» » Жиззахда ўрим-йиғим мавсумига техникалар шайми?

Жиззахда ўрим-йиғим мавсумига техникалар шайми?

11 май 2022 г 742 Комментарии: 0

 Жиззах вилоятида ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Вилоят деҳқонлари жорий йилда 93 минг 500 гектар сувли майдонда бошоқли дон экинини етиштириб, ундан юқори ҳосил ўриб-йиғиб олиш мақсадида барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмоқда. Ана шу эзгу мақсад йўлида жорий мавсумда вилоятдаги ўрим-йиғим ишларига 304 та юқори унумли дон ўриш комбайни қатнашиши режалаштирилган. 

Ушбу комбайнлардан 102 тасини “Кейс” ва “Нью Холланд”, 99 тасини “Клаас Доминтор-130”, 47 тасини “Вектор-410” ва 56 тасини “Лида-1300” ҳамда бошқа русумдаги техникалар ташкил этади. Мавсум аввалида комбайнларни тайёрлаш учун 12 миллиард 954 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари, шиналар, аккумулятор батареялари ҳамда сервис ўтказиш учун ёнилғи-мойлаш материаллари ва фильтрларга талаб борлиги аниқланган. Айни пайтга қадар ғаллачилик кластерлари томонидан комбайнларни таъмирлаш учун 9 миллиард 916 миллион сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилиб, зарур эҳтиёт қисмлар етказилган. 

Дўстлик туманида 2022 йил ҳосили учун 372 та фермер хўжалиги ва ғаллачилик кластери томонидан 13 минг 700 гектар майдонда бошоқли дон экинлари парваришланмоқда. Шартномага асосан, 43 минг 800 тонна, шундан 37 минг 800 тонна товар дон ва 6 минг тонна уруғлик ғалла топшириш белгилаб олинган.

– Инспекция томонидан комбайнларнинг таъмирланиши, керакли эҳтиёт қисмлар учун талаб этиладиган маблағнинг ўзлаштирилиши, механизаторларга зарур шароитларнинг яратилиши юзасидан кунлик мониторинг ўтказиб борилмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси бош инспектори Жумабек Шакаров. – Хусусан, мавсум давомида ўтказилган назорат тадбирлари давомида бошқарма ва туманлар бўлимлари томонидан комбайнларни таъмирлашда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ваколатли идоралар раҳбарларига 4 та ёзма кўрсатма ва 22 та огоҳлантириш хатлари берилиб, 22 та тақдимнома киритилган.

– Мавсумда қатнашиши белгиланган “Дўстлик Агросервис МТП” МЧЖга қарашли 26 та, фермер хўжаликларига қарашли 12 та ҳамда “Дўстлик дон маҳсулотлари” АЖга қарашли 4 та комбайн кўрикдан ўтказилди, –дейди Инспекциянинг Дўстлик туман бўлими катта инспектори Баҳодир Имамов. –Кўрик жараёнларида комбайнларда узел ва агрегатларнинг сифатли таъмирдан чиқарилганлиги, сервис хизматларининг ўтказилганлиги, тунги ёритиш ва габарит чироқларининг ишлаши, бирламчи ўт ўчириш воситаларининг бутлиги, дон тўкилишининг олдини олиш мақсадида герметизация ишларининг амалга оширилганлигига катта эътибор қаратилди. Техник талабларга жавоб берадиганлари ишчи гуруҳ томонидан сертификат асосида қабул қилиб олинди.

Туманда ташкил этилган 26 та отрядга ички ишлар, ер тузувчи ва банк ходимлари, шунингдек, 200 дона ғалла ташиш транспорти, 11 та техник хизмат кўрсатувчи “Дамас” автомашинаси ҳамда 11 дона ёқилғи ташиш транспортлари бириктирилди.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!