Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » 3 йиллик таҳлил – Жиззах вилоят халқ таълими тизимида ўсиш кузатилмоқда
17 февраль 2022 г 650 Комментарии: 0
Бугунги кунда Жиззах вилоятида 569 та таълим ташкилоти мавжуд. Уларнинг 553 таси мактаб (514 та мактаб, 35 та ихтисослашган мактаб ва мактаб интернети, 4 та махсус мактаб), 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаби, 1 та Меҳрибонлик уйи, 1 та малака ошириш ҳудудий маркази фаолият олиб бормоқда. Жами ўқувчилар сони 258 минг 906 нафар. Жорий йилда 22 минг 381 нафари 9-синфни, 16 минг 672 нафари эса 11-синфни тамомлайди.
Айни пайтда 22 минг 719 нафар педагогларнинг 11 минг 655 нафари аёллардир. Ўқитувчиларнинг қарийб 6 фоизи олий, 17 фоизи биринчи, 24,7 фоизи эса иккинчималака тоифасига эга педагоглар саналади. Ўтган йилга нисбатан олий тоифага эга ўқитувчилар 5,9 фоизга ошган. Яъни 2020 йилда улар сони 922 нафар бўлган бўлса, 2021 йил якуни билан 1357 нафар педагог олий малака тоифасига эга бўлган.
Бу рақамлар куни кеча Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
2021 йилда Инвестиция дастурига биноан 26 та мактабда 158,7 млрд.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан, 4 та янги мактаб қурилган бўлса, 13 таси реконструкция қилинди, 9 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига биноан 18 та мактабларда 49,3 млрд.сўмлик қурилиш -таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 4 та мактаб янгидан қурилган, 13 таси реконструкция ва 9 таси мукаммал таъмирланди. Буганги кунда вилоятдаги 19 та мактабни янгидан қуриш, 143 тасини реконструкция қилиш орқали қўшимча ўқув бинолари қуриш ва 102 тасини мукаммал таъмирлаш эҳтиёжи мавжуд.
2022 йил Инвестиция дастурига кўра 67 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида 219 млрд.сўм ажратилди.
Таълим сифатини ошириш мақсадида барча мактабларда дарс жадвалидан ташқари психолог соати, директорлар соати, мониторинг соатлари ташкил этилган.
Мактаб директорлари учун АКТ саводхонлигини ошириш курслари ташкил этилди. Олис ҳудудлардаги педагогларга кўмак бериш мақсадида бошқарма томонидан “Таълимда мобил методик хизмат карвони” ташкил этилган.
Педагог кадрлар малакасини ошириш мақсадида мактабларнинг ёш ўқитувчиларига 3 нафардан малакали педагоглар бириктирилди. Вилоятдаги 161 нафар битирувчи муддатидан олдин олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилинган. 40 нафар битирувчилар республика ва халқаро спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритиб, имтиёзли равишда ўқишга киришга тавсия этилган.
2020-2021 ўқув йилида 11 синф битирувчиларидан 200 нафари халқаро сертификатига эга бўлди.
Матбуот анжумани давомида Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Садриддинова журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб бериб, ижтимоий тармоқларда халқ таълими тизими бўйича ишончсиз манбаларга таяниб тарқатилаётган маълумотларга ўз муносабатини билдирди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!