Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » ТЎЙЛАР ҚИЛИНГ МЕЪЁРИДА...

ТЎЙЛАР ҚИЛИНГ МЕЪЁРИДА...

28 сентябрь 2019 йил
372
0


Тўйларни тартибга солиш, ихчамлаштириш ҳамда ортиқча исрофга ишлатилаётган ўша маблағларни янги ёш оилаларнинг келажаги, бахти, фаровон ҳаёти йўлида сафарбар этиш ишлари анча жонланган ва тартибли йўлга қўйилмоқда.

Вилоят телевидениесининг “Баҳс, мунозара, таҳлил” кўрсатувида бўлиб ўтган давра суҳбати айни шу мавзуга қаратилди. Унда сенаторлар, депутатлар, имом хатиблар, маҳалла фаоллари, оқсоқоллар ва психологлар иштирок этдилар. Давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалар, муаммолар ва таклифларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Холида Алимова, сенатор: – Тўй шодиёналари ҳар бир оилага бахт, қувонч олиб келади. Элга ош бериб, куй-қўшиқлар билан икки ёшнинг бахти учун ёки тўйболанинг келажаги учун зиёфат ўтказишнинг ўзига яраша гашти бор. Хурсандчилиги оламга татигулик-куя, аммо унинг ташвишлари ҳам етарлича. Саховатпеша халқимиз харажатлардан чўчимайди, шу ўринда исрофгарчилик, увол нималигини ҳам яхши билишади. Шу кунгача тўй-ҳашамлар, оилавий тадбирлар, маърака ва маросимлар муаммоси жамиятимизнинг энг оғриқли нуқталарига айланди. Буни кенг жамоатчилик билан мулоқотлар, жойларда ўтказилган ўрганишлар ва фуқаролардан тушган шикоятлардан ҳам билиш мумкин. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тўйлар ва кортежлар билан боғлиқ лавҳалар ақли бор одамни ҳушёр торттиради. Ортиқча дабдаба, исрофгарчилик бизни тараққиётдан ортга тортиб келаяпти. Шунинг учун 2018 йилдан бу масалага жиддий эътибор қаратиб, тегишли қарорлар қабул қилганимиздан хабарингиз бор. Лекин биз мазкур ҳужжатларда масъулиятни асосан жамоатчилик, ҳудудлардаги комиссиялар зиммасига юклагандик. Афсуски, натижа кутганимиздек бўлмади. Ўша пайтда дабдабалар бироз пасайгандек туюлсада, қатор-қатор машиналарда сайр қилиш яна авжига чиқди.

Абдумутал Отабоев, имом-хатиб: –Азалдан топганини дастурхонга тўкиб, эл-юртга ош бериб, тўйлар қилиб келган халқимиз сўнгги вақтларда меъёрни унутди. “Бор товоғим, кел товоғим” деб, уят, андиша, ор-номусни ёдидан чиқарди.  Қарз олиб бўлса ҳам дабдаба орқали сохта обрў орттиришга уринмоқда. Қиз оши, қизлар базми, фотиҳа тўйи, катта тўй, суннат тўй, бешик тўй, келин чақирди, куёв чақирди......санайверса одам адашиб кетади.  Ҳар кимни яхши кунларга, тўйларга етказсин. Аммо қийналиб, фарзандлар ризқини қийиб, таъмагирлик қилиб, пора олиб тадбир ўтказиш қанчалик тўғри?

Кексаларимиз дуога қўл очганда, тинчлик-хотиржамликдан сўнг “топган-тутганинг тўйларга буюрсин, ҳаммамизни тўйларга етказсин” деб улуғ ният қилади. Тўй кўрсам, элга дастурхон ёзсам, деган орзуни дилига тугмаган ота-она бўлмаса керак. Бироқ... бутун йиғиб-терганини биргина тўй ва унинг ташвишига совуриб, эртага топажак даромадини эса тўйдан кейинги машмашалару, қарз-ҳаволани қайтаришга сарфлаётган айрим ҳавойи кишиларнинг аҳволидан оғринасан киши.

Нуриддин Бахриддинов, “Нуроний” хайрия жамғармаси вилоят бўлими раисининг ўринбосари: – Тўйлардаги дабдабалар, чиқимларнинг ортиши, маданиятимиз, менталитетимизга тўғри келмайдиган тадбирларнинг кўпайгани ҳақида кўп гапирилаяпти. Аммо бунинг таъсири сезилгани йўқ. Аксинча тўқликка шўхлик, ким ўзарга иш тутиш авж олаётир. Булар етишмовчилик, низо, жиноят, қўйди-чиқдиларнинг асосий сабабчиси бўлмоқда. Никоҳни муқаддас билиб, уни пок сақлаш, ўзини кўз-кўз қилишдан тийилиш ўрнига латта-путта, молу дунё, дабдаба, бекорчи ҳою ҳавас ортидан қувишнинг асоратлари кишини ўйга толдиради.

Яқинда бир қариндошимиз тўй қилди. Тўйдан бир ҳафта ўн кун аввал қариндош уруғни йиғиб, кенгаш ўтказадиган бўлди. Маслаҳатга айтилганларнинг барчаси жам бўлишди. Кимдир гуручини, кимдир ичимлигини кўтарадиган, яна кимгадир тўйхона учун харажатлар бўлинди. Қариндошлар орасида ҳам кимдир ўзига тўқ, бошқаси камхаржроқ. Шунда маслаҳат жанжалга айланди. Кимдир бир пайтлар ўтказиб қўйган тўёнасини рўкач қилса, бошқаси шароитини пеш қилди. Хуллас...катта дабдаба, исрофгарчилик билан қилинмоқчи бўлган тўй маслаҳати тарқаб кетди. Демоқчи бўлганим, ҳамма ўзини шароитидан келиб чиқиб, дастурхон ёзсин.  Камхарж, ихчам қилинган маросим келажак авлод учун ҳам зиён етказмасин. Маҳалла фаоллари, оқсоқоллари ҳамжиҳат бўлиб, ўз вақтида тушунтириш ишларини олиб боришса маслаҳатли тўй асло тарқамайди.

Холида Алимова, сенатор: – Яқинда халқимиз анчадан буён орзиқиб кутган тарихий воқеа бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Шундан келиб чиққан ҳолда низом тасдиқланди. Низомга кўра, бундай тадбирларни ўтказиш тартибига умумий талаблар қўйилди. Унга кўра, оилавий тадбирлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 6.00  ва 23.00 оралиғида ўтказилади. Унда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Шунингдек, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб этадиган оилавий тадбирлардан олдинги, давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (келин навкари, чорлар, ота кўрди, сеп ёйди, қуда чақирди, келин чақирди ва ҳ.к.) ўтказишга йўл қўйилмайди. Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирлар (етти, пайшанбалик, якшанбалик, йигирма, қирқ, ҳайит, йил оши, пул тарқатиш ва ҳ.к.) ўтказилмайди. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма мажлисида бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.  

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар