» » Форишда 120 гектарга 1 тоннадан ортиқ каврак уруғи экилди

Форишда 120 гектарга 1 тоннадан ортиқ каврак уруғи экилди

08 апрель 2022 г 1 042 Комментарии: 0

Маълумотларга кўра, республикамизда каврак ўсимлигининг 50 га яқин тури мавжуд бўлиб, ушбу ўсимлик асосан Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Бухоро каби вилоятларидаги қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларда, соф тупроқли ерларда ўсади.

Ҳозирда, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 8 июлдаги “Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, мазкур ўсимликни кўпайтириш бўйича кенг истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси томонидан юртимизда каврак ўсимлиги майдонларини кенгайтириш, плантациялар ташкил қилиш, уларни қайта ишлашни ривожлантириш борасида улкан ишлар бошлаб юборилган.  Бу борада мамлакатимизнинг 7 та вилоятида кавракчилик кластерлари ташкил этилди.

Форишлик тадбиркор Дилмурод Бобоев томонидан  туманнинг Хонбанди ҳудудидаги 120 гектар ер майдонига плантация усулида 1 тоннадан ортиқ каврак уруғи экилди. Мазкур уруғлик Сурхондарё вилоятининг Боботоғ ҳудудларидан келтирилган. Экилганига бир ой бўлган уруғ униб чиқди. Эндиликда у 5 йилда тўлиқ ҳосил беришни бошлайди.

 Шу кунга қадар ўз-ўзидан кўпайиш майдонидаги каврак маҳсулотидан 2021 йилда 189 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган. Жорий йилда мазкур савдо кўрсаткичини 390 минг АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!