Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ток боғбондан меҳр билан парваришни талаб этади
17 ноябрь 2021 г 568 Комментарии: 0
Янгиобод туманида деҳқон фермер ва томорқа хўжалиги миришкорлари иштирокида ўтказилган тадбир ҳам худди шу масалага бағишланди. Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Мамадазимов, “ҳоким ёрдамчиси” С.Пўлатов ҳамда соҳа мутасаддилари томонидан узумчиликни ривожлантириш бўйича Олтиариқ тажрибаси асосида аҳоли томорқаларида узум етиштиришни йўлга қўйиш, токзорларни ташкил этиш учун мақбул жойларни танлаш юзасидан тавсиялар берилди.
– Ток кўчати ёки қаламчасини парвариш қилишда зарур агротехник тадбирларга риоя қилиш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Янгиобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Мамадазимов. – Бошқа ҳудудлардан олиб келинган кўчатни бизнинг туманга мослаштириш, кўчатдан кўра қаламчада яхшироқ ва тезроқ кечади. Ушбу кўчат ёки қаламчаларни парвариш чоғида маҳаллий ва минерал ўғитлардан олтингугуртнинг самараси катта.
Ота-боболаримизнинг таъкидлашича, ток йилига 2 марта – қиш ва ёз чилласида сув ичади. Кўп суғорилган ток ҳосил бермай ғовлаб кетади. Вояга етган токни “хом-ток” қилиш ҳосилни, яъни узум доначаларини йирик ва навдани пишиқ бўлишига хизмат қилади. Қуёш ва маҳаллий ўғит токнинг энг асосий озуқаси, кўмиладиган токка кўмиш олдидан, кўмилмайдиганларига кўкариши олдидан эритилган олтингугурт минерал ўғити билан озиқлантириш эса токни турли касалликларга чалинишидан ва зараркунанда ҳашоратлардан муҳофаза қилади. Қаламчадан экилган ток навдаси 3 йилда нишона берса, 4-5 йилда ҳосилга киради.
Энг муҳими эса ток – боғбондан меҳр билан парваришни талаб қилади. Меҳр билан парвариш қилинган ҳар қандай ниҳол эртага ўз мевасини беради.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат)
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!