» » Зафаробод туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ҳисоботи ва тадбиркорларга мурожаати

Зафаробод туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ҳисоботи ва тадбиркорларга мурожаати

07 апрель 2022 г 986 Комментарии: 0

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мизиёев жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.

Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 24-26 март кунлари Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Жиззах шахри, Ғаллаорол, Дўстлик ва Зомин  туманларида ўтказилган учрашувларда вилоятимизнинг барча туманларидан жами 3000 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.

Шунингдек, 2022 йилнинг 1-чораги давомида туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳамда мутахассислари томонидан туманнинг барча МФЙ ва ҚФЙларида жами 12 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Зафаробод туманида
800 га яқин юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 129 та корхонанинг 76 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 76 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Зафаробод туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий йилнинг 3 ойида 38 та корхонадаги 76 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 23 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 32 нафар, қурилиш корхоналарида 5 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 16 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 35,5 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда.

Хусусан, 2020 йилда янги солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, Зафарободлик тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда 1,5 баравар кўпайди.

2022 йилнинг 1-чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 4 миллиард 126 миллион сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 767 миллион сўмга бажарилмади. Буджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 3595 миллион сўми, яъни 87 фоизи юридик шахслар, 531 миллион сўми ёки 13 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 2888 миллион сўм ёки 70 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 463 миллион сўм ёки 11 фоизини айланмадан олинадиган солиғи, 450 миллиард сўм ёки 11 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 325 миллион сўм ёки 8 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 1-чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Зафаробод туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 6 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 6 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди.

Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 5 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 2,5 миллион сўм маблағ ўтказиб берилган.

Ҳурматли тадбиркорлар! Зафаробод туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

Исломов Абдусаттор Ғайбуллаевич

Зафаробод туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!