Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ғаллаорол тумани ҳокими вазифасидан озод қилинди
19 октябрь 2018 г 7 129 Комментарии: 0
2018 йилнинг 18 октябрь куни Ғаллаорол тумани ҳокимлигида халқ депутатлари Ғаллаорол тумани Кенгашининг навбатдан ташқари ўттиз еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида ташкилий масала кўрилди.
Сессияда Жиззах вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғанишер Маматқулов қатнашди ва сўзга чиқиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда туман раҳбарияти томонидан йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида сўз юритди.
Жумладан, туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Абдурашид Юлдашовнинг иш тажрибаси, меҳнат фаолияти эътиборга олинган ҳолда, ушбу лавозимга тайинланганлигини айтиб, у фаолиятини дастлабки пайтида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий, қурилиш, коммунал соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, ечимини топиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиб, бирмунча ишларни амалга оширганлигини таъкидлади.
Бироқ, кейинги вақтларда унинг билим тажрибаси етарли бўлишига қарамай, унинг иш фаолиятида сусткашлик, эътиборсизлик ҳамда қўйилган вазифаларга юзаки қараш, қўл остидагилар, туман корхона, ташкилотлари раҳбарлари ва фаолларининг фикрини инобатга олмаслик каби салбий ҳолатлар пайдо бўлиб, устувор масалаларга эътибор қаратиш, кадрларнинг, туман фаолларининг бошини қовуштириш, уларни аниқ мақсадлар учун сафарбар этиш хусусиятлари сустлашиб кетганини, энг асосийси уларни ўз ортидан эргаштира олмаганини баён қилди.
Бу ўз навбатида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, айрим соҳаларда оқсоқликни келтириб чиқарганини маълум қилди ҳамда депутатлар эътиборига мисолларни келтириб ўтди.
Шундан сўнг, Ғ.Маматқулов А.Юлдашевни Ғаллаорол тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Жиззах вилояти ҳокимининг 2018 йил 18 октябрдаги қарорини депутатларга ўқиб эшиттирди.
Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғ.Маматқулов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг розилиги билан Оқбоев Жалолитдин Жамолович номзодини Ғаллаорол тумани ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг 2018 йил 18 октябрдаги қарори қабул қилинганлиги депутатларга маълум қилди.
Шундан сўнг, кун тартибидаги масала юзасидан музокораларга ўтилиб, туман Кенгаши депутатлари ва туман фаоллари ўз фикрларини билдиришди.
Сессия иши якунида туманни 2018-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастурини изчил амалга ошириш бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда ишлар тўғрисида батафсил сўз юритилди.
Шунинг билан халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашининг навбатдан ташқари ўттиз еттинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!