» » Самарқандлик одам савдоси қурбони Жиззахдаги нодавлат ташкилот кўмагида Ҳиндистондан қайтарилди

Самарқандлик одам савдоси қурбони Жиззахдаги нодавлат ташкилот кўмагида Ҳиндистондан қайтарилди

03 ноябрь 2018 г 3 234 Комментарии: 0

2018 йил 27 октябрь  куни Миграция бўйича халқаро ташкилоти ҳамда "Istiqlol  avlodi” ННТ кўмагида одам савдосидан жабрланган Самарқандлик 31 ёшли Н. (исми қискартирилди) исмли  қиз роппа-роса  1 йил деганда Ҳиндистон давлатидан ватанга қайтарилди.

2017 йил сентябрь ойларида Самарқанд шаҳрида яшовчи онахон Жиззах вилояти "Istiqlol  avlodi” ННТнинг  0372-222-94-01 рақамли  "Долзарб алоқа тармоғи”га мурожаат қилиб, турмушга чиқмаган, 1987  йилда туғилган, қизи Н. ни Ҳиндистон давлатидан ватанга қайтаришда амалий ёрдам беришни сўраган эди. Мазкур мурожаат юзасидан Н.нинг оила-аъзолари билан суҳбатлашилиб, ҳолатга аниқлик киритилиб, зарурий ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Маълум бўлишича, 2016 йил март ойларида Туркия давлатида ишлаб келаётган Н. нинг "Лайло” исмли (исми ўзгартирилган) таниши уни Истанбул шаҳрига ресторанда салат тайёрлаш ишига таклиф қилиб, ҳар ойга 600 АҚШ доллари тўланишини ваъда қилган. У ишсизлиги  ва оилавий шароити оғир бўлганлиги  учун бу таклифга  рози бўлади. Лайло Самарқанд шаҳрида яшовчи ”Сарвар” исмли йигитни уни олдига юбориб, Туркия давлатига  кетишга  виза расмийлаштириб берган  ва  2017 йил  март ойларида Сарварнинг кузатувида Туркия давлати  Истанбул шаҳрига бирга  жўнаб кетган.

Истанбулда  уларни  Лайло кутиб олиб, ундан фуқаролик паспортини рўйхатга қўйиш учун олиб, ҳақиқатдан ҳам ресторанга ишга жойлаштирган. Орадан 1 ой ўтиб, Лайло уни Тайланд  давлатидаги катта маош тўланадиган ресторанга ишга жойлаштириб кўйиш билан алдаб, уни Тайланд республикаси Бангкок шаҳрига олиб бориб, қаршилик кўрсатишига қарамасдан исловатхонага фоҳишалик қилиш учун жойлаштирган. 

Ўша исловатхонада уни 3 ой фоҳишалик билан шуғуллантириб, етарлича даромад қилгач, Лайло уни катта нарх эвазига Малайзия давлати Куала-Лумпур шаҳридаги исловатхоналарнинг бирига олиб бориб, сотиб юборган.   У ердаги исловатхонада ҳам 3 ой ундан фойдаланишиб, Непал Республикаси Катманду шаҳридаги фоҳишахонага сотиб юборишган.

Катманду шаҳридаги исловатхонада уни 4 ой фоҳиша сифатида ишлатишиб, Ҳиндистон давлати Ҳайдаробод шаҳрида яшовчи, "Карн” исмли ҳиндга сотиб юборишган ва уни чегарадан айланма йўллар  орқали қонунга хилоф равишда давлат чегарасидан ўтказиб, Ҳиндистон Республикасига юк машинада олиб ўтишган.

Ҳайдаробод шаҳрида яшовчи  "Карн” уни  уйида жинсий эхтиёжларини қондириб юрувчи хизматкор сифатида фойдаланиб, уйида тутқинликда сақлаб келган.  У азоб-уқубатларга бардоши етмай, 6 ойдан сўнг яъни 2017 йил сентябрь ойларида унинг уйидан қочиб кетган  ва онасига  қўнғироқ қилиб,  ёрдам сўраган. 

Муҳожирликда оғир вазиятга тушиб қолган Н. нинг бу аянчли қисмати Жиззах вилояти "Istiqlol  avlodi” ННТ мутахассислари  томонидан идентификация қилиниб, одам савдосидан жабрланганлиги  ҳақида  хулоса қабул қилинди ва уни ватанга қайтариш юзасидан зарурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ўрганиб чиқишлик учун Миграция бўйича халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги офисига  юборилди.

Н. билан унга тегишли уяли телефонининг телеграм мессенжери  орқали  доимий алоқа ўрнатилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар бериб  борилди  ва у Хайдаробод шаҳрида ҳиндларнинг уйида хизматкорликка ёлланиб, хавф-хатарсиз ишлаб келаётганлиги  аниқланди.

Жабрланувчи Н.нинг шахсига оид барча ҳужжатлар Деҳли шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Элчихонасига ватанга қайтиш сертификатини расмийлаштириш учун юборилди.  Лекин, Ўзбекистон Элчихонаси масъул ходимлар томонидан зарурий ёрдамлар кўрсатилишига қарамасдан, бир қатор муаммоларга дуч келинди. Яъни Ҳиндистон давлати қонунчилигида одам савдосидан жабрланганлик ҳолатини идентификация қилиш полиция ва суд идоралари томонидан амалга оширилиши белгиланганлиги боис, жабрланувчи  Н. Ҳиндистон давлат чегарасига ноқонуний равишда кирганликда айбланиб, одам савдосидан жабрланган деб топилмади ва унга жиноят иши қўзғатилиши маълум бўлди.   Ҳиндистон давлати қонунчилигига кўра, давлат чегарасидан қонунга хилоф равишда  ўтилса, суд томонидан  5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилар экан. 

Шунга кўра,  2017 йил 29 ноябрь куни "Istiqlol  avlodi” ННТ томонидан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 1-ўринбосари, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика  идоралараро комиссияси раиси Д.А.Назармуҳамедов номига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х.Комилов номига жабрланувчи Н.ни ватанга қайтаришда амалий ёрдам бериш ҳақида хат билан мурожаат қилинди.

Ушбу  Республикадаги юқори турувчи ташкилотларнинг кўмаги билан жабрланувчи Н.ни Ҳиндистон давлати қонунчилигига асосан жиноий жавобгарликка тортиш масаласи полиция томонидан қайта ўрганиб чиқилиб, вазият нисбатан енгиллаштирилди.

Жабрланувчи Н. ни  сотиб олиб,  уйида тутқинликда сақлаб келган, Ҳайдарободда яшовчи "Каран” исмли  ҳинд  уни яна қўлга киритиш мақсадида Н.га туҳмат қилиб, ўғирликда айблади ва полицияга шикоят қилиб, у шериклари билан бир неча ойлаб  излаб юрди.

Жабрланувчи Н. яна тутқинликка тушиб қолишдан хавфсираб, ишлаб келаётган хонадонидан чиқиб кетиб, Деҳли шаҳридаги Ўзбекистондан ишлашга келган танишларини олдига бориб, бошпана топган ва 6 ой мобайнида ҳеч ким билан алоқага чиқмаган.

2018 йилнинг май ойларида жабрланувчи Н. марказимиз мутахассисларига қайта алоқага чиққан вақтида,  унга Деҳли шаҳридаги  Ўзбекистон Элчихонасига мурожаат этишлик тавсия қилинди ва Ўзбекистон элчихонаси масъул ходимлари томонидан тегишли ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилиб, унинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиб борилди.

Деҳли шаҳар суди томонидан жабрланувчи Н. давлат чегарасидан ўзга шахслар томонидан босим остида олиб ўтилганлиги асос  қилиниб, енгиллик қўлланилиб, жарима жазоси қўлланилди.

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни  Деҳли шаҳридаги  Ўзбекистон Элчихонаси томонидан ватанга қайтиш сертификати расмийлаштириб берилди. Аммо, Деҳли шаҳар хорижий фуқароларни рўйҳатдан ўтказиш идораси томонидан жабрланувчи Н.га давлатдан чиқиб кетиш визасини беришда яна номаълум сабабларга кўра муаммолар юзага келди.

Муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 30 сентябрь  ва 01 октябрь кунлари  Ҳиндистон давлатига қилган давлат ташрифлари муносабати билан жабрланувчи Н.га давлатдан чиқиш визасини расмийлаштирилиш жараёни  тезлаштирилиб, қисқа муддатда чиқиш визаси берилди.

Миграция бўйича халқаро ташкилотининг молиявий кўмаги вақтинчалик тўхтатилганлиги боис, жабрланувчи Н. хизматкорлик қилиб ишлаб топган шахсий  маблағи орқали Деҳли-Тошкент авиа йўналиши бўйича 2018 йил 27 октябрь кунига  билет сотиб олди.  

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, жабрланувчи Н. ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштирилиши, виза берилиши ҳамда  авиабилет сотиб олиниш жараёнларида мунтазам равишда  марказимиз ҳуқуқшуносининг ҳуқуқий ёрдамини ва маслаҳатларини олиб турди.

Жабрланувчи Н. 2018 йил 27 октябрь куни соат 20.00 да Ҳиндистон Республикаси Деҳли  шаҳридан Тошкент шаҳрига "Uzbекistan Airways” орқали самолётда соғ-саломат  етиб келди. У шахсан марказ ҳуқуқшуноси томонидан Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортида муваффақиятли кутиб олинди. Кутиб олингач, 2018 йил 28 октябрь куни  соат 02.30 ларда Самарқанд шаҳрига яшаш манзилига кузатиб олиб борилиб, ота-онасининг ихтиёрига топширилди.

Жабрланувчи Н. ва уни ота-онаси Миграция бўйича халқаро ташкилоти ва Жиззах вилояти "Istiqlol  avlodi” ННТ раҳбар ва ходимларига кўрсатилган ёрдамлар учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Жабрланувчи Н.ни ҳаётга ижтимоий мослашишида тиббий, психологик ва ҳуқуқий  ёрдам кўрсатилишида ҳамда уни шаҳвоний эксплуатацияга ёллаган шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам олиши учун  Одам савдосига қарши курашиш бўйича Самарқанд вилояти идоралараро  комиссиясига йўналтирилди.

Собир Юнусов -

Жиззах вилояти "ISTIQLOL AVLODI”

  ННТ  ҳуқуқшуноси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!