» » ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

30 декабрь 2022 г 2 126 Комментарии: 0

Қадрли юртдошлар! Азиз дўстлар!

Мана, тўхтовсиз янгиланишлар ва ўзгаришлар билан 2022 йилга ҳам якун ясадик. Ҳар биримизга умид, орзу-ниятларимизга мустаҳкам қанот бағишлаб Янги йил — 2023 йил ҳам кириб келди.

Сиз азизларни, кўп миллатли вилоятимиз аҳлини Янги йил байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барчангизга бебаҳо бойлик бўлган оилавий бахт, хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилайман.

Муҳтарам Жиззахликлар!

2022 йилда барча соҳаларда халқимизнинг хоҳиш-истаги, фидокорона меҳнати эвазига улкан ўзгаришларни амалга оширдик. Замонавий корхоналар, уй-жойлар, йўллар қурилди. Таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилди. Бу янгиликлар барчамизнинг кўз олдимизда рўёбга оширилди. Ишонинг, бундай ижобий ўзгаришлар, янгиланишларда ҳар бирингизнинг ҳиссангиз бор. Ҳурматли Юрбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошлаган Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ғоясини вилоятимиз аҳлининг якдиллик билан қўллаб-қувватлагани, бир мақсад йўлида иштиёқ ва интилиш билан қилинаётган меҳнат ўз самарасини бермоқда.

Янги Ўзбекистонда инсон манфаати, унинг ҳаёти, ҳуқуқлари энг олий қадрият даражасига кўтарилди. Президентимиз эълон қилган “Инсон — жамият — давлат” тамойили амалга ошираётган барча хайрли ишларимизнинг мустаҳкам пойдеворига айланди.

Бунинг натижасини бугун ҳар бир инсон ва оила, ҳар бир жамоа ўз мисолида кўрмоқда. Энг муҳими, одамларимизнинг эртанги кунга ишончи уйғонди.

Бир сўз билан айтганда, ўтган йил мамлакатимиз тарихида ёрқин излар қолдирди, ҳаёт китобига зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. Шу боис эски йилимизни шукроналик ва розилик билан кузатмоқдамиз.

Фаол инвестициялар тараққиёт учун чексиз имкониятлар эшигини очмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 72-сонли қарорига асосан вилоятда 2022 йилда 394,6 млн доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши белгиланган.

Йил якуни билан 428 млн доллар ўзлаштирилди ва белгиланган прогноз ижроси 108 фоизга бажарилди. Инвестициялар асосида 11 та йирик лойиҳалар ишга туширилди ва уларда 1 956 та янги иш ўринлари яратилди.

Ҳудудий дастурга асосан йил якуни билан жами 2,8 трлн. сўмлик 569 та лойиҳалар ишга туширилди ва 7432 та янги иш ўринлари яратилди.

Бу рақамлар ва маблағлар халқимиз фаровонлиги, турмуш даражасини ошириш, иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Жиззахда инвестицияларнинг кафолатлангани, табиий шароити ва ишчи кучи ресурслари етарлилиги, тадбиркорликка кенг йўл очилгани ва табиий ресурслари билан жозибадорлиги сабабли инвестор давлатлар сафи ортиб бормоқда.

Хитой, Германия, АҚШ, Чехия каби давлатлар катта қизиқиш билдираётгани ва ўз маблағларини ишлаб чиқаришга сармоя сифатида тикишга тайёр эканлигини айтиб ўтиш кифоя қилади деб ўйлайман. Барча инвестиция лойиҳалари ишга туширилгандан кейин вилоятимизда 1,2 трлн. сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бюджетга 92 млрд. сўм тушади. Хорижга экспорт ҳажми 32 млн. АҚШ доллари миқдорида ошади. Четдан олиб келинаётган 11 млн. долларлик маҳсулотлар бевосита ўзимизда ишлаб чиқарилади. Бир сўз билан айтганда бундан ўн йиллар муқаддам орзу қилган ишларимиз ҳақиқатга айланмоқда. Фақат пахтачиликка ихтисослашган Жиззах бугун саноати ривожланган йирик ҳудудга айланди. Автомобилсозлик, қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника ва кимё саноатлари драйвер соҳаларга айланмоқда.

Саноатни ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар натижасида маҳаллий саноат корхоналари томонидан 7,2 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Автомобилсозлик “ADM – Jizzakh” МЧЖ томонидан 2,1 трлн. сўмлик “KIA”,“LADA”,“RENAULT” каби енгил автомобиллар ишлаб чиқарилди.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида ҳам 128 млрд. сўмлик, тўқимачилик саноатида 157 млрд. сўмлик, электротехника саноатида 11,3 млрд. сўмлик янги маҳсулотлартайёрланиб, ички ва ташқи бозорга чиқарилди.

Бугунги кунда вилоят бўйича 23 турдаги маҳсулотлар экспортга чиқарилмоқда. Жумладан, ип-калава, мева-сабзавот, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, минерал ўғитлар, кимё саноати маҳсулотлари экспортга йўналтирилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида товарлар номенклатурасига қўшимча 4 турдаги маҳсулотлар қўшилди.Шу билан биргаликда, жорий йилда 21 та корхона биринчи марта экспортга жалб қилинди ва улар томонидан ишлаб чиқарилган 3,1 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 9 та — Болгария, Македония, Перу, Руминия, Чили, Япония, Молдова, Сенегал ва бошқа давлатларда янги хорижий бозорлар ўзлаштирилди ва улар сони 41 тага етди.

Маҳаллийлаштириш дастурига асосан корхоналар сони 2017 йилга нисбатан саккиз мартага, лойиҳалар сони тўрт мартага, ишлаб чиқариш ҳажми эса 162 мартага ортди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам мисли кўрилмаган натижаларга эришилди. Деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатлари эвазига 268,9 минг тонна пахта, 675 минг тонна ғалла етиштирилиб, белгиланган режалар ортиғи билан уддаланди.

Жорий йилда Республика бюджети ҳисобидан 205 млрд.сўм маблағлар ажратилиши натижасида жами 210,1 км ирригация мелиорация тармоқлари реконструкция қилинди.

2023 йилда 74,9 км ирригация ҳамда коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали 18,6 минг гектар суғориладиган экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади.

Жорий йил вилоятда 2,8 минг гектар пахта майдонлари лазерли ускунали текислагичлар билан текисланди. 2023 йилда эса 10 минг гектар пахта экин ер майдонлари лазерли ускуналар ёрдамида текисланади.

Вилоятда жами 40 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти яхшиланади ҳамда ушбу майдонлардан икки марта ҳосил олишга эришилади.

Жами 2,5 минг гектар ёмғирлатиб ва 13,7 минг гектар томчилатиб суғориш, 8,6 гектар дискретли суғориш технологиялари жорий этилиши ҳамда 10 минг гектар ерлар лазерли текисланиши натижасида жами 64 млн.м3 сув иқтисод қилинади.

Аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида 2022 йилда 8,9 минг гектар пахта ва ғалладан қисқартириладиган майдонлар 17 053 нафар аҳоли фойдаланиши учун ажратиб берилди.Мазкур ер майдонларида 1 101 гектар сабзавот, 63 гектар картошка, 1 962 гектар полиз, 514 мойли, 3 880 гектар дуккакли, экинлар экилиб, жами 76,3 минг тонна маҳсулотлар етиштиришга эришилди.

2023 йилда 4 460 гектар пахта ва ғалладан қисқартириладиган майдонлар 24,7 минг нафар аҳолига ажратиб берилади.Ушбу майдонларда 876 гектар сабзавот, 60 гектар картошка, 1 332 гектар полиз, 164 гектар мойли, 2 028 гектар дуккакли маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилади. Бозорларимизда деҳқон хўжаликлари етиштирган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдор ва сифат даражаси ортади.

Аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилашга қаратилган муҳим тадбирлар амалга оширилди. 2022 йилда чорвачилик йўналишида 813,9 млрд.сўмлик 169 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1007 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Азиз юртдошлар!

Ҳурматли Юрбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев республика парламенти ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кириб келаётган
2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берди. "Нима учун йилга бундай ном беряпмиз? Биз Ўзбекистонда олиб бораётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгилаганмиз. Аслида ҳам бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз бу — бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми? Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиш учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз", деди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатимиз тараққиётини таъминлаш, келажакка мустаҳкам пойдевор қуриш бугунги ёшлар — фарзандларимиз қўлида. Шунинг учун биз таълим соҳасини ривожлантириш, фарзандларимизнинг билимли, руҳан ва жисмоний соғлом камол топишлари учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз. Инвестиция дастури доирасида 55 та мактаб ва мактаб филиалларида 182,8 млрд. сўмга қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида мактаблар сони 2 тага купайди.

Бундан ташқари "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурига асосан 16 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари, 3 тасида реконструкция ишлари ҳамда 13 таси мукаммал ва жорий таъмирланди. Бу ишларга 17,8 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Педагоглар малакасини ошириш, таълим сифатини яхшилаш мақсадида ўқитувчиларни қайта тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Айни пайтда олий тоифали ўқитувчилар сони 1 934 нафар бўлиб, ўтган йилга нисбатан 5,9 фоизга кўпайди. Биринчи тоифали ўқитувчилар сафи ҳам ортиб, 5 235 нафарга етди.

Албатта, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланган 2023 йилда алоҳида дастур қабул қилинади. Лекин биз ҳозирдан мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар моддий-техника базасини ривожлантириш, бинолар ҳолатини давр талаби даражасида яхшилаш режаларини белгилаб қўйганмиз.

Вилоятда 1 306 та боғчалар фаолият кўрсатмоқда. 2022 йилда3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олиш даражаси 77,3 фоизга етказилди. Ҳозирги пайтда 95 минг 185 нафар болажонлар мактабгача таълим ташкилотларига боришмоқдаБунинг учун 4 та давлат хусусий шерикчилиги асосида, 45 та оилавий боғчалар ташкил этилди, 25 та мавжуд оилавий боғчалар қуввати оширилди.

Шунингдек, йил бошида 12 та маҳаллаларда мактабгача таълим ташкилотлари йўқ эди. Ушбу маҳаллаларда 25 та оилавий боғчалар ташкил этилди.

2023 йилда мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган 10та маҳаллада инвестиция дастури асосида 3 та МТТлар қуришга ва 3 тасини  реконструкция қилишучун қўшимча 43,2 млрд. сўм, 6та давлат хусусий шерикчилиги асосида 60 та оилавий боғча ташкил этиш учун 8,2 млрд. сўм субсидиялар ажратиш ҳисобидан қамровни 80 фоизга етказамиз.

Ҳурматли юртдошлар!

Барчангизга маълумки, вилоятимизда олий таълим муассасалари сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Ҳозирги пайтда 4 та университет, 1 та институт фаолият кўрсатмоқда. Жиззах тарихида ҳали бунча кўп олий таълим муассасалари бўлмаган ва уларда шунча кўп фарзандларимиз таълим олмаган эди. Ушбу олий таълим муассасаларида 35 минг 287 нафар ёшлар билим олишмоқда, шундан 34 минг 119 нафари бакалавриат ҳамда 1 минг 168 нафар магистратура босқичларида таҳсил олмоқда.

Ёшларнинг илмга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш мақсадида яна бошқа мутахассисликлар бўйича таълим йўналишларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

Ўқишни хоҳлаган ёшларнинг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий таълим олишларини рағбатлантириш мақсадида сиртқи таълим шакли қабул параметрларини 1845 тадан 7380 тага ошириш кўзда тутилмоқда. Туманлар кесимида сиртқи ва кечки таълимда мақсадли қабул квоталарини ажратиш режалари белгиланган.

Вилоятимиздаги олий ўқув юртлари талабаларига қулайлик яратиш мақсадида 2023-2024 йилларда олий таълим муассасалари томонидан ҳамда давлат хусусий шерикчилиги шаклида 2 600 ўринли талабалар турар жойлари қурилади ва ётоқхона билан таъминлаш 71 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Кадрлар тайёрлашда ҳудуддаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг масъулияти оширилади. Талабалар амалиётлари дуал таълим тамойили (4+2) асосида ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбарининг парламент ва халқимизга Мурожаатномасида таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлигини таъкидлади: Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек, "Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади”. Шунинг учун ушбу соҳада бошлаган ислоҳотларимизни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, сифатни ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал қилишимиз зарур. Бу сўзлар ҳар бир раҳбар учун биринчи галда бажарилиши лозим бўлган вазифа бўлиб қолади.

Қадрли дўстлар!

Инсон эрки, ҳуқуқларини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини кўтариш, бугунги кун одамлари келажакда эмас, бугун яхши яшаши учун барча зарур ишлар амалга оширилмоқда. 2022 йилда аҳоли учун уй-жой қуриш бўйича йирик дастур ва лойиҳалар бошланди. Жиззах шаҳридаги “Олмазор” маҳалласида вилоятимизда биринчи марта 16 қаватли осмонўпар бинолар қурилди. Мазкур массивда бугунги кунда минглаб оилалар яшамоқда. Бу ерда янгидан транспорт, алоқа, ичимлик ва оқава сув тармоқлари, электр, табиий газ ва бошқа коммуникация тизимлари ишга туширилди. Аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида тадбиркорлик ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилмоқда.

Айнан ўтган йилда Жиззах учун муҳим бўлган яна бир улкан қурилишга асос солинди. “Тошкент — Термез” трассаси бўйидаги Шароф Рашидов туманига қарашли Оқтошота маҳалласида “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши бошланди. Ушбу массивда ҳам 41,3 гектар майдонда 16 қаватли14 та уй қурилади. “Янги Ўзбекистон” массивида яқин келажакда 1120 та оила яшайди. Бу ерда  боғ,мактаб ва болалар боғчаси, савдо, умумий овқатланиш, коммунал ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилади.

Шунингдек, барча туманларда аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган янги тартибдаги турар-жойлар қурилиши давом эттирилади. Айни пайтда 1 385 та хонадонга мўлжалланган 43 та кўп қаватли уйлар қурилиши олиб борилмоқда.Ҳозирги кунга қадар дастурга асосан уй-жойлар қурилишида 885 хонадонли18 та уй фойдаланишга топширилди.

Бундай эзгу ишлар муваффақиятиниг бош омили Давлатимиз раҳбарининг одилона ва оқилона сиёсати, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдир, десак тўғри бўлади. Биз бундан кейин ҳам юртимизда тинчлик ва осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувликни таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз. Халқ билан мулоқотни юқори босқичга олиб чиқамиз.

2022 йилда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида аҳамият берилди. Натижада мурожаатларнинг 36 871 таси ижобий ечим топди.

Тадбиркорлик ва хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш ишларини узвий давом эттирамиз.Диёримизни янада обод ва кўркам қилиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.Эҳтиёжманд оилалар ва ёрдамга муҳтож инсонларни ҳимоя қилишга, аҳоли даромадларини оширишга эътиборни янада кучайтирамиз.

Муҳтарам фахрийлар, опа-сингилларимиз ва ёшларимизга ғамхўрлик кўрсатиш доимо диққатимиз марказида бўлади.

Азиз дўстлар, қадрдонлар!

Биз бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, умр йўлимиздаги янги бир довонга қадам қўймоқдамиз. Ота-боболаримиз “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил” деб бежиз айтмаган. Нотинч дунёда бўлаётган турли воқеалар, хунрезликлар, ташвишли хабарларни эшитиб, Яратгандан Ватанимиз тинчлигини сақлашни, халқимиз омон бўлишини сўраймиз. Жаннатмонанд Ўзбекистонда дориломон кунларга етганимиз учун шукроналар келтирамиз.

Барчангизни кириб келган Янги йил билан муборакбод этиб, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да халқимизнинг барча орзу-ниятлари ушалишини сўраб қоламан! 
Фарзандларимиз, набираларимизнинг бахтли кунларини кўриш ҳаммамизга насиб этсин!

Гўзал ва бетакрор юртимиз тинч, олижаноб, бағрикенг халқимиз ҳамиша омон бўлсин!

 Жиззах вилояти  ҳокими                 Э.Салиев

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!