Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда солиқчи пичоқланган шахснинг ҳаётини сақлаб қолди
02 декабрь 2019 г 2 117 Комментарии: 0
29 ноябрь куни соат 20:25 да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалига пичоқланган шахс келтирилди. Ўз вақтида кўрсатилган биринчи тиббий ёрдам ва жарроҳлик амалиёти сабаб 26 ёшли тадбиркор Р.Ф.нинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Жабрланган шахсни касалхонага Жиззах шаҳар солиқ инспекциясининг бош инспектори Бегали Шербўтаев етказган. Унинг айтишича, воқеа шаҳар ДСИ атрофида содир бўлган. Нотаниш шахс Р.Ф.дан Тошкент шаҳрига кетишга пули йўқлигини айтиб, ёрдам беришини сўраган. Р.Ф. унга 50 минг сўм пул бериб, Тошкентга кетиш манзилини тушунтиргандан сўнг ҳам нотаниш шахс кетмаган. Нияти бузилиб, Р.Ф. нинг қорин қисмига 3 маротаба пичоқ урган. Бу вақтда Бегали Шербўтаев инспекцияга қайтаётган эди. Бир зум ҳам ғаниматлигини англаган солиқчи жабрланувчини шу заҳотиёқ автомобилига миндириб, РШТЁИМ Жиззах филиалига етказган.
Шу тунда шошилинч хирургия бўлимида навбатчиликда бўлган жарроҳ Холиёр Аҳмедовга кўра, бемор қорин бўшлиғида санчилиб кесилган жароҳат билан қабул қилинган. Ички аъзоларига шикаст етмаган бўлса-да, актив қон кетиш рўй бериб, қорин бўшлиғига қон йиғилган. Зудлик билан ўтказилган жарроҳлик амалиёти боис қон кетиш бартараф этилиб, бемор ҳаёти сақлаб қолинган. Ҳозир беморнинг аҳволи қониқарли, гемодинамикаси мўътадил, - деди шифокор.
Бегали Шербўтаев солиқ тизимида 9 йилдан буён хизмат қилиб келмоқда. Бемор халоскоридан бениҳоя миннатдорлигини билдирди.
Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!