Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах – Ўзбекистоннинг Детройтига айланади
25 июль 2022 г 3 364 Комментарии: 0
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил Жиззах вилоятига ташрифидан сўнг биргина автомобилсозлик соҳасида иккита автомобиль заводи иш бошлади. Қолаверса, бу заводлардаги автомобиллар эрта-индин жаҳон бозорида етакчилар қаторида бўлишига шубҳа йўқ.
“ADM Jizzakh” автомобиль заводи автомобиллари ички бозорда энг харидоргир. “ADM Jizzakh” автомобиль заводи ўз фаолиятини 2020 йилда бошлади. Ушбу заводда “KIA” русумидаги автомобилларнинг беш тури йиғилиб, ҳозирча ички бозорга чиқарилмоқда. Айни пайтда корхонада 250 нафардан ортиқ киши меҳнат қилади. Уларнинг ишлаши, дам олиши, овқатланиши ва умуман унумли меҳнат қилиши учун барча қулайликлар яратилган.
Жорий йилнинг сўнги чорагида янги цех фаолиятини бошлаши режалаштирилган. Яқин келажакда эса маҳаллийлаштириш жараёни амалга оширилиб “KIA” ва “RENO” автомобилларининг барча зарур қисмларини ишлаб чиқариш назарда тутилмоқда. Корхона тўлиқ ишга туширилгач 2 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланади. Ушбу заводда йиғилаётган автомобилларни кўриб ҳавасингиз келади. Корхонада 1 соатда 5 та автомобиль йиғилади.
Айни пайтда Ўзбекистон автомобиль бозорида “KIA”нинг иккита маҳаллий йиғиш модели тақдим этилмоқда: “Sеltos” ва “К-5”. Жиззахдаги заводда СКД усулида автомобиллар ишлаб чиқарилади ва заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 25 минг донани ташкил этади. Объектда жами 600 киши, шу жумладан заводнинг ўзида 250 киши ишлайди.
2022 йил охирига қадар пайвандлаш ва тана бўяш цехлари бўлган линияларни ишга тушириш ва CКД йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу “ADM Jizzax” корхонасининг қувватини йилига 100 минг автомобилгача ошириш ва яна янги иш ўрни яратиш имконини беради. “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси аъзоси сифатида ўз мажбуриятлари доирасида “ADM Jizzax” маҳаллийлаштириш даражасини камида 30 фоизга етказиш ва ишлаб чиқарилган автомобилларни экспорт қилишни режалаштирган. Заводдаги ишчи-хизматчиларнинг 90 фоизи маҳаллий ёшлардир.
Жиззахда “Volkswagen” енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.
“Ўзавтосаноат” ва “Volkswagen Group Rus” ўртасида Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ҳамда сотиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланган. Ушбу келишув – “Жиззах автомобиль заводи” масъулияти чекланган жамияти базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, ишлаб чиқарилган техникани сотиш тизимини йўлга қўйишга қаратилган. Завод ўша машҳур “Volkswagen” концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча моделдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат цикли бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
“Volkswagen Group Rus” янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этибгина қолмай, заводда иш фаолиятини бошлаш мақсадида жалб этилган ва асосан жиззахлик ёшлардан ташкил топган ишчи-хизматчиларни ўқитиб, тажрибасини ошириб тайёр мутахассисларга айлантиради.
Завод “Volkswagen” концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади. Шунингдек, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 минг дона автомобилни иашкил этади. Юқорида таъкидланган икки томонлама битим доирасида томонлар ҳамкорликни 2020 йилда “Volkswagen Caddy” моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошлаган эди. Бу таклиф этилган иккита модификацияда: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони бўлиб, ушбу модель ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган.
Автомобиль қуввати 110 от кучига эга бўлиб, ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 километрга 9,3 литрга, катта трассаларда эса 100 километрга 6,1 литрга тўғри келади.
Ҳамкорлик доирасида келажакда “Volkswagen Group” концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Корхона тўлиқ ишга тушгач 1 минг 500 дан ортиқ ёшлар иш билан таъминланади.
“ADM Jizzakh” автомобиль заводининг “KIA” ва “RENO”, “Жиззах автомобиль заволди” МЧЖда ишлаб чиқарилган “Volkswagen” автомобиллари эрта-индин сиз ва бизнинг кундалик фойдаланадиган автомобилимизга айланишига ишончимиз комил.
А.Қаюмов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!