Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Муштарийлар билан мулоқот
11 октябрь 2022 г 486 Комментарии: 0
Газетхонларга яхши маълумки, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари ижодий жамоаси республикамиз бўйлаб муштарийлар билан ижодий мулоқотларни анъанага айлантирган.
Бу йилги илк учрашув жиззахлик муштарийлар билан ташкил этилди.
Жиззах вилояти қўғирчоқ театрида бўлиб ўтган учрашувда журналистлар, зиёлилар, газета тарқатувчилар, касаба уюшма фаоллари ва муштарийлар билан юзма-юз мулоқот қилинди.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилояти кенгаши раиси Нусратилла Пардаев очиб, кейинги йилларда «Ishonch» газетаси чоп этилаётган мақолалар ранг-баранглиги ва долзарблиги билан ўқувчилар эътиборини қозонаётганини таъкидлади.
«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов ўз чиқишида газета саҳифаларида таҳлилий ва танқидий мақолаларга кенг ўрин берилаётгани, ҳар йили газетада 150 тадан ортиқ танқидий мақолалар эълон қилиниши ва уларнинг 70 фоизи ижобий ҳал этилаётганига алоҳида тўхталди. Шунингдек, газетада таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ва тарихий мавзуларда бериб борилаётган таҳлилий мақолалар ҳамда «Жавобини кутаётган саволлар», «Ишонч» саволи», «Касаба уюшмаси аралашгач…» каби рукнлар остида берилаётган материаллар муштарийларнинг газетага қизиқиши янада ошишига сабаб бўлаётгани айтилди.
Қизғин мулоқотда иштирокчилар қайси мавзулар ўқувчиларни кўпроқ қизиқтиришини билиш, газетанинг мазмун-мундарижасини янада бойитиш борасидаги таклиф ва тавсияларини билдиришди.
– Кейинги йилларда «Ishonch» газетасида чоп этилаётган ранг-баранг мавзудаги мақолалар муштарийларни бефарқ қолдираётгани йўқ, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Бахрулло Қодиров. – Бугун газетада одамларнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришларни акс эттирувчи ҳаётий мақолалар кўпаяётганини кўряпмиз. Соҳамиздан келиб чиқиб ҳамкасблар билан газетада чоп этилаётган таълимга оид долзарб мавзудаги мақолаларни доимий муҳокама қиламиз. Истагимиз шуки, газета саҳифаларида бундай мавзудаги мақолалар янада кўпроқ эълон қилинса. Чунки таълим бу – келажак!
– Бугунги учрашув жуда қизиқарли ва самимий ўтди. Мен бу ерда устоз журналистлар ва ҳамкасбларимнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиб, ўзим учун кўп нарса олдим, – дейди «Жиззах овози» газетаси мухбири Шаҳноза Мансурова. – Ҳақиқатан ҳам, «Ishonch» газетаси бугун республикамиздаги етакчи нашрлардан бирига айланди. Унинг ҳар бир сонида, албатта, камида битта долзарб мавзу кўтарилади. Шунинг учун ҳам газетани катта қизиқиш билан ўқиб, кузатиб борамиз.
– Кейинги йилларда газета ҳар жиҳатдан ўзгарди. Аввало, мавзуларнинг ранг-баранглиги, таҳлилий мақолалар, асосли хулосалар, таклифлар газетхонни бефарқ қолдираётгани йўқ. Қолаверса, дизайни ҳам ўзига хос. Ишонч билан айтиш мумкинки, газета бугун танқидий мақолалар бериш бўйича етакчилик қилмоқда, – дейди Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА)нинг Жиззах вилояти бўйича мухбири Абдужалол Қаюмов.
Ижодий учрашувда иштирокчилар ўртасида касаба уюшмалари фаолияти, меҳнат қонунчилиги, «Ishonch» газетасига оид викторина саволлари ўйналди. Қизиқарли ва мураккаб саволларга ҳозиржавоблик билан энг кўп тўғри жавоб берган ўн нафар иштирокчига таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.
Шу билан бирга, вилоятдаги олий ўқув юртлари раҳбарлари, нуронийлар, касаба уюшма фаоллари ҳамда ОАВ вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг «Менинг Президентим» китоби тақдим этилди.
– Ушбу китобни ҳар биримиз ўқишимиз керак, – дейди Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти ҳудудий кенгаши раиси Зулпон Сафаров. – Унда Янги Ўзбекистондаги бугунги туб ўзгаришлар, ички ва ташқи сиёсат, давлатимиз раҳбарининг одилона ислоҳотлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Энг муҳими, буларнинг барчаси оддий ўқувчига ҳам тушунарли тилда ёзилган.
Тадбир давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими ҳамда уюшманинг Жиззах вилояти бўлими ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш борасида меморандум имзоланди.
Барчада катта таассурот қолдирган ижодий учрашувга санъат усталарининг чиқишлари янада файз киритди.
Муқимбой Исмоилов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!