» » Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига старт берди

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига старт берди

19 октябрь 2018 г 3 499 Комментарии: 0

Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистондаги илк АЭС қурилишига старт берилди.

Бугун, 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикасида биринчи АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишини бошлаб беришга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Тадбир бўлғуси атом электр станциясини қуриш учун майдон танлашда муҳандислик тадқиқотларининг бошланишини белгилаб берди.

АЭСнинг қурилиш лойиҳаси ССЭР-1200 русумдаги реакторлар билан жиҳозланган иккита энергоблокнинг қурилишини ўз ичига олади. Мазкур энергоблоклар 3+ авлодига тегишли бўлиб, замонавий технологияларнинг ишончлилигини сезиларли даражада оширган ҳолда, АЭХАнинг замонавий хавфсизлик талабларига тўла жавоб беради.

Тантанали маросим тадқиқот ишлари олиб борилаётган майдонлардан бири ва Тошкент ўртасида ўрнатилган теле кўприк орқали бўлиб ўтди.

Телекўприк доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин лойиҳанинг амалга оширилишига старт беришди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Алишер Султонов ва «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв лойиҳани амалга оширишни бошлаш учун барча шарт-шароит яратилгани борасида ҳудуддаги майдондан ҳисобот беришди.

Маросимдаги нутқлардан сўнг икки давлат раҳбарлари рамзий тугмани босиш орқали, сейсмология, геология, экология ва иқтисодий жиҳатдан мувофиқлиги ўрганилгандан сўнг танлаб олинган устувор ер майдонлардан биридаги тупроқ намуналарини олиш учун бурғилаш ишларига старт берди.

Майдонда ўтказилган маросимда мансабдор шахслар, «Ўзатом» Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ва «Росатом» Россия давлат корпорацияси раҳбарлари ва мутахассислари, муҳандислар, лойиҳа тузувчи мутахассислар, вилоят маъмурияти вакиллари, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий аҳоли ва журналистлар иштирок этди. 

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг атом энергетикаси соҳасини яратиш ва ривожлантириш ташаббуси мамлакат энергетика соҳасидаги янги паллани белгилаб беради ҳамда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва аҳоли фаровонлигига туртки бўлади», деб таъкидлади Алишер Султонов ўз нутқида.

«Ўзбекистон ва Россиянинг атом соҳасидаги ҳамкорлиги ярим асрдан ортиқ давом этиб келмоқда ва биз Ўзбекистон биринчи атом электр станциясининг қурилиши учун айнан Россия технологиясини танлаганидан фахрланамиз. "Росатом” Ўзбекистонда барча ҳалқаро хавфсизлик талабларига жавоб берадиган дунёдаги энг илғор 3+авлодига мансуб ССЭР-1200 русумли реакторлар билан жиҳозланган иккита энергоблокли атом электр станциясини  барпо этади», деган «Росатом» бош директори Алексей Лихачёв.

Шунингдек, тадбир доирасида «Росатом», Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва «Ўзатом» агентлиги ўртасида Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Унга кўра, атом энергетикаси соҳаси ва у билан боғлиқ соҳалар учун кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик олиб борилади.

Меморандум, шунингдек, Тошкентда Москва Муҳандислик-физика интитутининг Миллий тадқиқот ядро университети бўлинмасини очиш бўйича ҳамкорликни кўзда тутади.

Бундан ташқари, «Росатом» ва «Ўзатом» раҳбарлари Алексей Лихачёв ва Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасига оид ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўзаро Англашув Меморандумини имзолади. Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда атом энергетикасини оммалаштириш ва аҳолини замонавий ядро-энергетик технологиялар борасида хабардор этиш, миллий ОАВ вакилларини тайёрлаш, қўшма тематик анжуманларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида ижтимоий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш каби соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ташкил этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 29 декабрь куни Россия Федерацияси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Атом энергиясидан тинч мақсадда фойдаланиш соҳасида Битим имзоланган эди.

2018 йил 19 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (Ўзатом агентлиги)ни ташкил этиш бўйича фармони чиқарилди.

2018 йилнинг 7 сентябрь куни Россия Федерацияси Бош вазири Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Орипов Россия лойиҳаси бўйича Ўзбекистонда атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро Битимни имзолашди. Лойиҳа ССЭР-1200 русумдаги реакторларга эга иккита энергоблок қурилишини ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 октябрдаги 3969-сон қарори билан имзоланган Битим кучга кирди.

Ўзбекистондаги АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йил охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!