Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоятида кўчат экиш ишлари авжида
24 октябрь 2022 г 575 Комментарии: 0
Куз фаслининг сўнги 40 кунлигида ушбу умуммиллий лойиҳани амалга оширишга вилоятнинг барча шаҳар, туман, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, вилоят ободонлаштириш департаменти томонидан Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғига сўнгги икки кун ичида 350 дона манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди.
Ўтган йиллар давомида ушбу боғ ҳудудига 5 минг 500 дона кўчат ниҳоллари экилган бўлса, жорий йилнинг куз мавсуми учун мутасадди кўчат етиштирувчилар томонидан 6 минг дона кўчат захираси яратилди. Шунингдек, боғнинг кўркамлигини янада ошириш мақсадида оқ-қора ва сада райҳон кўчатларини экиш ишларига ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилди.
“Ўрда” боғидаги кўчат экиш ишларида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши ходимлари ҳам фаол иштирок этишди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги “Долзарб 40 кунлик” кўчат экиш ишларига Шароф Рашидов туманида ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Туманнинг “Ёйилма” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи М-39 йўли ёқасига вилоят экология бошқармаси, “Йўлкўкалам” унитар корхонаси ва вилоят ўрмон хўжалиги ҳамкорлигида минг туп павлония ва катальпа кўчатлари экилди.
Кўчат экиш ишлари маҳаллабай тизимида ташкил этилиб, “Ёйилма” МФЙ оқсоқоллари, фаоллари ва олов қалб ёшлар ушбу ҳашарда катта иштиёқ билан иштирок этди.Шунингдек, вилоятнинг Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчаси ҳудудига баҳор-ёз мавсумида 2 минг тупдан ортиқ терак, арча, ёнғоқ, ўрик каби дарахт кўчатлари экилган эди. Бугун улар серавж бўлиб яшнаб турибди. Шаҳарча аҳли, фаоллар ва ёшлари шу шаҳарчадаги маданият саройи ҳудудига 2 кун давомида 200 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтказди.
Зафаробод туманида “Долзарб 40 кунлик” доирасида “Самарқанд” ва “Бўстон” МФЙларда туман ҳокимлиги томонидан дарахт экиш агротехникасига бағишланган семинар ташкил этилди. Семинар иштирокчиларига куз мавсумида кўчат экишнинг аҳамияти тўғрисида тажрибали ҳосилотлар томонидан амалий тушунчалар берилди. Шундан сўнг туман ҳокими Ў. Раҳмонов бошчилигида 250 туп қарағай, 200 туп тут ва 150 туп павлония кўчатлари яхши ният билан ерга қадалди.
Жорий йилнинг кузги мавсумида Жиззах вилояти бўйича 6 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экиш режалаштирилган.
Мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида қизғин давом этмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!