Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Агроинспекция: 6 ойда Арнасой туманида 849 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди
22 июль 2022 г 592 Комментарии: 0
Агросаноат соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг Арнасой туман бўлими томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан,жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида бўлим томонидан ваколат доирасида жами 833 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 772 таси мониторинг ва 61 таси текшириш тартибида олиб борилган.
Назорат тадбирлари давомида 849 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан фермер хўжаликлари раҳбарларига 431та огоҳлантирув ва 125 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган. 151 та ҳолатда эса маъмурий иш қўзғатилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари бўйича 19 млн 620 минг сўмлик жарима жазолари қўлланилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
15 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6314-сонли Фармони талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида 17 маротаба тарғибот-йиғилишлари ташкил этилган.
Аммо шундай бўлса-да, жойларда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳамон қонунбузилиши ҳолатлари учраб турибди. Жумладан, тадбиркорлик субъектларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида бир қатор камчиликлар аниқланиб, ҳолатлар юзасидан фермер хўжаликлари раҳбарларига 125 та ёзма кўрсатма берилган. 11 та ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун туман судига юборилиб, 5 та материал эса қонуний баҳо бериш учун прокуратурага тақдим этилган.
Мисол учун, 2022 йил 2 февраль кунитуманнинг “Самарқанд” ФХҲУда жойлашган “Хамид Ўринбоевич” фермер хўжалигида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан профилактик, тушунтириш ишлари олиб борилган. Бироқ, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай фермер хўжалиги аъзолари томонидан ғалла майдонини суғоришда белгиланган тартибга риоя этимаганлиги аниқланди. Яъни, экин майдони кўллатиб суғорилган.
Бу каби қонунбузилиш ҳолатлари “Йилбек”, “Қуҳна Ургенч” фермер хўжаликларида ҳам кузатилиб, инспекция ходимлари томонидан тўпланган маъмурий ҳужжатлар туман судига тақдим этилган.
Суд томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 74 моддаси 2-қисмига асосан “Йилбек” фермер хўжалигига энг кам иш ҳаққининг 1 баравари (270.000 сўм), “Хамид Ўринбоевич” ва “Қуҳна Ургенч” фермер хўжаликларига энг кам иш ҳаққининг 2 баравари (540,000 сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланилди.
Умуман олганда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувдан фойдаланиш соҳасида 9 та материал ҳужжатлари суд органларига юборилган.
“Дўстлик элита уруғчилик” МЧЖ ҳамда“Дўстликдон маҳсулотлари” АЖ га қарашли Арнасой дон қабул қилиш шахобчасида ўтказилган назорат текширувларида Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти талабларига риоя этилмаганлиги маълум бўлди. Ҳар иккала ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳам судга чиқарилган.
Бундан ташқари, Инспекциянинг туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17-апрелдаги 325-сонли қарорида кўрсатилган "Мулкчилик шаклидан қатъий назар трактор, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси миқдорининг ҳисобини юритиш, улардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, сақлаш ва ҳисобдан чиқариш қоидаларига риоя этилиши устидан ҳам назорат қилиш, рўйхатдан ўтказиш, йиллик техник кўрикдан ўтказиш ҳакида"ги қарорининг ижроси юзасидан назорат тадбирлари ўтказиб борилмоқда.
Ушбу йўналишда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари эгалари ва ҳайдовчиларга 98 та огоҳлантирувлар берилган. Фуқароларга тегишли бўлган қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган техникаларни бошқаришда содир этилган қонунбузилишлар МЖтКнинг 112 моддасига асосан 106 та ҳамда 135 моддасига асосан 2 та маъмурий ишлар қўзғатилган.
Бир сўз билан айтганда, бу каби назорат тадбирларидан кўзланган мақсад соҳада қонун устуворлигини таъминлаш ва содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!