Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани Сувонобод қишлоғида яшовчи Алишер Ҳакимов 20 йилдан кейин ўз уйига эгалик ҳуқуқини олди.
Ўзинг уй қуриб унда яшасангу, эгаси бўлмасанг, қийин экан. Алишер Ҳакимовда ҳам мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат шу пайтгача йўқ эди. Бу ҳужжатни расмийлаштириш учун у кўп сарсон бўлди.
Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, туман давлат хизматлари маркази томонидан Алишер Ҳакимовга мулк эгалиги расмийлаштириб берилди.
– 20 йилдан буён "туя гўшти еб ётган" муаммонинг бундай осон ҳал этилишига сира ишонмаган эдим, – дейди А.Ҳакимов. – Ахир ўтган йилларда уйни ўз номимга расмийлаштириш учун идорама-идора озмунча югурдимми. Барча ҳаракатларим самарасиз кетди. Президентимизга раҳмат, масала осонгина ҳал бўлди-қўйди. Давлат хизмати маркази томонидан саккиз кунда уйга эгалик ҳуқуқимни тасдиқловчи ҳужжат қўлимга берилди.
Вилоятда Алишер Ҳакимовга ўхшаб ўз мулкига эгалик ҳуқуқини ололмай юрганлар кўп. Президентимиз фармони асосида ўтказилаётган бир марталик умумдавлат акциясида кўплаб одамларнинг йиллар давомида ечилмай келган муаммолари ҳал этилмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасидан хабар қилишларича, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида фуқаролардан ҳозиргача 846 ариза келиб тушган. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан уларнинг 182 таси ҳал этилган. Қолганлари ўрганилмоқда.
Бу масала билан боғлиқ ҳолатлар, айниқса, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин туманларида кўпроқ учрайди. Чунки кўпчилик оилалар ҳовлисига туташ бўш ётган ердан фарзандларига уй қурган, бироқ расмийлаштирмаган. Оқибатда ҳозиргача ер майдони ноқонуний эгалланган бўлиб турибди.
– Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, жойларда аниқланган шу каби ҳолатлар ечими йўқ муаммога айланиб улгурган, – дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умрзоқов. – Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича Президентимиз фармони билан ўтказилаётган бир марталик умумдавлат акцияси фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги муҳим тадбирлардан бири сифатида амалга оширилмоқда. Акция давомида аҳолига ушбу тадбирдан кўзланган мақсад ноқонуний қурилган турар жойларни қонунийлаштириб бериш хамда ўз мулкини эркин тасарруф этиш ҳуқуқини тиклашдан иборат экани тушунтирилмоқда.
Фармонга мувофиқ, умумдавлат акцияси давлат хизматлари марказлари ва кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш шаҳар, туман комиссиялари томонидан амалга оширилаётир. Давлатимиз томонидан фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай муҳим ишнинг моҳиятини одамларга кенг тушунтириш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, айниқса, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам алоҳида фаоллик талаб этади.
Тошқул Бекназаров
скачать dle 12.0