Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Мирзачўл туманига янги ҳоким тайинланди
02 ноябрь 2018 г 5 272 Комментарии: 0
Куни кеча Мирзачўл тумани Мусиқа ва санъат мактаби биносида халқ депутатлари Мирзачўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари қирқ бешинчи сессияси ўтказилди. Сессия ишида ташкилий масала кўрилди.
Сессияда вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгаши депутатлари, тумандаги секторлар раҳбарлари, туман ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, туман фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов қатнашди.
Сессияда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, туманни ижтимоий - иқтисодий, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ижобий ўзгаришлар ҳамда амалга оширилган улкан қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари тўғрисида сўз юритди.
Жумладан, Мирзачўл туманида “Обод қишлоқ” Дастури доирасида “Ғалаба”, “Дўстлик”, “Мустақиллик” маҳалласи, “Мирзадала” шаҳарчаси ва “Ўзбекистон”, “Боғбон” қишлоқ фуқаролар йиғинларида жами 35,4 км ичимлик сув тармоқлари тортилганлиги, йўллар ҳолати яхшиланиб, 13,0 км асфалтланган, 4,5 км қисмида қум-шағал аралашмали йўл қурилган, 40 км электр тармоқлари тўлиқ янгиланган, 600 та янги электр устунлари қурилган, 15 та трансформатор ва хонадонларга 500 та янги электр ҳисоблагичлар ўрнатилган, кўчаларга янги, замонавий кўринишдаги 380 дона ёритиш тизимлари ўрнатилганлиги, оқова сув тизими янгиланиб, 202 та сув тозалаш иншооти ва оқава сув ҳандаклари қурилганлиги таъкидланди.
Кўчалар ободонлаштирилиб арча ва бошқа манзарали дарахтлар ўтқазилган, 8 км янги лотоклар ётқизилди. 3,0 км табиий газ тармоқлари таъмирланган, 2 та газ тақсимлаш пунктлари янги қурилган, 146 та кўп қаватли уйларга 54 та айвонли тандирхона, 54 та хожатхона ва ҳаммомлар қурилган.
241 та намунавий типдаги арзон уй-жойлар қурилди ва 60 та иссиқхона ташкил этилган.
“Мирзачўл текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан “тайёр тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилиб, 200 нафар қизлар доимий иш билан таъминланган.
1 та йирик чорвачилик комплекси қурилиб 100 бош наслли қорамол келтирилди ҳамда маҳаллий хотин қизларнинг 100 нафари иш билан таъминланган.
Нон ва нон маҳсулотлари тайёрловчи замонавий цех қурилиб, ишга туширилди. 2-, 4-, 5- ва 7-сон мактабгача таълим муассасалари реконстуркция қилиниб, замонавий қиёфа акс эттирилди ва зарурий анжомлар билан таъминланган.
1-сонли умумтаълим мактаби мукаммал таъмирланди. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби реконструкция қилинди. Туман тиббиёт бирлашмаси мукаммал таъмирланди. Туман тиббиёт поликилиника биноси янги қурилиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий мини футбол майдонлари ва 48 та болалар ўйингоҳлари барпо этилганлиги айтиб ўтилди.
Бугунги кунга қадар Мирзачўл тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Холбўтаев Махмуд Парсаматович Давлатимиз Раҳбари ишончлари билан вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.
Вилояти ҳокими Э.Салиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг розилиги билан Холмуродов Комил Адҳамович номзодини Мирзачўл тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг 2018 йил 1 ноябрдаги 753-к-сонли қарори қабул қилинганлиги депутатларга маълум қилди ва қарор овозга қўйилиб, депутатлар томонидан тўлиқ маъқулланди. Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Комил Холмуродов вилоят прокурори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шундан сўнг, сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов туман ҳокими этиб тайинланган К.Холмуродов тўғрисида фикр билдириб, Мирзачўл туманида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида айтиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!