» » “Сўғдиёна-Woman”: мақсад чемпионликни сақлаб қолиш

“Сўғдиёна-Woman”: мақсад чемпионликни сақлаб қолиш

19 февраль 2022 г 463 Комментарии: 0

Аёллар футболи бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигасида Жиззахнинг “Сўғдиёна-Woman” жамоаси ўтган мавсумда “дубл” қайт этиб, мамлакат чемпионлигини ва кубогини қўлга киритган эди. Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби жорий мавсумда ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўйиб, олий лига ўйинларига тайёргарликни бошлаган.

Жорий йил 1 мартида хотин-қизлар ўртасидаги Ўзбекистон олий лигаси футбол чемпионати ўйинларига қуръа ташланади. Айни пайтда, “Сўғдиёна-Woman” жамоасининг 7 футболчиси аёллар миллий терма жамоамиз сафида Туркияда ўтаётган халқаро турнирда иштирок этмоқда. Жамоанинг қолган футболчилари эса “Сўғдиёна” қароргоҳида тайёргарлик машқларини олиб бормоқда. 

Жиззахликлар дастлаб ўтган мавсум “Сўғдиёна-W” шарафини ҳимоя қилган 7 нафар футболчи билан шартнома муддатини узайтирди, бошқа жамоалардан таклиф этилган 6 нафар футболчи билан янги шартнома имзолади. Яна 5 нафар футболчини ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказди. Улардан 2 нафарининг шартномаси узайтирилди.

“Сўғдиёна-W” бу мавсумда ҳам ўз таркибини кучайтиришда давом этмоқда. Жумладан, Бекободнинг “Металлург-W”дан тажрибали Нозима Камолтоева ва Шахноза Қурбонова, Тошкентнинг “Пахтакор-W” клубидан моҳир дарвозабон Нигора Узганова, яна бир пойтахт жамоаси “Локомотив-W” дан Дилдора Эргашева, Олмалиқнинг “АГМК-W” жамоасидан Мафтуна Панжиева, Қаршининг “Севинч” клубидан Феруза Бобохўжаева, Наманганнинг “Навбаҳор-W”сидан Сарвиноз Комилжонова билан шартномалар имзоланди. Бундан ташқари, 2 нафар грузиялик легионер “Сўғдиёна-W” таркибига келиб қўшилди. 18 ёшли Ани Дзадзуа ҳамда 19 ёшли Натиа Данелиа Грузия чемпионати иштирокчиси “Квартал ФК” клубидан жиззахликлар сафига келиб қўшилди. Бу футболчи қизларнинг шартнома муддатлари жорий йил охиригача белгиланган.

2021 йилда “Сўғдиёна-W” жамоаси шарафини ҳимоя қилган африкалик футболчиларнинг ҳужжатларидаги муаммолар ҳал бўлмагани сабаб улар жамоани тарк этди. Шунингдек, ўтган йили Жиззах жамоаси номидан майдонга тушган Маҳлиё Сариқова, Юлдуз Шодиева, Маҳлиё Назарқулова, Насиба Ҳожиева, Нозима Ҳасанова жамоани тарк этди. Яқинда чемпионат ўйинларига жиддий тайёргарлик кўраётган “Сўғдиёна-W” қизлари ўртоқлик назорат учрашуви доирасида Олмалиқнинг “АГМК-W” жамоаси билан учрашиб, Тошкент вилояти вакилаларини йирик – 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Жиззахнинг “Сўғдиёна-Woman” жамоасининг асосий мақсади мамлакат чемпионлиги ва Ўзбекистон кубогини яна ўзида сақлаб қолиш ва Осиё чемпионлар лигаси турнирида муваффақиятли иштирок этишдир.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!