» » Тиббиёт марказлари лойиҳалари тақдимот қилинди

Тиббиёт марказлари лойиҳалари тақдимот қилинди

30 ноябрь 2021 г 1 027 Комментарии: 0

Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябрь куни онкология ва эндокринология тиббиёт марказлари қурилишига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Бу икки йўналиш инсон умри, ҳаёт сифати, генофонд соғломлигини белгилайдиган долзарб соҳалардир. 

Шифохоналарга мурожаатлар ва жойларда ўтказилган тиббий кўриклар таҳлили бундай касалликлар кўп учраётганини кўрсатган. Бу йўналишдаги республика марказларининг бинолари ҳам эскирган эди.

Ҳолат билан бевосита танишиш мақсадида давлатимиз раҳбари шу йил май ойида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказини бориб кўрган эди. Шундан келиб чиқиб, 27 май куни Президентнинг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги замонавий бинолар қурилиши ва жиҳозлаш белгиланган эди.

Шундан сўнг, хорижий клиникаларнинг илғор тажрибаси, шифокор ва беморлар учун барча шароитлар ҳисобга олиниб, лойиҳа ишлаб чиқилди. Ўтган галги тақдимотларда билдирилган фикрлар асосида у янада такомиллаштирилди.

Янги бино 10 қаватли бўлади. 3 қаватли ерости қисмида радиология ва нур терапия, позитрон-эмиссион томография, радиоизотоп текшириш каби бўлимлар жойлаштирилади. Марказда иммунотерапия, таргет терапия, чизиқли тезлаткич ёрдамида ва стереотоксик нур терапия, радиохирургия каби янги даволаш услублари жорий этилади. Ушбу янги бино Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси ҳудудида қурилади.

Юртимиздаги улкан илмий, диагностик ва даволаш салоҳиятига эга муассасалардан яна бири Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказидир. Унда 288 ўринли стационар бўлим ва 250 кишига мўлжалланган маслаҳат-диагностика клиникаси бор. Марказнинг ҳозирги биноси 1974 йилда қурилган, моддий-техник базаси эскирган.

Шу боис, ушбу муассаса учун Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси негизида янги мажмуа барпо этиш режалаштирилган. Бу марказнинг шароитларини яхшилаб, хизматлар турини кенгайтиради. Хусусан, бугунги кунда эндокринология марказида 14 та бўлим бўлса, янги мажмуада яна 14 та бўлим очиш учун имконият яратилади.

Президент қурилиш лойиҳаларини маъқуллаб, энди иш тизимини тўғри йўлга қўйиш ва тиббий хизмат сифатига эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. Марказларга хориждан мутахассислар жалб этиш, шифокорларни жаҳон тиббиёти ютуқлари асосида қайта ўқитиш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ушбу республика марказларини қуриш билан бирга ҳудудлардаги диспансер ва поликлиникаларда шароитларни яхшилаш, замонавий ташхис ускуналари етказиб бериш, шифокорлар малакасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!