» » Жиззахлик  ёш шахматчининг орзулари

Жиззахлик  ёш шахматчининг орзулари

05 октябрь 2018 г 3 315 Комментарии: 0

Ёш шахматчи Махмудова Дилноза Алишер қизи (суратда) умидли шахматчилардан бири. У яқинда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган “FERGANA OPEN-2018” очиқ шахмат турнирида 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида 3-ўринни эгаллади ва 3-даражали диплом ҳамда Ўзбекистон шахмат федерациясининг сертификати билан тақдирланди.

Дилноза Жиззах шаҳридаги 22-иқтидорли болалар гимназиясининг 8-синф ўқувчиси. У шахматни Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби, таниқли шахматчи Юлдуз Ҳамроқуловадан ўргана бошлаган. Сўнгра унга Юлдузнинг отаси Ойбек Ҳамроқулов мураббийлик қилди.

Ёш шахматчи  Жиззах шаҳар биринчилигида илк бор бронза медалига сазовор бўлиб,бундан руҳланиб кетди. У ўзига ишонч ва қатъият билан шахмат доналарини сурадиган бўлди. Дилноза 2015 ва 2016 йилларда ўтказилган “Камолот шахмат тахтаси” мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб, 1-2-ўринларни эгаллади. Ўтган йили иқтидорли шахматчи шаҳар биринчилигида ғолиб бўлиб, 1-даражали диплом билан тақдирланди. Жорий йилда ўтказилган вилоят биринчилигида эса Дилноза шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Ёшлар иттифоқи Жиззах шаҳар кенгаши томонидан ўтказилган “Ёшлар шахмат тахтаси” турнирида биринчи ўрин соҳиби бўлди.

—Юлдуз Ҳамроқуловадек шахматчи бўлиш истаги мени шахмат оламига етаклади,—дейди Дилноза Махмудова биз билан суҳбатда.— Дадам мендаги иштиёқни кўриб, Юлдуз опанинг олдига етаклаб келдилар. Юлдуз опа менга меҳр билан  устозлик қила бошладилар. Шундан буён кўплаб мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келаяпман. Айни пайтда менга таниқли мураббий Ойбек Ҳамроқулов устозлик қилаяптилар. Мураббийимнинг барча топшириқларини бажаришга ҳаракат қилаяпман.

—Шахмат фанларни ўзлаштиришингга қандай ёрдам бераяпти?

—Шахмат—ақл гимнастикаси, деб бежизга айтишмайди. Барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштираяпман. Демак, шахмат менга мустақил фикрлашни, иродали бўлишни ўргатаяпти. Ютқазиб қўйсам ҳам хафа бўлмайман, аксинча ўз устимда ишлайман. Шахмат менга инглиз ва рус тилларини, кимё фанини ўзлаштиришда ҳам ёрдам бераяпти, десам муболаға бўлмайди. Мен келгусида кучли шахматчи бўлиш билан бирга шифокор бўлишни ҳам ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

—Қайси шахматчиларнинг ўйин услубларини ёқтирасан, мусобақаларда кимнинг услубидан кўпроқ фойдаланасан?

—Юлдуз Ҳамроқулованинг услубларини ёқтираман. Яна Сарвиноз Қурбонбоева билан гроссмейстер Рустам Қосимжоновнинг услубларини ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Биз ёшларга шундай шароитлар яратиб бераётган Юртбошимизга, устозларимга ўз ташаккуримни билдирмоқчиман. Мен келгусида Ватанимиз байроғини янада баланд кўтариб, улкан ютуқлар сари дадил одимлайвераман. Жаҳонга машҳур шахматчи бўлиш ниятидаман.

Дилнозанинг ниятлари ижобат бўлишига тилакдошмиз.

Васил ИЛЁСОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!