Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Жиззах вилояти тараққиёти ва истиқболи йўлидаги муҳим тарихий ҳужжат

Жиззах вилояти тараққиёти ва истиқболи йўлидаги муҳим тарихий ҳужжат

25 январь 2019 йил
301
0

Президентимизнинг 2019 йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармони ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш йўлида кўрсатилаётган доимий эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Фармонда 2019 йил 1 мартдан бошлаб “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси доирасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳудудни жадал ривожлантириш учун илғор қарорларни аниқлаш белгиланган. Шунингдек, республика ва ҳудудий ижро ҳокимияти органларининг жавобгарлик соҳасини аниқлаштириш, ҳудуднинг стратегик мақсадлари, шунингдек, ҳудудий давлат бошқаруви органлари учун мақсадли кўрсаткичларни шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бошқарув тизимида бундай янги усулнинг қўлланиши ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш ва даромадини ошириш, таркибий ислоҳотлар ёрдамида инвестициявий муҳитни яхшилаш, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун шарт-шароит яратиш, иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва саноатнинг янги тармоқларини ривожлантириш, маҳсулот ва хизматлар рақобатбардошлигини оширишга олиб келади.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” дастури доирасида вилоятимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш омили бўлди.

Вилоятда 2018 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7 триллион 138 миллиард сўм, ўсиш суръати 105 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 102,1 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 104,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102 фоизга, чакана савдо айланмаси 107,4 ҳамда жами хизматлар ҳажми 113,3 фоизга етди.

Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши юқорилиги инобатга олиниб, саноат улушини кўпайтириш ҳисобига уни диверсификация қилиш талаб этилади. Амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида 2019 йилда ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улушини 17,5 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Ўтган йили вилоятда 43 та янги қўшма ва хорижий корхоналар рўйхатдан ўтказилиб, фаолият кўрсатаётган бундай корхоналар сони 120 тага етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида 1 минг 804 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 21,7 фоизга кўпдир.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йилда 10 миллион 113 минг долларлик саноат ва 34 миллион 504 минг долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари, жами 44 миллион 620 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Натижада экспорт ҳажми 2017 йилга нисбатан 9,5 миллион долларга ёки 127 фоизга ортди.

Ўтган йили эришилган бу натижалар Президентимизнинг “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини амалга оширишга замин бўлиб хизмат қилади.

Белгиланган катта вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилишида тажриба ва эришилган натижалар ҳақида гап борар экан, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз тарихида илк бор ўтган йилнинг 29-30 август кунлари Жиззахда ўтказилган Халқаро инвестиция форуми ҳудудни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ғоят муҳим тадбир бўлганини алоҳида таъкидлаш керак. Форум доирасида 833 миллион долларлик 28 та инвестиция шартномаси имзоланди. Бу давлатимизнинг ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган изчил сиёсати туфайли инвестициявий муҳит яхшиланаётганидан далолат беради. Инвестиция муҳити яхшиланаётгани эса иқтисодий фаолиятни рағбатлантиришга, саноатнинг янги тармоқларини ривожлантиришга, маҳсулот ҳамда хизматларнинг рақобатбардошлигини оширишга олиб келмоқда.

“Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқалар билан ўзаро тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ваколати берилиши инвестициялар жалб этишни яна яхшилайди.

Фармонда “Бир қишлоқ – битта маҳсулот” тамойили бўйича талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни жадал яратиш белгилангани аҳолисининг 53 фоиздан кўпроғи қишлоқ ҳудудларида яшайдиган вилоят учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундай тамойил қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш ва даромадини оширишга олиб келади.

Ушбу ҳужжатда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг кафолати бўлган иқтисодиёт билан чамбарчас боғлиқ равишда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг ҳам аниқ йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, сув, газ ва электр таъминоти, канализация тармоқлари, йўл инфратузилмаси соҳасида амалга ошириладиган ишлар барча масалаларга комплекс ёндашилганини кўрсатади. Буларнинг барчаси ушбу фармон вилоятимиз тараққиёти ва истиқболи учун муҳим тарихий ҳужжат эканини тасдиқлайди.

Олим САТТОРОВ,

Жиззах вилояти Иқтисодиёт ва ҳудудларни

комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар