Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Амалий ишлар ва галдаги вазифалар кўриб чиқилди
02 июнь 2022 г 790 Комментарии: 0
Маълумки, шу йил 18 март куни давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Унда айтилган муаммо ва таклифлар асосида, замонавий даволаш амалиётларини татбиқ қилиш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, соҳа ходимларининг ойлик маошларини ошириш каби кўплаб вазифалар белгиланган эди.
Йил бошидан буён жойларда 85 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар очилиши натижасида 700 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизматлар яқинлашди. Ҳудудларда хирургия йўналишида қўшимча 27 турдаги, эндокринологияда 7, кардиологияда 14 турдаги юқори технологик амалиётлар жорий қилинди.
Ўтган ойларда Давлат суғурта жамғармасидан 25 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди. Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Фарғонада 87 минг аҳоли манзилли тиббий кўрикдан ўтказилди. Бугундан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 30 фоизгача оширилди.
Йиғилишда шу каби амалий ишлар билан бирга галдаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди.
– Инсон қадри тамойилини инобатга олиб, охирги йилларда тиббиёт соҳасида ҳам кўп фармон ва қарорлар қабул қилдик, – деди давлатимиз раҳбари. – Глобал синовларга қарамасдан, тиббиёт ходимларининг ойликларини кўтариш чораларини кўрдик. Ҳамма жойда, энг чекка қишлоқда ҳам тизим намоён бўлиши керак. Ҳар бир фуқаронинг соғлиги назоратда бўлиши керак.
Йиғилишда мутасаддилар соҳада бошқарув ва моддий шароитларни яхшилаш, даволаш протоколларини ўзгартириш, тиббий суғурта тизимини кенгайтириш, тиббий таълимни ривожлантириш йўналишлари бўйича ахборот берди.
Аввало, бирламчи бўғинга эътибор қаратилиб, жорий йил якунигача яна 51 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларни ишга тушириш, мингта маҳаллада тиббий пунктлар ташкил қилиш, аҳолини манзилли скринингдан ўтказиш вазифалари белгиланди. Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилашга қаратилган ишларнинг бориши кўриб чиқилди.
Ҳудудий шифохоналарда юқори технологик амалиётлар турини 250 тага етказиш, бунинг учун улардаги тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, янги имтиёзли даволаш тизимини тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президентимиз соҳани рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Аввал берилган топшириққа кўра, тиббиёт муассасаларининг бу борадаги инфратузилмаси янгиланмоқда. Ҳудудлардаги шифохоналар компьютерлар билан таъминланиб, локал тармоққа уланмоқда. Халқаро стандартлар асосида ягона классификатор, реестр ва маълумот алмашинуви дастури ишлаб чиқилмоқда.
Йиғилишда соғлиқни сақлашнинг барча бўғинларини босқичма-босқич рақамлаштириб, ўзаро боғлаш, муассасаларни замонавий жиҳозлаш, пуллик хизматлар ҳажми ва турларини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шу йил 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, 191 та туман ва шаҳар марказий шифохоналарида болалар реанимация бўлимлари, 208 та кўп тармоқли поликлиника ҳамда Тошкент шаҳридаги 71 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари бундай бўлимларни қолган туманларда ҳам очиш, шу билан бирга, Акушерлик ва гинекология, Аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда Скрининг марказлари фаолиятини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Санитария-эпидемиология тизимини трансформация қилиш, санитария қоидалари ва стандартларини янгилаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш юзасидан ҳам топшириқлар берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирининг ҳар бир ўринбосарига ўзлари масъул бўлган йўналишлар бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!