Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда қарийб 1 килограмм қорадори олиб кетаётган ургутлик шахс ушланди
31 май 2022 г 730 Комментарии: 0
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, вилоятда ўтказилган тезкор тадбирларда Мирзачўл, Шароф Рашидов, Бахмал туманлари ва Жиззах шаҳрида гиёҳвандлик моддаларини етиштириш ва сотишга уриниш ҳолатлари фош этилган.
Жумладан, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи шахс Бахмал тумани Узунбулоқ маҳалласи ҳудудида тўхтатиб текширилганда ёнидан полиэтилен пакетга ўралган 968,79 грамм опий гиёҳвандлик моддаси топилган.
Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ургутлик шахс ушбу гиёҳванд моддани Бахмал тумани Узунбулоқ маҳалласида истиқомат қилувчи фуқародан сотиб олган. Шу куни сотувчининг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликлари текширилганда унинг хонадонидан опий гиёҳванд моддасининг қолдиқлари бўлган полиэтилен пакетлар ва 2 дона пичоқ ашёвий далил тариқасида олинган.
Маълум бўлишича, ушбу фуқаро гиёҳвандлик моддаларни Тожикистон Республикаси фуқаросидан жорий йилнинг 20 май куни туман ҳудудидан ўтган давлат чегараси орқали божхона назоратини четлаб контрабанда йўли билан ўтказган ва яшаш хонадонида сақлаб келган. Опий сотувчиси ва харидор вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Бундан ташқари, Мирзачўл тумани “Мирзадала” ШФЙда яшовчи фуқаронинг яшаш уйи ва ҳовлиси кўздан кечирилганда 11 туп каннабисни парваришлаб келаётгани аниқланган.
“Мирзадала” ШФЙда яшовчи яна бир фуқаронинг яшаш уйи кўздан кечирилганда томорқасида 312 туп кўкнор парваришланаётгани маълум бўлган.
Шароф Рашидов тумани Ёшлик маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйи кўздан кечирилганда, 8 туп каннабис парваришлаб келинаётгани аниқланган.
Жиззах шаҳрининг Зилол маҳалласида яшовчи фуқаронинг яшаш уйи кўздан кечирилганда ҳовлида каннабис парвариш қилинаётгани фош этилган.
Қайд этилишича, юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!