Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Германияда бошланаётган кураш шиддатининг Зарбдордаги садоси
07 май 2022 г 894 Комментарии: 0
Ғолиб ва совриндор бўлганлар автомобиль ва пул мукофоти билан тақдирланади.
Баҳор келиши билан юртимизда сайллар, байрам томошалари авж пардага кўтарилади. Айниқса, тадбирларнинг безаги бўлган кураш мусобақалари кўпнинг кўнгилини шод этади.
Эътиборли жиҳати, давлатимиз раҳбари томонидан “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши миллий спортимизнинг янги паровозини бошлаб бердики, бугун туману шаҳарларда бирон-бир хафта йўқки кураш мусобақаси ўтказилмаса, иқтидорли полвонлар сараланмаса.
Шундай кураш тадбирларидан бири жорий йилнинг 13-14 май кунлари Жиззахнинг Зарбдорида ўтказилади.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кураш ва белбоғли кураш бўйича ўтадиган ушбу мусобақа “Полвонлари кўп юрт – қудратли бўлур” шиори остида ташкил этилади.
Жиззах вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ташаббуси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиладиган мазкур турнирда кураш бўйича эркаклар 60, 66, 73, -81, 90, +90 кг да куч синашса, белбоғли кураш бўйича эркаклар 55, 60, 66, 73, 81, 90, 100, +100 кг да беллашишади. Аёллар эса кураш бўйича 48, 52, 57 кг вазн тоифаларида гиламга чиқишади.
Аҳамиятлиси, кураш ва белбоғли кураш бўйича ҳар бир вазнда 1-ўринни қўлга киритганлар 5000000 сўмдан, 2-ўрин эгалари 3000000 сўм ва иккита 3-ўринга сазовор бўлган спортчилар 1500000 сўмдан, мутлақ вазн ғолибларига 2 та автомобиль, 2-ўриндан жой олган полвонлар 30000000 сўмдан ҳамда 3-ўрин соҳиблари 10000000 сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланади.
Яна бир гап. Юртимиз курашчилари Жиззаху Қорақалпоғистонда, Фарғонаю Сурхонда ўтаётган турли даражадаги турнирларда, чемпионатларда, сайил курашларида беллашаётган бўлса, кўҳна қитъанинг 30 га яқин давлати курашчилари Европанинг хушманзара масканларидан бири бўлган Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида эртага, 7 май куни бошланадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирга ҳозирлик кўрмоқда.
Бу, курашнинг нафақат юртимизда, балки халқаро майдонда янада оммавийлашаётганидан, миллий спорт тури орқали қадриятларимиз кенг тарғиб этилаётганлигидан далолатдир.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!