» » Отингдан айрилсанг ҳам, жаккамикингни бузма

Отингдан айрилсанг ҳам, жаккамикингни бузма

21 сентябрь 2021 г 766 Комментарии: 0

Тарихдан маълумки, инсоният ҳаётида турли уй ҳайвонлари муҳим аҳамиятга эга бўлган. Қадимда биргина ит ва отнинг қўлга ўргатилиши дастлабки кишилик жамияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Отлар инсоният ривожига асрлар давомида хизмат қилган садоқатли жонивор сифатида тарихга муҳрланган.

Бугун отнинг ўрнини техника тараққиёти маҳсули – автоуловлар эгаллаб, отларга бўлган эҳтиёж анчагина сусайган пайт. Шу боис отлар билан боғлиқ қадриятларимиз ва урф-одатлармиз йўқолиб бормоқда. Шунга қарамасдан, миллий анъаналаримизга содиқ қолиб, ёшлигидан от чоптириб катта бўлган юртдошларимиз жуда кўп ва улар орасида Жиззах вилояти ФВБ ҳарбий хизмачилари ҳам бор.

От – ҳосиятли жонивор. Ривоятларга кўра, у эгасининг хонадонига ризқ тилар экан. Халқимизда «Отингдан айрилсанг ҳам, жаккамикингни бузма», деган нақл бор. Жаккамик – якка мих, яъни, от боғлаш учун фойдаланиладиган бақувват ёғочдан қилинган қозиқ ҳисобланади. Узунлиги уч метргача етадиган жаккамикни, одатда, янги ҳовлига кўчиб ўтган уй эгалари оти бўлмаса ҳам келажакда бизнинг ҳовлида ҳам от ризқ бўлиб турсин, деган яхши ният билан ўрнатишади.

Яна от ақлли бўлади, дейишади. Кўпчилик отлар одам танлайди. Ёқтирмаган кишисини яқин йўлатмайди. Айниқса, улоқчи отларда бу хусусият кучли. Шунинг учун ҳам қадимдан ота-боболаримиз от парваришлашга алоҳида эътибор қаратиб келишган. Бу анъана ҳанузгача сақланиб қолмоқда.

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи капитан Бахтиёр Мансуровни вилоятда яхши танишади. Уни нафақат фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида кўп йиллик хизматга эга ходим сифатида, балки, ҳар томонлама соғлом, чиниққан ва бақувват инсон сифатида ҳам қадрлашади. Бахтиёр аканинг ўзидан сўрасангиз, буни от спорти билан боғлайди. “– Отлар жуда покиза жониворлар бўлишади, – дейди у – ҳақиқатан ҳам бошқа жониворларга қараганда тоза юради. Мабодо бирор кун сайисхона тозаланмай қолса, отлар безовта бўлади, улар ҳар қандай жойда думаламайди. Азалдан от ва инсон ўртасида қандайдир яқинлик бор. Ота-боболаримиз ҳатто фарзанд тарбиясида ҳам отдан унумли фойдаланишган. Шубҳасиз, отнинг устида ўтирган инсоннинг руҳияти соғломлашади. Баландлик одамни сергаклантиради. Уни бошқариш жараёнида абжирлик ва жасурлик ҳисси ортади. Эгар устида ҳушёр бўлади. Унинг тез чопиши инсонни чиниқтиради.

Бошқармада хизмат қилаётган ёшларга Бахтиёр ака ўрнак бўлиб келмоқда. Ёшлар Бахтиёр акадан нафақат хизмат сирларини, балки соғлом ва бақувват бўлиш учун чавандозлик сирларини ҳамда от парваришлашни ҳам ўрганишади.

От спортини яхши биладиган ходимларнинг яна бири Тезкор бошқарув маркази смена бошлиғи капитан Азамат Санақуловдир. Ёшлигидан билим олишга қизиққан Азамат собиқ ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби, ҳозирги ФВВ Академиясига ўқишга кирди. Ўқиш давомида ўзининг зукколиги, қатъияти билан устозлар ва курсдошлари меҳрини қозонди. 2015 йилда Олий мактабни муваффақиятли тамомлаб, Навоий кон металллургия комбинати ЁХБда смена бошлиғи лавозимида иш бошлади. Бу ерда ҳам ўзининг билими ва истеъдоди билан раҳбарлар ишончини қозонган Азамат 2019 йилда Жиззах вилояти ФВБ тезкор бошқарув маркази смена бошлиғи этиб тайинланди. Ҳамкасблар, ҳатто яқин дўстлари ҳам Азаматнинг бирон марта касал бўлганини эслай олишмайди. У жисмонан бақувват, чарчаш нималигини билмайди. Чунки, у бўш вақтида от спорти билан шуғулланади. «От минишнинг ўз гашти бор, – дейди у – бирон марта от миниб кўрмаган инсон буни тушунмайди. От устида инсоннинг ўзига бўлган ишончи ортади. Юксак марраларни эгаллашга қодирлигини ҳис этади.»

Бошқармада от спортини севадиган яна бир инсон бор. У Бахмал тумани ФВБ бўлинма бошлиғи катта лейтенант Шерзод Ҳасанов.
Отларнинг тури ва сони жуда кўп. Уларнинг тоза зотлисини қандай ажратиш мумкин, дея мурожаат қилганимизда, шундай жавоб олдик: «Одатда, отларни кўпркарида синашади. Чунки, ҳар қандай отнинг оёқ олиши улоқда маълум бўлади, – дейди Шерзод Ҳасанов, – йилқини шу тариқа синовдан ўтказиш аждодларимиздан қолган. Кўпкари кўп асрлик мусобақа. У азалдан туркий халқлар ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Унда отлар билан биргаликда полвонларнинг ор-номуси, ғурури, абжирлиги ва довюраклиги синовдан ўтказилган. Полвонлик қондан ўтади. Ота-боболари чавандоз ўтган бўлса, албатта, авлодларнинг бири от чопади.»

Отлар ҳайвонлар ичида энг ақллиси ҳисобланади. Отлар одамларнинг ташқи кўринишидан кайфиятини билишар экан. Вафодорликда итлардан кейинги ўринда туради. Отлар эгалари вафотидан кўп ўтмай, очликдан нобуд бўлганига ҳаётда кўп бор гувоҳ бўлишган. От миниш соғлик учун фойдали, айниқса, эркаклар учун. Киши от минганида танасининг барча аъзолари, ҳатто, оёқ учларигача ҳаракатга келади, бу эса қон айланишини яхшилайди.

Фикр қилиш ўзингиздан. От мингингиз келдими, унда шошилинг. Лекин бир нарсани унутманг, отлар қўрққанингизни ҳам билишади. Шундай экан, қўрқмасликни тавсия қиламиз. Зийрак ва ҳушёр бўлинг. Отлар хушмуомалаликни ёқтиради. Ризқ ва барака излаган инсонларнинг уйида от бўлади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!