» » Зомин таассуротлари

Зомин таассуротлари

17 июль 2019 г 2 170 Комментарии: 0

Зомин туманидаги сўлим ва баҳаво маскан – Ўриклисой оромгоҳида 3-5 июль кунлари мамлакатимиз ёш ижодкорларининг анъанавий семинари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан жорий йилнинг апрель, май, июнь ойларида ёш ижодкорлар семинарининг ҳудудий босқичларида сараланган ёш қаламкашларнинг 80 нафари анжуманнинг республика босқичида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Ёш ижодкорлар ўз вилоятларига бир дунё таассурот ва илҳом билан қайтишди.
ЎзА мухбири Республика ёш ижодкорлари анъанавий Зомин семинарининг айрим иштирокчилари билан боғланиб, таассуротлари билан қизиқди.
Кумуш ЎСАРОВА, Самарқанд вилояти:
– Бу йилги ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинарига ҳужжат топширар эканман, кўнглимдаги занглаб ётган туйғуларни янгилагим, уйғотгим келганди. Бу семинарга, Ўриклисойга болалигимни излаб бордим... Эсимда, илк марта мактабда ўқиб юрган чоғларимда ўша вақтдаги Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Туроб Мақсуд бизни ёш ижодкорларнинг семинарига томошага олиб борганди. Ўшанда бола эдим, уй соғинчи на тирик шоирларнинг суҳбатини тинглашга, на тенгдошларимга эш бўлишга қўярди. Атрофни ўраб турган минг аскарли қўшиндай тоғ қўйнидаги арчалар менга илҳом эмас, худдики ваҳима бағишларди.
Ўша кунларимни бесамар ўтказганимни йиллар ўтиб билдим. Мен билган ўша кундаги кечалари олов атрофида тиззасини қучоқлаб шеър ўқийдиган, бирор асар устида талашиб-тортишадиган кўплаб адиблар бугун орамизда йўқ... Бу сафар ҳамма қўрқинчларни, тоғ сайлини унутиб, ижодни, болалигимни излаб бордим. Йўл-йўлакай бир нималар қоралаб бордим... Кўнглим тўлмади.
Ўриклисой шоир, ёзувчиларга тўлди. Яна бир нималар қораладим, яна кўнгилга қарши келди. Устозлар томонидан топшириқлар, маҳорат дарслари ўтилди. Ёз дейишди. Ёздим! Яна кўнгил бўлмади. Мана, семинар тугади. Ҳеч нарса ёзмадим. Кўнгил тўлмайди, дедим. Аммо семинардан, ижодкорлар даврасидан кўнглим тўлди! Менга муҳими шу эди. Ҳали бу суҳбатларнинг самараси йиллар давомида халқнинг кўнгли тўладиган асарлар билан бойийди, насиб айласа...
Санжар ЭШМУРОДОВ, Қашқадарё вилояти:
– Ижодкор қалбига саёҳат қилиб кўрганмисиз? Унинг қалби – Зомин тоғларидек асрий пурвиқор буюк дардлар билан ўралган. Унда тоғ қирларида очилган гул-чечаклардек меҳр-муҳаббат, некбин туйғулар барқ уриб туради ҳамда шохлари тумтароқ ўсган дарахтлардек саркаш хаёллар билан тўлиб-тошган. Баланд чўққилардан сизиб, Зомин тоғлари ўртасидан оқиб ўтаётган “Ўриклисой”дек инсон руҳининг энг юксак нуқтасида пайдо бўлувчи ижод, илҳомнинг зилол томчилари оқиб туради.
photo_2019-07-16_19-54-50.jpg
Бизга ижодий илҳом берган Республика ёш ижодкорлари анъанавий Зомин семинарига борганимда гўё ўз қалбимга саёҳат уюштиргандай бўлдим. Тенгдошларим, ака-сингилларимнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлиб, устозларнинг ўгитлари, сара асарларини ўз овозида тинглаб, бадиий сўзга бўлган меҳрим ва ҳурматим янада ошди. Ўзбек адабиётининг қанчалик салмоқли, улуғ маскан эканини қалбан ҳис қилдим.
Айниқса, сой бўйидаги сўриларда устоз ижодкорлар – таниқли шоир, ёзувчи ва публицистлар билан бўлган адабий, ҳаётий ва дилдан қурилган суҳбатлар ёш ижодкорлар учун унутилмас, ижодий юксалишлари учун қимматли лаҳзалар бўлди. Уч-тўрт қоғозни қоралаб, ўзини шоир ва ёзувчи санаб юрган ёшлар буюклар қошида, бу ибораларнинг салмоғини теранроқ англаб етишди. Қаламкашлар ушбу суҳбатлар асносида ўз қисмати, аниқ мақсад ва орзу интилишларини белгилаб олди.
Бир сўз билан айтганда, қисқа фурсат давом этган ушбу семинар менинг ҳаётимда унутилмас воқелик сифатида муҳрланиб қолди. Келгусидаги муваффақиятларимда ундан олган таассурот ва тажрибаларим муҳим аҳамият касб этишига ишонаман. Аминманки, семинарда иштирок этган Зомин гўшаси каби ижодкор қалбига эга ёшлар кун келиб, албатта, буюк ёзувчи, шоир ва публицистларга айланиб, ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Отабек БАКИРОВ, Тошкент вилояти:
– Тошкентнинг жазирамасидан сўнг Дўрмон ижод муҳитининг сокинлиги руҳни тетиклаштиради. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари шу ердан бошланди. Биз у ерда барча ҳудудлардан келган йигит-қизлар танишиб, фикр алмашиб, шеър ўқиб дарахтларга уйқу бермадик. Думалоқ стол атрофида бошланган мушоира семинарнинг бошланишига илк қадам бўлди. Сўнг сулув Зомин тоғлари томон йўл олдик.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти, устозлар иштирокида аввал атоқли давлат арбоби, адиб Шароф Рашидов ҳайкали, сўнгра Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним сиймолари пойига гул қўйилди. Рамзий маънода улардан оқ фотиҳа олдик. Янгиланиб бораётган Жиззах чиройидан кўзимиз қувнади.
photo_2019-07-16_19-33-36.jpg
Семинарда юздан ошиқ ёшларга маҳорат дарсларини ўтиш, ҳаётий тажрибаларини бўлишиш учун келган 50 нафар таниқли ижодкор, адабиётшунос олимлар ичида Анвар Обиджон, Азим Суюн, Аҳмаджон Мелибоев, Эркин Аъзам, Абдували Қутбиддин, Саъдулла Ҳаким, Баҳодир Каримов, Зебо Мирзо, Хосият Рустамовалар биз билан тоғ ён-бағридаги ижодий жараёнларда бирга бўлди.
Ёшлар ҳам ўз ижодларини баланд пардаларда намойиш қилди. Тенгдошларим Шоҳрух Нажот, Ферузбек Неъматуллаев каби қаламкашлар ўқиган шеърлар кўпларга манзур бўлди.
Семинар ёпилиш маросимининг ўзи бир олам таассурот берди. Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг оталарча насиҳатлари, Эркин Аъзамнинг нишонга бехато урган сўзлари, Абдусаид Кўчимовнинг гулдуракларни уйғотган шеърлари бир умрлик азиз хотира бўлиб қолди. Бу ёғи тақдирлашга уланиб кетди. Ҳар бир иштирокчи сертификат, Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов ҳамда Ҳалима Худойбердиеваларнинг “Танланган асарлар”и, “Ёшларга донолар ўгити” тўплами ҳамда қимматбаҳо совға ва пул мукофоти билан тақдирланди. Гап совғада эмас, гап ёшларнинг эъзозланишида. Бу анжуман бизга улкан масъулият ва вазифаларни юклади. Энди фақат тинимсиз ижод қилиш керак.
photo_2019-07-16_19-33-42 (2).jpg
Муниса АЪЗАМОВА, Навоий вилояти:
– Ҳайрат тасаввуримизга жуда катта оламларни ваъда қилади. Айниқса, бу ҳайратни жонли табиат берса... Зоминдаги тоғ ҳавоси, сувларнинг овози энг инжа туйғуларни қитиқлаётгандек бўларкан. Тоғларнинг баландлиги, савлатини кўриб эса чексизлик ҳақида ўйлай кетасиз. Атрофингизда сизни тушунадиган ижод одамлари, руҳият кишилари бўлгани янада яхши. Семинарнинг асосий кунида ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида-алоҳида сўриларда устоз ижодкорларнинг сабоғини, суҳбатларини олдик. Ҳар қайси иштирокчининг ижодий ишлари ўрганиб чиқилгани, бизга нима кераклигини айнан тушуна оладиган устозларнинг ёнида эканимиз ўзгача ғурур берди. Семинарнинг энг ёдда қоладиган жиҳати, мен учун устоз Зебо Мирзонинг ёзган тақризлари бўлди, дея оламан. Мени нималар қийнаётгани, нималар кераклиги, умуман, айнан ўзимни ўқигандек ўқидим бу тақризни.
Эндиги олдимизга қўйган режалар, интилишлар миқёси ҳам шу эътиборга муносиб даражада бўлиши керак, менимча. Раҳмат сенга Зомин, раҳмат сизга Устозлар!
Дилобар МАМАТОВА, ЎзА
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!