Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Энг кам ёлғон чақириқ Жиззах вилоятида рўйхатга олинди
18 январь 2023 г 308 Комментарии: 0
ССВ: 2022 йил “Тез ёрдам”га энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент вилоятидан келиб тушган.
“Тез ёрдам” хизматининг энг асосий вазифаси оғир аҳволдаги беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат. Бироқ айрим пайтларда фуқаролардан тиббиёт бригадалари чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бормагани ҳақидаги эътирозларни эшитиб қоламиз. Бунга эса аксарият ҳолларда ёлғон мурожаатлар сабаб бўлади.
Боиси мазкур вазиятда шифокорлар ҳақиқий ёрдамга муҳтож беморлар қолиб, ёлғон қўнғироқ эгаси ва унинг манзилини аниқлаш билан овора бўлади. Бу ҳолат эса ўз навбатида “103” хизмати сифати ва тезлигига салбий таъсир этади.
— Авваллари аҳолидан ёлғон чақириқлар жуда кўп бўлган, — дейди Республика тез тиббий ёрдам марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Юлдашев. — Бироқ коронавирус пандемияси даврида аксарият юртдошларимизда тиббий саводхонлик ва шахсий масъулият ортиб, улар “Тез ёрдам” хизматининг аҳамияти нечоғлик муҳим эканини англаб етди. Натижада бугунга келиб, ёлғон ва асоссиз чақириқлар сони анча камайди.
Рақамларни таҳлил қилсак, 2022 йил “103” хизматига жами 5 минг 446 та ана шундай мурожаат келиб тушди. Қувонарлиси, мазкур кўрсаткични 2021 йил билан таққосласак, улар сони қарийб 2 баробар камайганини кўриш мумкин.
Аммо айрим ҳудудларда ҳамон ёлғон чақириқлар сони юқорилигича қолмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2022 йил давомида энг кўп бундай мурожаат Тошкент вилоятида қайд этилиб, мазкур рақам 1 минг 149 тани ташкил этди. Кейинги ўринда Навоий вилояти қайд этилди — 851 та. Шунингдек, Фарғона вилоятидан 779 та ана шундай мурожаат келиб тушган.
Энг кам ёлғон чақириқ эса Жиззах вилоятида рўйхатга олинди — 20 та!
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!