» » Жиззахда маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилди

Жиззахда маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилди

10 январь 2022 г 521 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти 3-минтақавий ҳудуд 29-сонли манзил-колониясидаги маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

 Ушбу тиббий кўрик “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси ташаббуси билан ташкил этилди. 


– Кўрик ЎзЛиДеП вилоят кенгаши ҳамда халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди, – дейди ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД 3-минтақавий ҳудуд 29-сонли манзил-колонияси кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори, капитан Адбуваҳоб Абулқосимов. – Бу маҳкумлар учун ҳам, бу ерда хизмат қилаётган ходимлар учун ҳам зарур.  


Калонияда барча зарур шароитлар яратилган. 4-маҳкумлар ётоқхонаси тўлиқ капитал таъмирланмоқда. Тез орада фойдаланишга топширилади. 

– Сирдарё вилоятиданман, – дейди жазо муддатини ўтаётган маҳкумлардан бири. 

– Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг169-моддаси “а” банди (майда ўғрилик) билан 2 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум этилиб, 2020 йилнинг март ойида шу ерга олиб келиндим. Белгиланган ишга махсус транспортда олиб бориб-келишади. Иш ҳақимиз мунтазам берилади. Лекин, озодликда, ўз уйингда яшашга етмас экан. Қилган қилмишимдан чин дилдан пушаймонман.  


Тиббий кўрикка вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали, вилоят ОИТС ва ОИВ маркази, сил касалликлари диспансерининг энг малакали хирург, травмотолог, уролог, гинеколог, окулист, невропотолог ва бошқа турдаги касалликлар шифокорлари, лаборант-мутахассислар махсус тиббий мобиль автобус, етарли миқдордаги тиббий анжомлар, рентген, мобиль ижтимоий дорихона жалб этилди. Ушбу колониядаги барча маҳбуслар навбат билан бирма-бир чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 

 
– Жиззах шаҳрида яшардим, – дейди маҳкума аёллардан бири. – Бизга бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Миннатдормиз. Бу ерга 2019 йилнинг сентябрь ойида олиб келинганман. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) га асосан 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоландим. Қилган қилмишимга чин дилдан пушаймонман. Тез орада озодликка чиқаман, бундан хурсандман албатта.  


– Ўтган 2021 йилнинг 25 ноябридан 10 декабрига қадар ўтказилган акция доирасида шу манзил-колонияга келиб маҳкума аёллар билан учрашган эдим, – дейди халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгашининг ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Абдулазиз Хўжаков. 

– Ўшанда, ушбу колонияга янги олиб келинган маҳкума аёллардан бири чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Бугун шунинг натижасини кўриб турибмиз. Ушбу чуқурлаштирилган тиббий кўрикни ўтказишдан кўзланган мақсад, аввало инсон қадрини улуғлаш, маҳкумларнинг жамиятимизда ўз ўрни борлиги ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, саломатликларини ҳимоя қилишдан иборат. Чунки улар ҳам шу халқнинг, шу юртнинг фарзандлари. Билиб-билмай адашган ватандошларимизни махсус колонияларда қайта тарбиялаб, тўғри ҳаёт йўлига бошқариш ҳаммамизнинг бурчимиз. 


Шу куни бу ерга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Жиззах вилояти филиали тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам келиб, тиббий кўрик давомида шифокорлар кўрсатмасига асосан маҳбусларга дори-дармон, санитария-гигена воситалари, тиббий жиҳозлар тарқатди.  


А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!