Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати ис газидан эҳтиёт бўлишга чақирди (видео)
06 декабрь 2021 г 706 Комментарии: 0
Таҳлилларга кўра, об-ҳавонинг совиши билан ис газидан заҳарланиш эҳтимоли ортади. Ис гази табиатда кенг тарқалган бўлиб, хавфсизлик чораларини кўрмаслик заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин. Айни кунларда ижтимоий тармоқларда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар тарқалиб улгурди. Афсуски, бу каби кўнгилсиз ҳолатлар бизнинг вилоятимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Жорий йилнинг ноябрь ойида Жиззах шаҳри ва Ш.Рашидов туманларида 2 та ҳолатда уч нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмди. Энг ачинарлиси, уларнинг 2 нафари вояга етмаган болалар. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ташкил этилган брифингда Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдурахманов хабар берди.
Бундай кўнгилсизликлар такрорланмаслиги учун барчамиз ўз яшаш ва иш жойларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишимиз зарур. Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари, асосан, уйқу ҳолатида рўй бермоқда. Шунингдек, ҳаммомдан фойдаланишда ҳам заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Шу сабабли, аввало, ётоқхонада хавфсизлик чоралари кўрилганлигига ишонч ҳосил қилиш лозим. Унутмаслик керакки, сиз ухлаётган жойда очиқ олов, масалан иситиш печи бўлмаслиги ис газидан заҳарланишнинг олдини олади. Қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, қуйидаги хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарур: - иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печлари ва улар дудбўронларининг созлиги, қувурларнинг ҳар хил маҳсулотлар билан беркилиб қолмаганлигини кўздан кечиринг ва дудбўрон орқали ҳаво тортиш кучига алоҳида аҳамият қаратинг; - иситиш печларининг дудбўронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг; - носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасидан фойдаланинг; - иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг; - газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг; - газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этинг; Унутмаслик керакки, бу каби хавфсизлик қоидаларига риоя этиш орқали сиз ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлигини таъминлаган бўласиз.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!