Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда камерал назорат натижасида қўшимча 126,3 млрд.сўмлик ҳисоб-китоблар тақдим этилди
14 сентябрь 2018 г 3 575 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 70-моддасига мувофиқ камерал назорат, солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа хужжатларни (маълумотларни) ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида солиқ тўловчининг ҳузурига бормаган ҳолда амалга оширилади.
Солиқ тўловчилар томонидан солиқ қонунчилиги талабларини бузилишига йўл қўймаслик ва келгусида уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган маъмурий, жиноий ва молиявий жазо чораларининг олдини олиш, солиқ тўловчилар томонидан давлат бюджети ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тушишини таъминлаш камерал назорат ўтказишнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Жиззах вилоятида 2018 йил 1 сентябрига қадар ўтказилган камерал назорат тадбирлари натижасида 29961 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъект фаолиятида жами 169,7 млрд.сўмлик камчиликлар аниқланиб, солиқлар ва мажбурий тўловларга қўшимча ҳисобланиши кўрсатилиб талабномалар берилди. Бунинг натижасида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 18165 та ҳолат юзасидан 126,3 млрд.сўмлик қайта ҳисоб-китоблар тақдим этилди.
***
Зомин туман давлат солиқ инспекциясида фаолият юритаётган "Ишонч телефони” ҳамда электрон хизматлар орқали фуқаролар, барча тоифадаги солиқ тўловчилар ва тадбиркорлик субъектларидан бўлаётган мурожаатлар. Хат ва аризалар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганилиб, таҳлил этиб борилмоқда.
Хусусан жорий йилнинг 12 сентябрига қадар жисмоний шахслардан 48 та, юридик шахслардан 25 та жами 73 та мурожаат келиб тушган. Шунинг 34 таси ёзма, 49 таси оғзаки мурожаатлар саналади. Ушбу мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда ижрога қаратилган.
Фуқаролар эътиборига!
Давлат солиқ қўмитасининг республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатувчи 1198 қисқа рақамли ишонч телефони фаолият юритмоқда.
Айни пайтда ушбу қисқа рақам билан бирга Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармасининг 72 222-07-00 ишонч телефони орқали ҳам мурожаатлар қабул қилинмоқда.
***
Бахмал туман давлат солиқ инспекцияси томонидан мунтазам равишда амалга оширилаётган назорат тадбирлари натижасида 164 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Мазкур ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти солиқ ҳисоботларини кечикиб топшириш, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, савдо қоидаларининг бузилиши, лицензиясиз йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланганлик ҳолатларидан иборат.
Ўтказилган профилактик ва тушунтириш ишлари натижасида тўғри хулоса чиқариб, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Амалдаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиб, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан 18,1 млн сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилди. Шундан 10,6 млн.сўм жарима ихтиёрий тарзда тўланган бўлса, 7,4 млн сўм мажбурий ундирувга йўналтирилган.
***
Беш қўл баробар бўлмагани каби, орамизда яратилган имконият ва имтиёзларни суиистеъмол қилаётган шахслар ҳам борлиги айни ҳақиқат.
Мамлакатимизда бюджетга қўшимча тушумлар ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда инфляциянинг олдини олишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, солиқ ва молия идоралари раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида вилоятимиз туманларида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Янгиобод туман ДСИ томонидан Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда суд ҳужжатлари асосида солиқ қарзини ундиришга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқларни ўз вақтида тўламаслиги, пайсалга солиши ёки ундан бўйин товлаши каби ҳолатлар уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишига сабаб бўлмоқда. Масалан, туман Фермерлар кенгашининг мавжуд 0,3 млн.сўм қарздорлиги мавжуд. Ушбу маблағ жорий йилнинг 8 сентябрига қадар ундириб олинди. Ҳудди шундай суд ижро ҳужжатлари асосида солиқ қарзи ундируви бўйича 3 та хўжалик юритувчи субъектларнинг 0,7 млн.сўм солиқ карздорлиги ундирилган.
Ўтказилаётган тадбирларда солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, солиқ назоратини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
***
Ш.Рашидов тумани ДСИ ходимлари туман ҳудудида фаолият кўрсатаётган умумий овқатланиш корхоналари томонидан солиққа тортиладиган базани яшириш, ушбу мақсадда уларга тегишли бўлмаган назорат-касса машинаси ҳамда ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш ва бошқа усуллар билан солиқдан қочиш схемаларини аниқлаш юзасидан хронометраж кузатувлари ўтказди.
Кузатувлар жараёнида туман ҳудудидаги "Зиёкор” ҚФЙда фаолият кўрсатаётган "Асалой-Наргиза” МЧЖга қарашли "Эргаш бобо” номли умумий овқатланиш шаҳобчасида бошқа корхонага тегишли бўлган савдо терминали ишлатилаётгани аниқланган. Терминал Жиззах шаҳридан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган "Нодир авто транс” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган.
Ушбу ҳолатни зудлик билан бартараф этиш мақсадида "Асалой-Наргиза” МЧЖ раҳбари Ихтиёр Хайдаровга туман давлат солиқ инспекцияси томонидан огоҳлантириш хати етказилди.
Туман бўйича солиқ инспекцияси томонидан умумий овқатланиш шаҳобчалари ва бошқа тадбиркорлик субъектларида солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган хисоботларида 1 тадан ишчи кўрсатган корхоналар Солиқ кодексининг 71-1 моддасига кўра мониторинг қилинди. Жами 469 та корхонанинг 109 тасида ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш давомида қўшимча 196 та ишчилар сони аниқланди. Натижада ушбу субъектларда фаолият юритаётган ишчилар сони 305 та эканлиги маълум бўлди.
Солиқ инпекцияси ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тушунтириш ишлари натижасида уларни қонуний тарзда фаолият юритишлари учун зарур кўрсатмалар берилиб, мансабдор шахсларга огохлантириш хатлари берилди.
Ҳ.Фозилов – Вилоят ДСБ Жамоатчилик билан
алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шуъбаси бошлиғи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!