» » Давлат тили байрами яқин, сиз уни қандай кутиб олмоқдасиз?

Давлат тили байрами яқин, сиз уни қандай кутиб олмоқдасиз?

14 сентябрь 2021 г 646 Комментарии: 0

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга келиб ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига етди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.

Собиқ иттифоқ ўзининг сўнгги йилларини яшаётган бир вақтда, яъни ўтган асрнинг 1989 йили 21 октябрь санасида мамлакатимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга кўра Ўзбек тилига – Давлат тили мақоми берилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” қабул қилинган қонунининг 1-моддасига асосан ҳар йилнинг 21 октябрь куни – Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Мана шу санага ҳам саноқли кунлар қолди.

Хўш юқорида зикр этилган ЎРҚ-615-сонли қонун ижросини таъминлаш борасида жойларда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида Зомин туманида бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.

Жумладан, туманда мазкур қонун ижросини таъминлаш ва 21 октябрь – Ўзбек тили байрами олдидан кўча ва хиёбонларда, тураржой масканлари ва маҳаллаларда кўзга кўринарли тарзда ўрнатилган баннерлар, реклама ва пешлавҳалар бўйича ишчи гуруҳи томонидан тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида кенг миқёсда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик.

Яқинда туман марказидаги тадбиркорлик субъектлари биноларига ўрнатилган пешлавҳалар, ташқи ёзувлар, реклама ва эълонларнинг ҳолати ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди. Ушбу ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилиб, амалий чора-тадбирлар кўрилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Хусусан, кирил алифбоси ва бошқа хорижий тилларда битилган пешлавҳа, ташқи ёзув, реклама ва эълонлар – лотин алифбосида ўзбек тилида ўрнатиб чиқилди.

Қонун ижросини таъминлашга барча бирдек масъулият билан ёндошса, тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар, хусусий корхона эгалари ўртасида тўғри тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилса, бу борада ижобий натижа қайт этилиши осонлашган бўлар эди.

Она тилимиз байрами тобора яқинлашмоқда. Шундай экан, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб, у ерда қандай ишлар амалга оширилаётгани хусусида фото-лавҳа ва мақолалар беришда давом этамиз.

 

А.ҚАЮМОВ,  Ж.ЁРБЕКОВ (сурат)

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!