» » Миллат тақдири битилган китоб

Миллат тақдири битилган китоб

10 июнь 2022 г 883 Комментарии: 0

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ маънавий-маърифий тарбияга миллат ўзлигининг негизи, мезони, деб қаралди. Маънавий юксалиш сари юз буриш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Конституциямизнинг 12-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади.

Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилганини эслаш мақсадга мувофиқдир.

Бугун барчамизга аён, мақсадимиз оддий ва ҳаётий — одамларимиз қалби ва онгида юқорида зикр этилган инсоний туйғулар янада қарор топиши, жамиятимизда олижаноб фазилатлар устувор бўлишига эришиш.

Асосий Қонунимизнинг 4-моддасида ҳам: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.” деб мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистонда кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида, уларнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда. Бошқача айтганда, миллатлараро тотувлик ғояси жамиятимизда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликнинг маънавий асосига айланмоқда.

Конституция ва ҳуқуқий маданият, маънавият ва миллий қадриятлар ҳақида гап борганда, қўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Зотан, Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданияти, истак-хоҳиши, интилишини ўзида яққол акс эттиради.

Ўз навбатида, Конституция — биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор манбаи, тараққиётнинг ҳуқуқий асосидир. Керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъий назар, барча инсон учун мустаҳкам ҳимоя вазифасини ҳам ўтайди.

Давлатимиз раҳбари Конституция куни муносабати билан 2021 йил
 7 декабрдаги табрикларида Конституцияга ўзгартиришлар киритиш заруриятининг асосларини айтиб ўтганди. Давлат, жамият ва фуқароларнинг турмуш тарзи қандай ўзгариб борса, Конституция ҳам мутаносиб тарзда ўзгариб, мукаммаллашиб боради.

Бугунги кунда “Ҳамма нарса инсон учун” деган тамойилга қатъий амал қилинмоқда. Шунинг учун илгари амал қилиб келган «давлат — жамият — инсон» тамойилини «инсон — жамият — давлат» деб ўзгартириш айни муддао бўларди.

Иқтисодий ислоҳотлар, дунёдаги глобаллашув ва сиёсий бўҳронлар жараёнида мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳуқуқий эркинликларини ҳимоя қилиш давлат ва жамиятнинг муҳим вазифаларидан бири бўлиши лозим.

«Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш зарур.

Қолаверса, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаш зарурияти ҳам пайдо бўлди.

Ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини конституциявий даражада акс этиши лозим. Бу “Ёшлар - келажагимиз!” шиорини бажарилишида муҳим ўрин тутади.

Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришдик. Ҳуқуқий асосга эга бўлмаган ҳаракатнинг келажаги мавҳум бўлиб қолади. Шу сабабли «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий қоида сифатида Бош қомусимизга киритилиши лозим.

Биз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро конвенцияларни тан олганмиз. Шу ўринда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари акс этиши зарур.

Экологияни муҳофаза қилиш масаласи жаҳон миқёсида глобал муаммо бўлиб турибди. Мамлакатимизда атроф-муҳит софлигини асраш, яшил табиатни ривожлантириш йўлида йирик умуммиллий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу масала ҳам Конституциямизда ўз аксини топиши лозим.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатимиз аҳолисининг саводхонлик даражаси 99,34 фоизга етган. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири эканини изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак, деб ўйлаймиз. Маърифат — маънавиятга олиб келадиган йўл. Барча ёруғ йўллар маърифат нуқтасида туташади. Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини ҳам Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди.

«Албатта, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур», деган эди Президентимиз. Албатта, Конституциямизга киритилиши лозим бўлган ўзгартиришлар халқ муҳокамасидан ўтади ва энг муҳим, мамлакатимиз ривожини таъминлайдиган таклифлар эътиборга олинади.

Нодира КАРИМОВА,

халқ депутатлари вилоят

Кенгаши котибият мудири

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!