Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жамиятда гендер адолатни таъминлаш бугунги кун етакчи ёшлари назарида
16 май 2022 г 751 Комментарии: 0
Гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгач жамиятда хотин-қизларнинг муносиб ўрин топиши, уларнинг раҳбарлик лавозимларини эгаллашларига, том маънода ҳуқуқлари кафолатланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Гендер тенглик масалалари бўйича янги тузилма фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу тузилма – “Гендер адолат етакчиси" жамоасидир.
Сенат биносида Гендер адолат етакчиси" жамоасига саралаб олинган ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
- Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири, - дейди Сенатнинг Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенглик масалалари бўлими мудири Нодира Шотурсунова. - Гендер адолат етакчиси платформасини ишга туширишдан кўзланган мақсад гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни ҳамда ёшлар ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларни кенг тарғиб этиш, соҳага доир давлат дастурлари ижросига кўмаклашиш, ёшларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш орқали хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам беришдан иборат.
Жорий йилнинг 14-21 апрель кунлари бу жамоага ёшларни саралаб олиш бўйича кастинг ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг фаол ёшлари онлайн ҳамда офлайн тарзда иштирок этди. Гендер тенглик соҳаси бўйича аниқ билим ва кўникмага эга бўлган мингга яқин мустақил фикрловчи ёшлар орасидан 80 нафар йигит-қиз “Гендер адолат етакчиси” жамоасига саралаб олинди.
2030 йилга қадар қабул қилинган Гендер Стратегиясида акс этган 8 та йўналиш бўйича фаол ёшлардан 8 та гуруҳ шакллантирилди. Стратегия ижросини таъминлашда гендер адолат етакчилари фаол иштирок этишлари ҳам назарда тутилган.
Учрашувда жамоа вакиллари кўплаб фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Ушбу янги тузилма аъзоларининг гендер тенглик тарғиботидаги фаолиятини ташкил этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш Сенатнинг доимий назоратида эканлиги таъкидланди.
Иштирокчилар Сенат биноси билан яқиндан танишди.
Тадбир якунида амалга оширилиши керак бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!