Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Францияда Жиззах вилоятининг «Илғор ҳудуд» лойиҳаси тақдимоти ўтказилди
18 январь 2019 г 2 642 Комментарии: 0
Ўзбекистон ва Франция ўртасида минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида Жиззах вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Азим Ахмедхаджаев бошчилигидаги делегация Францияга ташриф буюрди.
Ташриф дастурига мувофиқ республикамиз вакиллари Франция Республикасининг илғор компания ва корхоналари, ҳамда агентликлари билан бир қатор учрашув ва музокараларни ўтказдилар.
«MEDEF International» Француз корхоналари ҳаракати қароргоҳида ТИВ, Франция ривожланиш агентлиги (ФРА), «Dentons» компаниялари (юридик ва консалтинг хизматлар), «Itron» (газ, сув ва электрэнергия ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш), «Sanofi» (фармацевтика) вакиллари иштирок этган учрашувлар доирасида «Франция-Ўзбекистон» ишбилармонлар кенгаши раиси Кристоф Фонтен ўтган йил Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янада ривожланиши учун самарали бўлганлиги таъкидлади.
Хусусан, у ўзбек-француз ҳамкорлигининг жадаллашиши учун тарихий даврни бошлаб берган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида Францияга қилган расмий ташрифининг натижаларини юқори баҳолади.
Ўзбекистон томони Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги Фармонида белгиланган устувор вазифаларини таъкидлади.
-MEDEF International» раҳбарининг ўринбосари Жеральдин Лембле инвестицион муҳитнинг таркибий ислоҳотлар ва минтақа аҳолининг даромадларини ошириш орқали яхшиланиши, «Битта ҳудуд – битта маҳсулот» тамойили асосида талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун тезкор шароитлар яратилиши француз компаниялари учун жуда муҳим эканлигини таъкидлади.
-Франция томони туризм ва тегишли инфраструктурани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, фармацевтика маҳсулотлари ҳамда иқтисодиётнинг бошқа истиқболли соҳаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича Жиззах вилояти билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдиради,- дейди «Франция-Ўзбекистон» ишбилармонлар кенгаши раиси Кристоф Фонтен.
Шу муносабат билан, Франция томони 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегациянинг ташрифини режалаштирмоқда.
Ўз навбатида, Франция ривожланиш агентлигининг вакиллари натижалари бўйича имтиёзли молиялаштириш ажратилиши белгиланган Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасидаги лойиҳаларининг ТИА ишлаб чиқилишининг навбатдаги босқичи тўғрисида маълумот бердилар.
Учрашувлар натижаларида қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тибиёт, сайёҳлик, АТ инфратузилмаси ҳамда Жиззах вилоятида ишлаб чиқиладиган товарларнинг экспортини ривожлантиришни қўллаб–қувватлаш ва инвестицияларни жалб қилиш ҳамда савдо ҳамкорларини кенгайтириш масалаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида «MEDEF International» ва Жиззах вилояти ўртасида Келишув имзоланди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!