» » BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раисининг илмга асосланган деҳқончилик хусусидаги фикрлари

BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раисининг илмга асосланган деҳқончилик хусусидаги фикрлари

30 июнь 2022 г 851 Комментарии: 0

Жорий йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган илм-фан ютуқларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселекторда юртбошимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида илм фаннинг аҳамиятини янада ошириш, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш зарурати ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан мамлакат иқтисодиёти тармоқларига кластер тизими кириб келди. Бу янгилик, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзининг юқори самара ва истиқболга эга эканлигини кўрсатмоқда.
Компаниямиз томонидан ушбу йўналишда ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятининг Арнасой туманида BMB AGRO TRADE озиқ-овқат кластери, Ғаллаорол, Ш.Рашидов ва Арнасой туманларида BMB AGROKLASTER мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилди.
Бугун Ўзбекистонда иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган ҳар бир ғоя, инновацион лойиҳа, бизнес алоқалар қўллаб-қувватланмоқда. Италиянинг FINOPERA SRL, Тожикистоннинг АVAS GROUP компаниялари билан ҳамкорликда Бахмал туманида ташкил этилган доривор ўсимликлар кластери заъфарон етиштириш, уни қайта ишлаш ва жаҳон бозорларига экспорт қилиш лойиҳаси мазкур қўллаб-қувватлашларнинг меваси ҳисобланади.
Юқорида таъкидлаб ўтилган шўъба ва қўшма корхоналаримиз томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва доривор ўсимликларини етиштириш соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни рағбатлантириш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, экспорт барқарорлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш (экспорт қилиш) жараёнларининг ўзаро интеграциясини таъминлаш, ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Серқуёш Ўзбекистон заминининг ҳар бир қаричи тиллога тенг. Негаки, юртимизнинг ҳосилдор тупроғи, қуёшли иқлим шароити нафақат пахта ва ғалла, балки мева-сабзавотлар ёки зиравордан тортиб, ҳаттоки тропик меваларни етиштириш учун ҳам қулай. Аллоҳ назари тушган, тўрт фасл бирин-кетин келадиган юртимизда қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олишда илмга таяниш муҳим аҳамият касб этади.
Юртбошимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларга ҳамоҳанг равишда BMB Trade Group компанияси бугунги кунда амалга ошираётган бир қатор ишларни мисол тариқасида келтириб ўтиш ўринлидир. Жумладан, Италиялик ҳамкорлар билан Жиззах вилояти Бахмал туманида амалга оширилаётган заъфарон маҳсулотини етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича йирик инвестициявий лойиҳа – доривор ўсимликлар кластери доирасида Италиянинг Пьяченца ҳамда Милан аграр университети олимлари Адриано Алимелли, Анджело Сенна, Маттео Фасси, Серафина Франческа ҳамда Каламбрия университети профессори Джузеппе Камастралар билан ҳамкорлик ришталари ўрнатилганини эслаб ўтиш жоиз. Ушбу ҳамкорлик натижасида юртимизда табиий BMB Za’faron бренди остида етиштирилаётган маҳсулот бугунга келиб Европа ва жаҳоннинг бир қатор илмий тадқиқот институтлари томонидан 1-категория, яъни сифат жиҳатидан энг юқори сифатли деб тан олингани барча ҳамюртларимизни қувонтиргани хали-ҳамон эсимизда.
Компаниямиз юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ошириш, ички ва ташқи бозор талабларини юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш мақсадида илмий тадқиқот институтлари ҳамда ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйган.
Хусусан, компаниямизнинг аграр соҳада фаолият юритаётган шўъба ва қўшма корхоналари томонидан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Микробиология институти, Республика сабзавот, полиз ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти олимлари билан ҳамкорликда ҳосил сифати ва кўламини кенгайтириш мақсадида қатор назарий ва амалий изланишлар амалга оширилиб, “GEO GUMAT”, “АМИНОСИД” ҳамда Microzyme органик ва кимёвий минерал ўғитлари синовдан ўтказилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, олимлар билан ҳамкорлик ерни экишга тайёрлаш жараёнидан бошлаб то ҳосилни йиғиб олгунга қадар давом этади. Бевосита, Республика сабзавот, полиз ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда TERRO COTTO навли помидор уруғлари кўчат усулида тайёрланди. Шунингдек, мунтазам равишда институт олимлари билан ҳамкорликда кластер томонидан сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш бўйича амалий ўқув семинари ташкил қилинмоқда.
Қишлоқ хўжалиги келажагини органик деҳқончилик билан боғламаган ишлаб чиқарувчи рақобатда ютқазади. Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти олимлари билан ҳамкорликда Арнасой тумани далаларида органик пахта етиштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар бунга яққол мисол бўлади. Тез орада BMB TRADE GROUP томонидан етиштираладиган “Uzbek organic cotton” пахтаcи жаҳон бозорларини забт этади.
Шунингдек мазкур муассаса билан ҳамкорликдан сўнг ғалла майдонларидан 65 центнергача буғдой ҳосили йиғиб олишга муваффақ бўлинди.
Бугунга келиб, фан ва амалиётнинг уйғунлиги ҳамда эксперт ва мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур агротехник тадбирлар далаларимизда помидор, бодринг, булғор қалампири, қовун, тарвуз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилининг бир неча баравар ўсишига замин яратмоқда.
Ушбу жараёнлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Умуман олганда, ушбу ўзаро манфаатли ҳамкорлик, илмий-тадқиқотлар замирида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар илмий изланишлар самарадорлигини ошириш билан бир қаторда улкан ҳосил хирмонини бунёд этишга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда миллий иқтисодиётимиз ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Бугунги кунда амалга оширилган саъй-ҳаракатларимиз туфайли пахта, ғалла, шоли, дуккакли ўсимликлар, кунгабоқар, сабзавот ва полиз экинларидан мўл ҳосил олинмоқда. Улар бошида ички бозорга чиқарилган бўлса, ҳозирда хорижга экспорт қилина бошлади. Маҳсулотларимиз бугунги кунда Италия, Россия, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, БАА, Афғонистон, Қатар каби давлатларга етказиб берилмоқда. Энг асосийси, бундан тўрт-беш йил аввал қаровсиз ётган ер майдонларида бугун минглаб одамлар иш билан таъминланди.
Кўзланган марраларга эришишда ҳосилдор янги нав уруғларни яратиш алоҳида аҳамиятга эга. Боиси, йил сайин аҳоли сони ва, ўз навбатида, уларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ошиб боряпти. Ортиб бораётган эҳтиёж борасида саноат йўналишида ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда. Демакки, аҳоли ва саноат эҳтиёжларини қондириш учун бизга маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос серҳосил, касаллик ва зараркунандалар, сувсизликка чидамли, бир сўз билан айтганда, келажаги кафолатланган маҳсулдор янги навлар керак.
Айни мақсадда илмий муаасасалар билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги махсулотларининг серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга, сувсизликка, шўрга чидамли вируссиз (“ин витро”) навларини компания ер майдонларида етиштиришни йўлга қўйиш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.
Умуман олганда, ушбу ўзаро манфаатли ҳамкорлик, илмий-тадқиқотлар замирида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар, илмий изланишлар самарадорлигини ошириш билан бир қаторда улкан ҳосил хирмонини бунёд этишга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда миллий иқтисодиётимиз ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Мухтасар айтганда, компаниямиз бундан буён ҳам ўзи учун ўсиш нуқталари, янги марраларни белгилаб олган ҳолда, замон билан ҳамнафас бўлишда давом этади.
BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!