Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ер ажратиш тизимидаги муаммолар ва уларга ечимлар
08 ноябрь 2021 г 1 197 Комментарии: 0
Мамлакатимизда ер муносабатларини такомиллаштириш, ер майдонларини ажратишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш, ер ресурсларидан фойдаланишда замонавий бозор механизмлари жорий қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан ерга оид муносабатларни тартибга солиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш борасида улкан жонбозлик кўрсатиб келинмоқда.
2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонФармони ер майдонларини ажратишда мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим қадам бўлди.
Мазкур Фармоннинг асосий мақсади ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муомаласининг объекти сифатида эркин муомалага киритишдан иборат.
Фармоннинг 5-бандига кўра,қонунчилик ҳужжатларида ушбу Фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилинган.
Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланган.
Ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сонли қарори билан “Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ер участкаларини бериш бўйича материаллар тўплаш, кўриб чиқиш ва келишиш тартиб–таомилларини амалга ошириш учун “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими қайта ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Жумладан, электрон онлайн-аукцион ва очиқ танловга қўйиш учун ер участкаларини танлаш, келишиш, аукцион ва танловда иштирок этиш учун мурожаатларни қабул қилиш, аукцион ва танловни ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар, истисноларсиз фақат электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига доир барча қарорларини қабул қилиш улар томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон — «E-qaror» тизими орқали, ушбу қарорларда ер участкасига доир географик маълумотлар ва хариталарни шакллантириш эса «Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими» орқали автоматик равишда амалга ошириш, ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича ҳудудий адлия органларининг ижобий хулосаси мавжудлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер муносабатларига доир ҳужжатларни қабул қилишнинг мажбурий шарти этиб белгиланди.
Юқоридаги тартиб-таомиллар албатта манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хужжатлар алмашинувида инсон омилини энг минимум даражагача тушириш орқали вақт ва иқтисодий жихатдан самарали тизим сифатида барча фуқароларга тенг шароит яратиб беради.
Соҳада аксарият ҳолларда ер ажратишни сўраб қилинаётган мурожаатларда ер тури, ер тоифаси кўрсатилмасдан мурожаат юборилади. Ер ажратиш хужжатларини тайёрлаш давомида Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси худудий бошқамалари томонидан жойида ўрганилади ва ер тури ва тоифаларига аниқлик киритилганда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидаги ерлар экинлиги, айрим танланган ер участкалари эса қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ижарада фойдаланиб келаётган ерлар эканлиги аниқланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2021 йил
27 августдаги 543-сонли қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламентга асосан Қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасидаги ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ажратилмайди.
Агар ажратилиши режалаштирилаётган ер участкаси қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига кирса, аввал ушбу ерларни Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида белгиланган тартибда бошқа ер тоифасига ўтказиш масаласи ҳал этилади.
Ер кодексининг 9-моддасига асосан Суғорилмайдиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади, суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Вилоят худудида айрим танланган ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидаги ерларга ва фойдаланишдаги ерларга тўғри келган ҳолатлар мавжуд.
Бундан ташқари, таҳлиллар жойлардаги ҳокимликлар, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва корхоналари, кадастр агентлиги, қурилиш бўлимларининг раҳбар ҳамда масъул ходимларининг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан қарашлари оқибатида қишлоқ хўжалиги ва ноқишлоқ ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилишлар ханузгача давом этаётганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 25 октябрь куни ҳолатига 702 та ҳолатда 148,8 гектар ер майдонлари, шундан 106 гектар 284 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги ерлари, 42 гектар 418 та ҳолатда ноқишлоқ хўжалиги ерлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.
Мазкур ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш бўйича масъул шахсларга 567 та огоҳлантиришлар берилган.
Ер ажратиш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимият органлари:
– электрон онлайн-аукцион ва очиқ танловга қўйиш учун ер участкаларини танлаш, келишиш, аукцион ва танловда иштирок этиш учун мурожаатларни қабул қилиш, аукцион ва танловни ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар, истисноларсиз фақат электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга ошириш;
– маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига доир барча қарорларини қабул қилиш улар томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – “Е-қарор” тизими орқали, ушбу қарорларда ер участкасига доир географик маълумотлар ва хариталарни шакллантириш эса “Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими” орқали автоматик равишда бажариш.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари:
– ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш;
– ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олиш ҳамда қонун бузилишлар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ишлар қўзғатиш ва ноқонуний қурилмани буздириш юзасидан судга давъо аризасини киритиш чораларини кўриш;
– ер участкаси чегараларини (чегара нуқталарини) ўзбошимчалик билан ўзгартиришнинг олдини олиш.
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари:
– вилоятда бугунги кунда фойдаланишдан чиқиб кетгансувли ерларни фойдаланишга киритиш;
– қишлоқ хўжалиги ерларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва чоралар кўриш;
– суғориладиган ерларни бошқа мақсадларда ажратилишининг олдини олиш;
– қишлоқ хўжалиги ерлари нобудгарчилигининг олдини олиш, йўл қўйилган нобудгарчиликнинг ҳисоблаш ва уни ундириш чораларини кўриш.
Вилоят қурилиш бош бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари:
– шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
– шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ва муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш масалалари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш;
– шаҳарсозлик, ишчи ва лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда белгиланган тартибга риоя қилиш;
– архитектура ва шаҳарсозлик қоидалари бузилган тақдирда бартараф этиш ҳақида ёзма кўрсатмалар бериш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳамда материалларни судга тақдим этиш;
– инсон соғлиги ва ҳаётига зиён етказилишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлаш;
– қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда иштирок этиш лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини
ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори
Жамшид Зарипов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!