» » Арнасой давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ҳисоботи ва тадбиркорларга мурожаати

Арнасой давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ҳисоботи ва тадбиркорларга мурожаати

05 апрель 2022 г 658 Комментарии: 0

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.

Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш юзасидан тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 11-12 март кунлари  жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Бўстон МФЙ ва Бахтли МФЙларида ўтказилган учрашувларда жами 36 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.

Шунингдек, 2022-йилнинг 1-чораги давомида туман давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан вилоятнинг барча махаллаларда жами 2 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 59 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Арнасой туманида 1100 тага яқин юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 785 та корхонанинг 415 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 410 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Арнасой тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий  йилнинг 3 ойида 65 та корхонада 121 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 21 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 25 нафар, қурилиш корхоналарида 15 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 60 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 25,4 млн сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди.

Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 1,5 фоизга туширилди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, Арнасойлик  тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда 1,5 баравар ошган. Бундан ташқари, бошқа солиқ турларидан ортиқча тўлов суммасини қайтариш юзасидан 10 та тадбиркорларга 3,0 млн сўм пул маблағлари тадбиркорларнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.

         2022-йилнинг 1-чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 3579,8 млн.сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 276,7 млн.сўмга ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 2606,3 млн.сўмни, яъни 72,8 фоизи юридик шахслар, 973,5 млн.сўмни ёки 27,2 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг
2145,6 млн.сўм ёки 59,9 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 1434,1  млн.сўм ёки 40,1 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 1- чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Арнасой туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 7 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 7 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 5 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 2,5 млн сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ўтган 3 ой мобайнида 12 та корхоналарга ер солиғи, 9 та корхонага мол-мулк солиғи, 6 та корхонага айланмадан олинадиган солиғидан имтиёзлар қўлланилди.

Ҳурматли тадбиркорлар! Жиззах вилояти Арнасой туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

Хусниддин Умуров Махмудович

Арнасой туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!