» » Ғаллаоролда сайёр қабул: Фуқаролар мурожаати 4-сектор раҳбари томонидан амалий ҳал этилди

Ғаллаоролда сайёр қабул: Фуқаролар мурожаати 4-сектор раҳбари томонидан амалий ҳал этилди

17 февраль 2023 г 523 Комментарии: 0

Жиззах вилоят 4-сектори раҳбарининг навбатдаги сайёр қабули Ғаллаорол туманининг олис Қўйтош шаҳарчасида бўлиб ўтди.

Туман марказидан 35 км олисда жойлашган ушбу шаҳарчада қарийб 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қўйтош шаҳарчаси кончилик негизида бунёд этилган шаҳарча бўлиб, собиқ иттифоқ даврида марказга республикамиздан вольфрам етказиб берувчи етакчи ҳудуд бўлган. Коннинг ёпилиши шаҳарча кўрки ва аҳолисининг иқтисодий турмуш тарзига ўз таъсирини кўрсатди. 

2018-2019 йилларда шаҳарчада “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳудуддаги маданият саройи, касалхона, болалар боғчаси, 60-умумтаълим мактаби қайтадан таъмирланди. Марказий кўчаларга асфальт ётқизилиб, аҳолига тоза ичимлик суви келтириб берилди.

Куни кеча вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бекзод Тошпўлатов ушбу шаҳарча аҳолиси билан бевосита мулоқот ўтказиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш мақсадида сайёр қабул ўтказди. Дастлаб ҳудуддаги Қўйтош қишлоқ участка шифохонасидаги вазият ўрганилди. Шифохона врач ва ҳамширалари яқин атрофдаги қишлоқлар билан бирга жами 10 мингдан ортиқ аҳолининг саломатлиги учун масъул ҳисобланади. Бироқ 1 дона “Дамас” русумли “Тез ёрдам” машинаси ҳар доим ҳам чақириқларга ўз вақтида етиб боравермайди. Бу эса беморларга кўп ҳолларида ўз вақтида биринчи ёрдамни кўрсатиш имконини бермайди. Шунингдек, айрим тиббий ускуналар етарли эмаслиги туфайли беморлар туман ёки вилоят марказига бориб тиббий кўрикдан ўтишига тўғри келмоқда. 

Сектор раҳбари келгуси ҳафтага қадар аҳолини малакали мутахассислар иштирокида тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқ берди. 

Шундан сўнг, шаҳарча ҳудудидаги “Маданият маркази”да ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан учрашилиб, аҳолининг муаммоларини бартараф этиш, ажратилаётган кредит ва субсидиялар, таълим кредитлари берилиши борасида суҳбатлашилди.  

Сайёр қабул давомида фуқаролардан электр таъминоти, табиий газга уланиш, тиббиёт муассасасини жиҳозлаш, тадбиркорлик фаолиятида дуч келинаётган айрим муаммолар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди.  

Оммавий қабулда кўриб чиқилган масала ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. 

Шундан сўнг, Ғаллаорол туман 4-сектори томонидан 10 нафар кам таъминланган, боқувчиси йўқотган ёлғиз ва ногирон кексалар ҳолидан хабар олинди. Уларга мутасаддилар томонидан харид қилинган бирламчи эҳтиёёж учун зарур бўлган озиқ-овқат махсулотлари етказиб берилди. 2 нафар оилага эса паррандачиликни ривожлантириш мақсадида субсидия асосида инкубатор олиб берилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!