» » Арнасойлик ақл гимнастикасида чиниққан ўғлон

Арнасойлик ақл гимнастикасида чиниққан ўғлон

18 май 2022 г 566 Комментарии: 0

Шахматда ютуқларга эришган, кўплаб шахматчиларни етишига ҳисса қўшган Сирожиддин Зайниддинов 1990 йил Жиззах вилояти Арнасой туманида зиёли оилада туғилган. Мактаб ёшига етгунига қадар у шахмат спорт турига алоҳида меҳр қўяди.

Дастлабки шахмат сабоқларини отасидан олади. 1999 йилда отаси билан Тошкентга келади ва пойтахтдаги 106-сонли Заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатида таҳсил олади. Ўқув жараёнлари билан бир қаторда шахмат билан профессионал шуғуллана бошлайди.

Сирожиддин илк ютуққа эришганда мактаб ўқувчиси эди. 2008-2011 йил имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежи компьютер дастури йўналишида ўқийди. 2011 йилда Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга қабул қилинади ва 2015 йил аъло баҳолар билан олий ўқув юртини тамомлайди. Ана шундан сўнг унинг ҳаётида мураббийлик ва шахмат бўйича кўплаб шогирдлар етиштиришга имконият эшиклари янада кенгроқ очилади. 2016 йилдан Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган ўсмирлар ва болалар спорт мактабида мураббийлик қила бошлайди. Ҳозирга қадар юзлаб ўқувчиларга шахматдан сабоқ бериб келмоқда.

Унинг ҳаётда бир шиори бор. Юрган одам йиқилади, ишлаган одам хато қилади. Аммо хатоларни қилмаслик учун юксак дид ва тажриба зарур бўлишини яхши билади. Сирожиддин Зайниддинов ҳам ҳар доим олға қадам босишга одатланган. Унинг ҳаётида мағлубиятлар, тушкунлик ҳолатлари кўп бўлган. Аммо у ҳар қандай вазиятда ҳам ортга чекинмасликка ҳаракат қилади, имкон қадар фақат олға интилади. Фарзандлари ва шогирдлари унга қанот.

– Фарзандларимни қизиқишларига қараб ўзлари хоҳлаган соҳага йўналтираман, – дейди Сирожиддин Зайниддинов. – Уларни қайси касбни эгаллашларини ўзига қўйиб бераман. Чунки отанинг вазифаси фарзандини қайсидир соҳага олиб кириш эмас, уни рағбатлантириш, тўғри йўл кўрсатишдир. Шахматни ўрганиш учун қадам қўйган ёшларга эса аҳдларидан қайтмасликни, ҳар қандай вазиятда ҳам шахмат билан шуғулланишни тавсия қиламан. Тўғри, у шахматда ютуқларга эришмаслиги мумкин. Аммо шахмат билан машғул бўлиб турган инсон ҳар бир касбда ўзининг ўрнини топиб кетади. Шахмат унга тўғри йўл кўрсатади. Ҳар ҳолда мен шунга ишонаман. Чунки шахмат мени тушкунликдан, кайфиятсизликдан олиб чиққан. Ўз олдимга мақсад қўйишни ўргатган.

Сирожиддин Зайниддинов шахмат буйича ФИДE устаси, Заиф эшитувчи ёшлар ўртасида икки карра Жаҳон чемпиони ва катталар ўртасида Осиё чемпиони. У 2014 йилдан бошлаб профессионал шахматчи сифатида Ўзбекистон номини ҳимоя қилиб келмоқда. Германиянинг Маленте шаҳрида ўтказилган ICSC таснифида ўсмир ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритганда у 14 ёшда эди. Шундан сўнг турли мамлакатларда ўтказилган мусобақаларда нуфузли ўринларни қўлга киритди. Қозоғистон, Мўғулистон, Германия, Буюк Британияда бўлган халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этди.

2008 йил Сирожиддин учун омадли келади. Шахматнинг ICSC таснифида Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни қўлга киритди. Швейцарияда ICSC таснифида ўсмир ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатида ҳам биринчи ўринни қўлга киритишга муяссар бўлади. Германиянинг Дрезден шаҳрида бўлиб ўтган 38- ФИДE Жаҳон шахмат олимпиадасида ICSC таркибида блиц ўйинида ҳам муносиб иштирок этган. Шу йилнинг ўзида унинг ютуқлари муносиб эътироф этилиб ҳукумат томонидан “Шуҳрат” медали билан мукофотланади.

Сирожиддин ана шундай шижоат билан ўз ишини давом эттириб келмоқда. У ўз фаолиятини янада кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб олган. Тошкент шаҳар ҳокими туманларда фуқаролар муаммоларини кенг ўрганди. Ана шунда Сирожиддин Зайниддинов билан ҳам учрашди. Унинг анча йиллардан буён шахмат мактаби очиш учун ер ажратиш муаммоси ҳал бўлмаётганини айтади. Ҳоким ишни ижобий ечишга ва ҳозир вақтинча ўзи яшаб турган тумандан ижара тўловларсиз шахмат хоналари ажратилишида ёрдам беришини маълум қилади. Суҳбатдан сўнг шаҳар ҳокими Сирожиддинга машина совға қилади.

Бугунги кунда Сирожиддин Зайниддинов ҳар куни айнан шу автомашинада ишга қатнайди. Олға қадам босиб, ўз устида изланишда давом этмоқда.

Д.Маматова

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!