Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоятининг ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳаси доирасида қурилаётган янги сув иншоотларига пресс-тур ташкил этилди
05 ноябрь 2021 г 1 093 Комментарии: 0
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан «Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш» лойиҳаси доирасида қурилаётган янги сув иншоотларига пресс-тур ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этган тадбирда Жиззах вилояти аҳолисини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан вилоят сув иншоотларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги «Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик сув билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан қиймати 579,5 миллиард сўм бўлган «Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида бугунги кунга қадар 394,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 1-кўтариш насос станцияси, сув тиндиргичи ҳамда «Узунбулоқ» сув тозалаш ва узатиш иншооти қурилди.
Пресс-турнинг дастлабки объекти яқинда қуриб фойдаланишга топширилган «Узунбулоқ» сув тозалаш иншооти бўлди.
Қуввати бир кеча-кундузда 100 минг м3 бўлган сув иншооти SCADA автоматлаштирилган тезкор-диспетчер бошқаруви тизимида ишлайди. Техника ва технологиялар асосан Швеция, Германия ва Туркиядан келтирилган. Иштирокчиларга иншоотдаги махсус лаборатория бўлимлари, сувни тозалаш ва уни қайта ишлаш механизмлари, фильтрлаш ускуналари ҳақида ҳам маълумот берилди.
1-кўтариш насос станциясидан «Узунбулоқ» сув тозалаш ва узатиш иншоотигача 16,6 километр ҳамда «Узунбулоқ - Гагарин» магистраль ичимлик сув тармоғининг 77 километр қувури ётқизилган. Қолаверса, «Жиззах» сув тақсимлаш иншооти қурилиб, иншоотдан Жиззах шаҳридаги «Ўзбекистон» сув иншоотигача 4 километр магистраль ичимлик сув қувури ҳам ётқизиб бўлинган.
– Ҳозирда «Ўзбекистон» сув иншоотидан шаҳарнинг 7 та (Ҳ.Олимжон, Навоий, Улуғбек, Кимёгар, Маданият, Сулоқли, Қалия) маҳаллаларига узлуксиз ичимлик сув етказиб беряпмиз, – дейди «Жиззах сув таъминоти» МЧЖ директор ўринбосари Дилшод Зиёев. – Ушбу лойиҳани фойдаланишга топшириш муддати 2022 йил 1 декабрь. Лойиҳа ишга тушиши натижасида вилоятнинг 7 та (Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳар) ҳудудларидаги 625 минг (вилоят аҳолисининг 45 фоизи) нафар аҳолига тоза ичимлик сув етказиб берилади.
Тадбир давомида сув иншоотида журналист ва блогерлар учун ташкил этилган брифингда олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.
Кейинги манзил Самарқанд ва Жиззах вилояти чегарасида жойлашган Зарафшон дарёсидан келиб қўшилган Туя тортар каналида қурилган 1-кўтариш насос станцияси бўлди. Асосий сув манбаси бўлган станция ҳақида маълумотлар берилиб, лойиҳа доирасида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
– Жиззах вилоятида 2021 йил 1 январь ҳолатига жами 1,4 миллион аҳолининг 759 минг нафари марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, – дейди «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Вилоятга биргина жорий йилнинг ўзида 217,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб 33 та маҳаллаларда 396,3 километр ичимлик сув тармоғи қурилмоқда. Натижада 173,3 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланади ва 141,3 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади. Вилоятдаги жами 604 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 29 таси тўлиқ марказлашган ичимлик сув билан таъминланган, 296 таси қисман таъминланган ва 279 таси таъминланмаган, муқобил (булоқ, сой, качалка ва ташиб етказувчи) ичимлик сув манбаларидан фойдаланилади. Мана шу лойиҳалар доирасида мақсадимиз аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилашдир.
Шунингдек, «Жиззах сув таъминоти» МЧЖ мутахассислари соҳадаги янгиликлар, тўлов маданияти, кадрлар масаласи, марказлашган ичимлик сув таъминотидаги муаммо ҳамда сабаблари ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берди.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!