» » Аёл ўлмаслиги, эркак қамалмаслиги, болалар эса етим бўлмаслиги мумкин эди

Аёл ўлмаслиги, эркак қамалмаслиги, болалар эса етим бўлмаслиги мумкин эди

21 декабрь 2022 г 525 Комментарии: 0

Оилаларда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқлар, салбий ҳолатларни бартараф этиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мамлакатимизда бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолият олиб боряпти. Аммо нима сабабдан оилавий ажримлар камаймаяпти? Ажримлар ортишига яна қандай сабаблар бор?

Жиззах вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлими томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси, жиноят ишлари бўйича вилоят суди билан биргаликда “Аёлларга нисбатан зўрлик ва тазйиқларнинг олдини олишда ҳамкорликдаги чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг вилоят ҳудудий бўлимлари Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилиб, марказнинг асосий фаолияти зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш, уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва бундай ҳолатларнинг олдини олишдан иборат.

Жорий йилда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлимига қилинган 981 та мурожаат ўрганиб чиқилган. Уларнинг 70 нафарига тиббий, 234 нафарига психологик, 525 нафарига ҳуқуқий ёрдам ҳамда 152 нафарига ижтимоий-психологик ёрдамлар кўрсатилган.

– Марказга 35-36 ёшлардаги эркак мурожаат қилиб, онаси ва турмуш ўртоғи ўртасида муаммолар юзага келаётгани, аёли уни хиёнатда айблаётгани, эр-хотин ва қайнона-келин ўртасида жанжаллар бўлаётганини айтиб, бу муаммони бартараф этишда ёрдам сўради, – дейди Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Назифа Камалова. – Бу оилада аёл эркакнинг иккинчи оиласи, биринчи оиласидан фарзанд бўлмаган, улар ажрашган, ҳозирда бу аёлдан 2 нафар фарзанди бор. Эркакнинг иш вақти кеч тугайди, муаммолар шундан келиб чиқмоқда. Лекин унинг иш жойидагилар, қўни-қўшни ва таниш-билишлар турмуш ўртоғи томонидан қўйилаётган айблов мутлақо ноўрин эканлигини айтди. Вазият тўлиқ ўрганилгач, бир неча бор аёлга эрининг телефони ўчирилган пайтларида йиғилиш ёки бирор муҳим тадбирда эканлигини исботладик. Онахонга ҳам насиҳатлар қилинди, ҳозир бу оила иноқ ва аҳил ҳаёт кечирмоқда. Бу бизга мурожаат қилгандан кейинги ҳолат. Худди шу каби ҳолатлар, арзимаган гап-сўз, ортиқча рашклар туфайли оилалар бузилиб кетяпти. Демак, оилавий ажримларга ҳамма вақт ҳам хотин-қизларга ишлатиладиган зўравонлик ва тазйиқлар сабаб бўлавермайди.

– Тазйиқ ва зўравонликка учраб мурожаат қилган фуқароларнинг 15 нафари эркаклар, – дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Сайёра Холмирзаева. – Иш фаолиятим давомида шунга ўхшаш ҳолатларга тез-тез дуч келяпман. Жорий йилнинг 2 сентябрь куни бизга Ғаллаорол тумани “Бахт” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи эркак хотини томонидан зўравонлик ва тазйиққа учраётгани, доимий равишда камситиб, калтакланиб келинаётганини айтиб, мурожаат қилди. Маҳалла, қўни-қўшнилардан сўраб, бу оиладаги вазиятни ўргандик. Эркак ҳақ бўлиб чиқди. Бу аёл турмуш ўртоғига мунтазам равишда жуда қўпол муомалада бўлиши, ҳақорат қилиши, гап қайтариши, ҳатто, “Кам пул топиб келяпсан”, деб калтаклаши, турмушлари бошида хотинининг бундай хатти-ҳаракатлари учун эр калтаклаганда, уни 15 суткага қаматгани, шундан кейинги ҳолатларда, гарчанд эр калтакланса-да, унга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмагани маълум бўлди. Кейинги йилларда ўзбек хотин-қизлари андиша, ибо, ҳаё каби момоларимиздан мерос бўлиб келаётган юксак маънавият ва қадриятларимизни унутиб қўймоқда.

– Фаолиятим давомида эрга ўз хотинини қасддан ўлдириш айблови қўйилган қотиллик ишини кўриб чиқишга тўғри келди, – дейди Жиззах вилоят жиноят ишлари бўйича суди судяси Шуҳрат Худоёров. – Лекин тергов суриштируви билан танишиб, гувоҳлар ва қотилликда гумонланувчи фуқаронинг кўрсатувларидан сўнг, бу қасддан одам ўлдириш эмаслигига гувоҳ бўлдим. Бунга қадар эр хотини билан ажрашиш учун судга 2 марта ариза билан расман мурожаат қилган, лекин ҳар икки ҳолатда ҳам хотин ажрашишга қарши бўлган, суд эркакнинг аризасини рад этган. Эрнинг ажримга ариза беришига сабаб, хотин маишатпараст бўлган. Бир куни эр ишдан уйига вақтлироқ келган ва хотини онасини ураётганига гувоҳ бўлган. Онасини қутқараётганида хотини ошхона пичоғини олиб, эрининг ўнг биқинига санчиб, суғуриб олиб яна қайтиб санчмоқчи бўлганида, эр қаршилик қилади. Иккиси мувозанатни йўқотиб, хотин пастда, эр унинг устига йиқилиб тушади ва шунда пичоқ хотиннинг чап кўксига санчилиб, аёлнинг юрак аъзосини кесиб юборади. Хотин воқеа жойида вафот этади. Ажримларга қаршиман, аммо фуқаролик суди ушбу оилани ажратиб юборганида, тарбияси яхши бўлмаса-да, бир аёл дунёдан эрта кўз юммаган, эркак қамалмаган, фарзандлар кексайиб қолган буви қўлида етим бўлиб қолмаган бўлар эди.

Оилавий ажримга сабаб бўлаётган воқеа-ҳодисалар таҳлил қилинганида, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг вилоят ҳудудий бўлимлари ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириши кераклиги маълум бўлди. Ана шунда салбий ҳолатларнинг олдини олиш, оилаларни сақлаб қолиш мумкин бўлади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!