Бу Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги 6-умумтаълим мактабининг чет тили фани ўқитувчиси Назокат Муҳаммадиеванинг шиори.
Назокат Муҳаммадиева фидойи ўқитувчи эканини шогирдлари ҳам, Наврўз шаҳарчаси аҳолиси ҳам яхши билади. Ахир оз эмас – 30 йилдан буён шу даргоҳда ишлаб келмоқда. Опа ҳозир фаолиятининг дастлабки йилларида таълим берган ўқувчиларининг болаларини, набира шогирдларини ўқитаяпти.
Назокат опадан нега айнан ўқитувчиликни, шу мактабни ва болаларни яхши кўришини сўрашса, қисқагина қилиб, "ўқитувчиликка меҳр онамдан ўтган, шу мактабда ўзим ҳам ўқиганман, болаларни ўзимнинг болаларимдек кўраман”, деб жавоб беради.
Тажрибали педагогнинг жавоби жуда ўринли. Зиёлилар оиласи фарзанди бўлгани учун ўқитувчилик касбига ҳам ёшликдан меҳр қўйган. 1988 йили собиқ Тошкент давлат чет тиллар институтини битириб, ўзи ишлайдиган мактабга ишга келишини ҳам ҳаётидаги энг муҳим воқеа, деб билади.
Ўқитувчилик шарафли, аммо машаққатли касблардан. Шунданми баъзан, "фарзандларим ўқитувчи бўлишини хоҳламайман”, деган гапларни ҳатто шу касб эгаларининг ўзларидан ҳам эшитиб қоламиз.
Бу касбнинг барча аччиқ-чучугини тотган Назокат Муҳаммадиева эса ўз касбига фарзандларида ҳам меҳр уйғота олди. Беш фарзандининг барчаси она касби – ўқитувчиликни танлади. Ўғли Ҳасан шу мактабда онаси ёнида инглиз тилидан дарс беради.
– Фаолиятимнинг кўп даври мактабда ишлаш энг оғир бўлган йилларга тўғри келган, – дейди Назокат Муҳаммадиева. – Ўқитувчининг зиммасидаги асоссиз юкламалар, ортиқча қоғозбозликлар, мактабга алоқаси бўлмаган ишлар кўпайтирилиб, арзимаган иш ҳақи тўланиши таълим тизимига катта зиён етказди. Орамизда бу қийинчиликларга чидамай ишни ташлаб кетганлар ҳам бўлди. Президентимизга катта раҳмат, фаолиятининг дастлабки кунларидан таълим тизимини ислоҳ қилишга жиддий эътибор қаратиб, мактабнинг, ўқитувчининг ишига тўғри ёндашувни йўлга қўйди. Энди ёш авлод тарбияси қоғозда эмас, амалда давлатимизнинг энг муҳим вазифасига айланди.
Назокат опа каби ўқитувчилар ҳар қандай шароитда ҳам Ватан, келажак олдидаги масъулиятини сидқидилдан адо этишга ҳаракат қилишди. Қийинчиликларга қарамай ўз касбига содиқ қолиб, ёшларга билим бериш учун мактабнинг ҳам, оиласининг ҳам оғирликларини зиммасига олишди.
Бугунги кунда 696 нафар ўқувчи таълим олаётган ушбу мактаб тумандаги илғор таълим муассасаларидан бири. Мактаб биносида бу йил 200 миллион сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, шароитлар янада яхшиланди.
Мактабда таълим бераётган 45 нафар педагогнинг кўпчилиги катта тажрибага эга, ўз касбининг чинакам билимдони бўлган мутахассислар. Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётида хорижий тилларни билишнинг аҳамиятини чуқур ҳис этган тажрибали ўқитувчи ёшларга инглиз тилини ўргатиб келаётир.
Опадан инглиз тилидан сабоқ олган ёшлар орасида турли давлат муассасаларида, ташқи алоқалар соҳасидаги ва халқаро ташкилотларда ишлаётган мутахассислар бор. Ўқувчилари фан олимпиадаларининг вилоят, республика босқичларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Бу йил ҳам бир ўқувчиси фан олимпиадасида инглиз тили бўйича вилоят босқичида иккинчи ўринни олди. Яна бир ўқувчиси инглиз тили бўйича кўрик-танловнинг мамлакат босқичида иштирок этди.
Назокат опа тажрибали ўқитувчи сифатида ёш педагогларга устозлик ҳам қилади. Унинг иш услуби бошқа мактабларда оммалаштирилмоқда. У 2013 йилда "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвонига сазовор бўлди.
– Касбига фидойиликни, мактабни, болаларни яхши кўришни Назокат опадан ўрганиш керак, – дейди мактаб директори Ғайрат Яҳёев. – Аммо опа ўзининг бу меҳрини сездирмайди, кўз-кўз қилмайди. Аксинча, қаттиққўл, яхши маънода ушлаган жойидан кесадиган инсонлиги билан ҳам алоҳида ҳурмат қозонган. У ўқувчиларини ҳам, ёш педагогларни ҳам шундай қатъиятли ва иродали бўлишга ўргатади.
Мамлакатимиз таълим тизимида, хусусан, мактабларда чуқур ўзгаришлар жараёни кечаётир. Мактабларнинг моддий базаси мустаҳкамланиб, шароитлар яхшиланаётир. Таълимга алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш, ортиқча расмиятчилик ва қоғозбозликларга барҳам берилмоқда. Бу ўзгаришлар янада самарали бўлишини Назокат Муҳаммадиева каби жонкуяр ўқитувчилар меҳнати таъминлайди.
Тошқул Бекназаров
скачать dle 12.0