Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Муҳим инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилди
11 январь 2022 г 490 Комментарии: 0
Тошкент вилоятида савдо ва сервисни ривожлантириш учун катта имкониятлар бор. Шу боис автомобиль йўлларини кенгайтириб, йўл бўйи хизматларини кўпайтириш бўйича кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
“Тошкент-Чиноз” автомобиль йўлини таъмирлаш лойиҳаси улардан бири. Маълумки, бу йўл жуда серқатнов бўлиб, бир кеча-кундузда 60-65 минг автотранспорт ҳаракатланади. Шу боис унинг 10 километр қисмини таъмирлаш, 5 та ерости ўтиш йўлаги ва қўшимча маҳаллий йўллар қуриш мўлжалланган.
Пойтахтимиздаги Темур Малик кўчасини 6 тасмали этиб кенгайтириш, унинг икки четида кўп қаватли уй ва хизмат кўрсатиш бинолари қуриш, Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида 210 метрли йўл ўтказгич барпо этиш бўйича ҳам лойиҳалар режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари бу лойиҳаларни маъқуллаб, уларнинг ҳужжатларини ишлаб чиқиш, сифатли қилиб қуриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Тақдимотда табиий газ етказиб бериш тизимида хусусий шерикликни жорий этишга доир таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Бу тизимни модернизация қилиш жуда долзарб. Чунки юртимиздаги газ қувурларининг ярмидан кўпи – 45 минг километри ўттиз йилдан ортиқ ишлатилмоқда. Оқибатда йўқотишлар миқдори 20 фоиздан ошиб кетаяпти.
Хусусан, бугунги кунда Жиззах шаҳар газ таъминоти тизимида 767 километр қувур, 6 та газ тақсимлаш станцияси, 1 минг 600 дан зиёд газ тақсимлаш пункти бор. Ушбу тизимни халқаро стандартлар асосида ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш орқали модернизация қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.
Техник устувор ечимлардан фойдаланиб амалга ошириладиган лойиҳа доирасида эски газ қувурлари олиб ташланиб, 1 минг 500 километрдан зиёд янги қувурлар тортилиши режалаштирилган. Шунингдек, газ тақсимлаш станциялари сони 6 тадан 2 тагача қисқартирилиб, 3 босқичли тизимдан 2 босқичли тизимга ўтилади. Натижада ҳозирги ҳолатдаги 115 миллион куб метр йўқотишлар бартараф этилади.
Президентимиз бу лойиҳанинг самарадорлигига алоҳида аҳамият қаратиб, уни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, бундай тизимни бир пайтнинг ўзида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида, кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу ишлар газ тақсимлаш ва ҳисоб-китобни тартибга солиб, унинг халқимизга барқарор ва тўла етиб боришига хизмат қилади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!