BMB Za'faron Испания ва АҚШга экспорт қилиниши мумкин
21 ноябрь 2022 г443Комментарии: 0
Жиззах вилоятида BMB Za’faron миллий бренди остида етиштирилаётган заъфаронни Испания ва АҚШ мамлакатларига экспорт қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Испаниянинг AZAFRAN DESBRIN компанияси Бош директори Карлос Фернандез ўртасида навбатдаги музокаралар ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 28-октябрь куни BMB Trade Group компанияси делегациясининг Испанияга ташрифи давомида AZAFRAN DESBRIN компанияси Ўзбекистонда етиштирилган миллий заъфарон маҳсулотини фармацевтика соҳасида хом-ашё сифатида фойдаланишга қизиқиш билдирган.
Шу билан бирга, Америка Қўшма Штатларининг American Spice Company компанияси Бош директори Нейтен Баррет билан ўтказилган онлайн музокаралар давомида табиий заъфарон маҳсулотини АҚШ бозорига етказиб бериш юзасидан муҳокама ўтказилди.
Ўтказилган музокаралар самараси натижасида Испанияга 1,8 тонна ва Америка Қўшма Штатлари бозорига 2,1 тонна заъфарон эксклюзив шартнома асосида экспорт қилиш бўйича узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.