» » Имконият ва шароитдан самарали фойдаланиш лозим

Имконият ва шароитдан самарали фойдаланиш лозим

27 февраль 2023 г 476 Комментарии: 0

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Жиззах вилоятида бўлиб, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишди.

Ва асосийси, ташриф чоғида давлатимиз раҳбарининг вилоятда йирик саноат қувватларини ташкил этиш, иқтисодиётни ривожлантириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга доир ташаббуслари, оддий одамлар билан ўтказган мулоқотлари халқимизнинг кўнглидан жой олди, эртасига ишончини оширди...

Жиззах яқин пайтларгача иқтисодий ўсишда бошқа вилоятларга нисбатан суст бўлиб, пахта толаси ­ишлаб чиқариш саноатнинг асосий ­таянчи эди. Аммо бугун Жиззахда электротехника, оптик тола, автомобиль, мураккаб кимёвий моддалар, энергиятежамкор материаллар ва бош­қа юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти. Йилдан-йилга ялпи ҳудудий маҳсулот кўрсаткичлари ошаётир. Кичик ва ўрта бизнес ҳажми ҳам ўсмоқда. Ўтган йил 27 триллион сўмдан кўпроқ ялпи ҳудудий маҳсулот билан якунланган бўлса-да, аслида бундан ҳам юксак натижаларга ­эришиш мумкин. Зеро, ҳудудда “ўсиш нуқталари” кўп, аммо ҳамма гап улардан унумли фойдаланишда.

Қишлоқ хўжалиги ва саноатга ихтисослаштирилган Жиззах вилоятида 302 та маҳалла бор. Ушбу маҳаллаларда 325 мингта оила яшайди. Вилоятда 791 минг меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлиб, улардан қарийб 56 минг нафари ишсиз. Одамларни иш билан таъминлаш учун ҳудудга инвестиция жалб этиш, янги корхоналар очиш зарур. Президентимиз ташаббуси билан Жиззах вилоятида бунга халал берувчи тўсиқлар бартараф этилмоқда. Қисқача айтганда, ислоҳотлар ўз мевасини бермоқда. Бугун Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган ­саноат корхоналарининг сони қарийб 4,5 мингтага етгани ҳам (улардан 231 таси қўшма корхона) бунинг яққол далилидир.

Ташриф чоғида Президентимиз аҳоли билан учрашди, тадбиркорларнинг илғор ютуқлари билан танишди, муаммолар билан қизиқди ва уларни ечиш йўлларини кўрсатди. Аслида ҳам шундай, одатда яхши таклиф ва муаммоли масалалар самимий мулоқот ва суҳбатларда етилади ва ечимини топади.

Сафар дастуридаги биринчи ­манзил — Пахтакор туманидаги ­“Пахтакор элита уруғчилиги” фермер хўжалиги бўлди.

Одамларнинг ерга, меҳнатга муносабати тубдан ўзгарганини ушбу хўжалик фаолияти мисолида ҳам яққол намоён. Хўжалик майдони 100 гектар бўлиб, шундан 80 гектарида пахта ва ғалла, қолган қисмида соя, саримсоқпиёз, беда экилган. Дала четида тут, узум, полиз ва дуккакли маҳсулотлар парваришланмоқда. Асалари уялари қўйилган. Ҳатто енгил конструкциялардан дала уйи қурилган. Унинг томига эса қуёш ­панеллари ўрнатилган.

Бир қарашда вилоятда қишлоқ хўжалигидаги аҳвол рисоладагидек. Аммо бу вилоятнинг аграр тизимидаги ислоҳотлар кўрсаткичлари мақтангулик даражада дегани ҳам эмас. Даладаги учрашувда давлатимиз ­раҳбари мутасаддилар, олимлар, клас­тер ва фермерларга ҳосилдорликни ошириш учун тегишли кўрсатмалар берди. Бундан кўзланган мақсад — аҳолини рози қилиш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва даромадларни оширишга эришишдир.

Ернинг тилини биладиган мутахассисларнинг ёнига аграр соҳага оид замонавий билимларни чуқур эгаллаётган ёшларни, маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасининг етук мутахассисларини жалб қилиш, уларнинг фаолиятини бирлаштириш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Шу маънода, кластер бугун аграр тизимнинг локомотивига айланган. ­Президентимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан мулоқотда ҳосилдорликни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар бергани бежиз эмас. Негаки, кластерлар ислоҳотларга муносиб бўлиб, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, корхоналар очиш ва касаначилик орқали ўз ҳудудида ишсизликни камайтиришга ҳисса қў­шаётир. Кластер усули — пахтани етиштириш, қайта ишлаш, арзон нарх­да пуллаш ўрнига, ўша жойнинг ўзида хомашёни тайёр маҳсулотга ай­лантириш ва уни хорижга халқаро ­бозор нархида сотиш, демакдир. ­Натижада деҳқон, қайта ишловчи ва сотувчи бирдек даромад кўради.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, 2017 йилда Ўзбекистонда биттагина пахта тўқимачилик кластери бўлган. Бугунги кунга келиб уларнинг сони 134 тага етди. Бу фақат пахтачиликнинг ўзида.

Маълумки, юртимизда ишсиз ­фуқароларга деҳқончилик учун ерлар ажратилмоқда. Жиззах вилоятида бу орқали 13 мингдан зиёд ёшларнинг бандлигини таъминлаш мўлжалланган. Ваҳоланки, бир пайтлар бир гектар ерни халққа бериш мумкин эмасди. Ҳозир Президентимиз ташаббуси билан 200 минг гектар ажратилди. Мақсад — одамларнинг даромад топишига эришиш.

Кейинги пайтларда бутун дунё тажрибаси эркин иқтисодий зоналар барпо этиш манфаатли эканлигини исботламоқда. Шу маънода айтсак, олдинлари Жиззах вилояти саноат кўрсаткичи аҳоли жон бошига энг паст бўлган ҳудудлардан бири эди. Бугунги кунда ҳар бир туманга саноат кириб борди.

Президентимиз “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди. “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 27 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг 300 га яқин иш ўринлари яратилган. Охирги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, бизнес учун қулайликлар янада кенгайтирилди. Ҳозир бу ерда кўп турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар қаторига 2022 йилнинг октябрида “Iruskon” қандолат корхонаси ҳам қўшилди. ­Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёнини, маҳсулотларни кўздан кечирди. Корхонада Россия, Туркия, Германия ва Италия тажрибаси асосида “Deya” бренди билан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қуввати 12 минг тонна. 100 га яқин кишилар иш билан банд. Келгуси йил иккинчи босқич учун Германия ва Туркиядан яна 5 миллион долларлик ускуналар олиб келиш режа­лаштирилган. Бунинг натижасида яна 550 нафар янги иш ўрни яратилади.

Умуман айтганда, иқтисодий зонада бунга ўхшаш фойда келтираётган корхоналар талайгина. “Жиззах” ЭИЗда яна 14 лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 5 таси жорий йилда ишга туширилади.

Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод камолотига қаратаётган юксак эътибори, олийгоҳларда таълим олиш учун яратилган қулай шарт-шароит ва имкониятлар вилоятимиз ёшларининг илм-фанга меҳрини тобламоқда, ­десак, асло муболаға бўлмайди. Бу сафар ҳам шундай — Президент ­Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети филиалида бўлди. Мазкур университет Россиядаги энг қадимий ва кенг қамровли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Унинг Жиззах ­филиали ўтган йили иш бошлади ва бугунги кунда 325 нафар талаба ­таълим олмоқда. Умуман, муассаса 1 минг 88 ўринли. Бу ерда даволаш иши, стоматология, фармация, тиббиёт биокимёси, журналистика, иқтисодиёт, геология, тилшунослик, дастурий муҳандислик, ахборот тизимлари ва технологиялари ҳамда ­технологик жараёнлар ва ишлаб ­чиқаришни автоматлаштириш каби 11 йўналишда мутахассис тайёрланади. Аҳамиятлиси, давлатимиз ­раҳбари муассаса учун қўшимча бино ажратиб, қулайликларни кенгайтириш бўйича кўрсатма берди.

Жиззахда энг тез ўсаётган саноат тармоғи, бу — қурилиш ва энергиятежамкор материаллар ишлаб ­чиқариш. Охирги беш йилда бу соҳада 180 та янги корхона ташкил этилган, 900 миллион долларлик 210 та лойиҳа ишга туширилган. Бунинг ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баравар ошиб, импорт бўлаётган 110 миллион долларлик маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди, экспорт эса 7 баравар кўпайиб, 35 миллион долларга етди.

Жиззах замини ресурсларга жуда бой. Улардан унумли фойдаланиш, ишлаб чиқаришга янги, замонавий технологияларни татбиқ этиш, хорижий ҳамкорлар сафини кенгайтириш пайидан бўлиш зарур. Бинобарин, ҳақиқий тадбиркорман, деган одам, аввало, жаҳон бозорини кўзлайди. Масалан, вилоятда биргина базальт захираси 26 миллион тонна бўлиб, республикадаги жами захиранинг 25 фоизини ташкил қилади. Лекин булар илгари умуман ишлатилмаган. Ҳозир эса базальтдан ­талаб юқори бўлган 7 хил замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ва Фориш туманида 6 та корхонадан иборат яхлит кластерга айланди.

Шу билан бирга, Бахмал, ўалла­орол, Шароф Рашидов, Зомин, ­Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва ­Янгиободда базальт, цемент, керамзит, шиша ва минерал хомашё захирасига бой 200 га яқин конлар бор. ­Президент уларга тадбиркорларни жалб қилиб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Бу йил қурилиш материаллари бўйича 460 миллион долларлик 31 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Энергетика таъминотини яхшилаш масаласи ҳам доимий эътиборда. Жиззах вилоятида камида 2 минг мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари учун салоҳият бор. Бундан унумли фойдаланилса, 270 мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилади. Натижада 236 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади ва жами 71 миллион куб метр газ тежалади.

Хусусан, ўаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компаниясининг 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 мегаватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади. Келгуси йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт-соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.

Юртимизда энергия истеъмолининг деярли ярми бино-иншоотлар ҳиссасига тўғри келади. Шунинг учун ҳам ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 мегаватли, саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 мегаватли қуёш панеллари ўрнатиш мумкин. Аҳоли хонадонларига 8 мегаватли қайта ­тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун жозибадор шароитлар яратилади. Тадбиркорларнинг ўз ­эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 мегаватли қуёш панеллари қуриш ташаббуслари қўллаб-қувватланади.

Ёки Зафарободда бу йил жами 2 мегаватли иккита кичик ГЭС қурилади ва бу йил 2,4 миллион киловатт-соат электр ишлаб чиқарилади. Осиё тараққиёт банки билан бирга Форишда 150 мегаватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳаси бошланади. Бу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт-соат электр ишлаб чиқаради.

Шунингдек, Жиззах шаҳрида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ­ишлаб чиқарувчи когенерация маркази қурилади. Демак, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг энергияга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади.

Президентимиз Жиззах вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди. Халқимиз фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш бундан кейин ҳам устувор йўналиш бўлиб қолиши таъкидланди. Мазкур топшириқлар асосида ишлаб чиқиладиган дастур ва режалар ижроси доирасида бажариладиган ишлар вилоятнинг саноат, тадбиркорлик, таълим ва маданият соҳаларида ўз ўрнини мустаҳкамлашига, юзлаб янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли даромадлари ошишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши, шубҳасиз. Зеро, қалби яратиш иштиёқига тўла, мақсадлари улуғ вилоятимиз аҳолиси ҳар қандай маррани забт этишга қодир.

Шaвкaт ШAРИПОВ,

Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!