Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » ОНА ТАБИАТНИ АСРАШ – МУҚАДДАС БУРЧ
17 январь 2022 г 7 145 Комментарии: 0
Замон билан ҳамнафас, элнинг фикри-ўйи, интилишларига ҳамоҳанг, долзарб, нафақат бугунимизни, балки эртамизни ҳам ўйлаб илгари сурилган мақсад ва вазифалар тезда умумхалқ ҳаракатига айланиб кетишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз.
2021 йил 30 декабрь куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сонли Фармони ва “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-76-сонли Қарори ҳам ана шундай ўта долзарблиги билан алоҳида ажралиб туради, десак янглишмаймиз.
Айни пайтда бутун сайёрамизда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологияга бўлган муносабат энг долзарб масалалардан бирига айлангани сир эмас. Бу борада амалга оширилиши керак бўлган кўплаб вазифалар орасида кўкаламзорлаштириш ва дарахт экиш, мавжудларини авайлаб-асраш алоҳида ўрин тутади.
“Агар дунёда чанг бўлмаганида, инсон минг йил умр кўрарди”, деб айтган эди улуғ аллома, тиб илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино. Атроф муҳит мусаффолигини таъминлашда эса, дарахтлар инсониятнинг беминнат кўмакдошларидир. Улар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади. Маълумотга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 3 трлн. атрофида дарахт мавжуд. Бироқ ҳар бир дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда. Афсуски, бу борадаги аҳвол мамлакатимизда ҳам мақтанарли даражада эмас. Шу сабаб, Ҳурматли Президентимизнинг мазкур Фармонида сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилаётганини, шу билан биргаликда, қимматбаҳо навли дарахт ва буталар кесилишига мораторий жорий қилинганлиги, дарахт кесганлик ҳолатлари учун жарима ва компенсациялар миқдорининг оширилганлиги алоҳида таъкидланган.
Бироқ, масъул ташкилотларнинг амалга оширилаётган ишларга сусткашлик билан ёндашиши ҳамда айрим шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларига бўлган тажовузкор ҳаракатлари, шу жумладан дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, инвестицион фаоллик суръатларининг, жумладан саноат ишлаб чиқариш, қурилиш, урбанизация ва бунёдкорлик кўламининг кескин кенгайиши аҳоли пунктларига тушаётган экологик юкламани камайтириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда Фармонда бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш; дарахтларни шикастлантириш ва нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини янада ошириш, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилишини муддатсиз даврга узайтириш, мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга, дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўллаш, мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтириш, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиш шулар жумласидан.
Шунингдек, 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда янги ҳамда маданият ва истироҳат боғлари негизида ташкил этилаётган “яшил жамоат парклари” рўйхати тасдиқланди. Эндиликда, кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган шахсларни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш амалиёти жорий этилади.
Аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш ҳамда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан уларнинг ҳудудида дарахтларни экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига ишсиз шахсларни, биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар фаол жалб қилинади.
Ўсимликлар дунёси объектлари давлат кадастри таркибида республиканинг барча ҳудудларидаги ва ҳар қандай турдаги дарахтларнинг ҳисобини юритиш ҳамда уларни бириктириш учун “Дарахтлар реестри” тизими жорий этилади; юридик шахслар – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан ижарага олувчилар ўзига бириктирилган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш учун масъул ҳисобланади.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди. “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 76 сон Қарорида бу вазифалар алоҳида белгилаб берилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини олдини олиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни таъминлаш, жамоатчилик назоратига услубий ёрдам кўрсатиш ва кўмаклашиш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш; ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, улар турларининг хилма-хиллигини, табиий туркумлари яхлитлигини ва уларнинг яшаш муҳитини сақлаш, қайта тикланиши ва ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назоратини олиб бориш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида давлат ва хусусий шерикчиликни фаол жалб қилган ҳолда тизимни ташкил этиш; атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини ўрнатиш;экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишини «Коррупциясиз соҳа»га айлантириш, экологик тарбия, тарғибот ва таълим тизимини ташкил этиш, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари фаолиятига кўмаклашиш каби вазифалар шулар жумласидан.
Шунингдек, қарорда Давлат экология қўмитасининг ва унинг таркибидаги бошқарма ва бўлимларнинг ташкилий тузилмаси тасдиқлаб берилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг штат бирликларига қўшимча штат бирликларини жорий қилиш ва сақлаш,давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини ҳамда экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш ҳуқуқи берилди.
Давлат экология қўмитасига кенг жамоатчилик, илмий тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этган ҳолда 2022 йил 1 декабрга қадар экологияга оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва ихчамлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратининг роли ва таъсирини ошириш; биохилмахилликни асраш, тиклаш ва кўпайтиришнинг аниқ механизмлари ва рағбатлантириш тизимини жорий этиш; атроф-муҳитни муҳофаза қилишда давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;экологик назорат ва мониторинг турларини амалга ошириш тартиби, шу жумладан «яшил иқтисодиётни» рағбатлантириш чоралари;экологик экспертизани амалга ошириш тартиби назарда тутувчи Экологик кодекс лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритмш вазифаси юклатилди.
Кўриниб турибдики, мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, экология ва атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ва “Яшил макон”лар барпо этишни жадаллаштириш, дарахтзор ва бутазорларни асраш ва шу каби бугунги кундаги энг долзарб вазифаларни ҳал этишда ўта муҳим ҳуқуқий манба бўлиб қолади. Қолаверса, ушбу мазкур вазифалар ижросини таъминлаш Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир ходим лавозими, эгаллаб турган мавқеидан қатъий назар ушбу масъулият залворини ҳис қилган ҳолда фаолият олиб бориши замон талабидир.
Эркин ХОЛМАТОВ
Жиззах вилоят Экология ва атроф-муҳитни
мухофаза қилиш бошқармаси бошлиғи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!