» » Ҳамкорликда ҳикмат кўп

Ҳамкорликда ҳикмат кўп

03 февраль 2022 г 498 Комментарии: 0

Туркиянинг Нажмиддин Эрбакан номидаги давлат университети ҳамда Жиззах давлат педагогика институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳамда Туркия давлати Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар бошчилигидаги делегация аъзолари ўртасида икки давлат олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш доирасида ишчи учрашув бўлиб ўтган эди. Ушбу учрашув давомида Ўзбекистон ва Туркия олий таълим тизими раҳбарлари икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва уни янги босқичга кўтариш имкониятларини муҳокама қилганди.

Мазкур ҳамкорлик доирасида мамлакатимизда янги университет ташкил этиш, ўзбекистонлик ўқувчи ва талабаларнинг Туркия олий таълим муассасаларида таълим олиши учун грантлар ажратиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, техника ва муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш, математика, физика, химия, геология каби йўналишлардаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашилган эди.

Нажмиддин Эрбакан номидаги Туркия давлат университетининг професссори Бирол Мержан раҳбарлигидаги делегация Жиззах давлат институтида бўлиб, ушбу олий таълим муассасаси раҳбарияти билан учрашди. Унда ҳар икки олийгоҳ вакиллари олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни, ўзлари истиқомат қилаётган вилоят ва ундаги тарихий қадамжолар, дунёга танилган алломалари ҳақида маълумот алмашди.

Маълум қилинишича, Нажмиддин Эрбакан номидаги давлат университети Туркиянинг Кония вилоятида жойлашган бўлиб, ушбу таълим маскани 1975 йилда ташкил топган. Бугунги кунда олий таълим муассасасида 35 мингдан зиёд талабага 3 мингга яқин профессор-ўқиувчи таҳсил бермоқда. Университетда 16 факультет мавжуд.

– Тилимиз, динимиз бир, мақсадларимиз муштарак қардош турк халқи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш манфаатлидир, – дейди Жиззах давлат педагогика институти ректори профессор Ш.Шарипов. – Биз мақсадли ва аниқ ҳамкорлик тарафдоримиз. Шу сабабдан ҳам икки олий ўқув юрти ўртасида талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашувига келишувни имзоладик.

Эрбакан давлат университетидаги тажрибали профессор-ўқитувчиларнинг онлайн маърузаларини ташкил этиш, қўшма таълим дастурлари, илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимларнинг малака ошириши  борасида  бир қатор таклифлар ўртага ташланди.

Шундан сўнг, меҳмонлар олийгоҳнинг “Қатағон қурбонлари музейи”да бўлиб, у ердаги экспонатларни томоша қилди.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!