фойдаланишга топширилган яна бири “Коризқудуқ” маҳалла фуқаролар йиғини биноси бўлиб, бу ернинг аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. “Коризқудуқ” деган манзил пайдо бўлганига неча 100 йиллардан ошибдики ҳам маҳалла ўз биносига эга эмас эди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва шубҳасиз мустақиллик шарофати билан энди коризқудуқликларнинг ҳам борадиган жойи, маҳалла биноси бор. Қишлоқ оқсоқоллари, бинони аҳоли учун, маҳалла раисию ўринбосари, фаолларию ходимларининг кўнгилдагидек ишлашлари, аҳоли қабули учун зарур шароитларни яртиб, хусусий шерикчилик асосида қуриб битказиб берган инсонларнинг қўллари дард кўрмасин, дея дуо қилди.

Тумандаги мустақиллик байрами нишонланаётган кунда фойдаланишга топширилган “Ғўбдин” МФЙ биноси ҳам жуда гўзал тарзда қурилиб, боғи ва томорқасига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Ҳовлига киришингиз билан маҳалла тизимига оид янгиликлар, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, ташаббус ва изчил давом этаётган ислоҳотлари ҳақидаги кўргазма баннерлари эътиборингизни тортади.

Қўшалоқ байрамни нишонлаётган “Ғўбдин”ликларнинг юзида эса қувонч ва эртанги кунга бўлган ишонч акс этиб турибди.

Замонавий кўринишда бунёд этилган “Хонимқўрғон” МФЙда ходимлар ва маҳалла аҳли учун қулай шароитларнинг барчаси мужассам. Бинода маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари хонаси замонавий технологиялар билан таъминланган. Қўйингки, бу ерда кузатув камералари ҳам ўрнатилган бўлиб, ҳудуддаги ҳар қандай ҳолат ва жараённи кузатиб туриш учун марказий мониторинг ҳам ўрнатилган.

Бугунгидек муборак байрам кунларида “Қашқабулоқ”ликларнинг хурсандчиликлари ҳам чексиз. Чунки неча йиллардан буён биносиз юрган маҳалла ходимлари ва фуқаролар ҳам энди ўз биносига эга бўлди.

2-сектор ҳудудига қарашли “Қашқабулоқ” МФЙда ҳозир бўлган нуронийлар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар маҳалла биноси замонавий кўриниш ва энг сўнги русумдаги жиҳозлар билан таъминланганини алоҳида таъкидлади.

Бугун ўз биносига эга бўлган Ғаллаорол туманидаги “Бахт” МФЙ фуқаролари ҳам чинакамига бахтли. Энди уларнинг ҳам ўз маҳалла биноси бор. Маҳалла учун бунёд этилган бино тантанали очилиб, жонкуяр касб эгаларига топширилди.

Нуронийлар қўл очиб, бу бино ва унда фаолият юритаётган ходимлар фақат яхшилик учун, Юртбошимиз бошчилик қилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиш, ижросини таъминлаш учун, халқнинг қувончу шодлиги, ташвишу муаммоларини бартараф этиш йўлида хизмат қилишдан чарчамаслигини, ушбу маскан халқнинг энг суюкли жойига айланишини Яратгандан сўраб, дуо қилди.

Туманда ташкил этилган “Ғўбдин”, “Қашқабулоқ”, “Хонимқўрғон” ва “Бахт” маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларининг бинолари давлат бюджети ҳисобидан бунёд этилганини ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз.

Хулоса қилиб айтганда Жиззах вилоятидаги маҳаллаларнинг 10 таси мамлакатимиз мустақиллиги тантаналарини янги биноларда нишонламоқда.

А.ҚАЮМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!